Мақолалар

Илм-маърифат, огоҳлик, ҳушёрлик жаҳолатга қарши курашишда мустаҳкам пойдевордир муносабат

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 17-феврал куни Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилиб, дин соҳаси вакиллари, уламолар билан очиқ ва самимий суҳбат қургани бежиз эмас. Зеро, Бухоро илм-маърифат ва илоҳиётнинг ривожланишига улкан ҳисса қўшган, Ўрта асрлар мусулмон оламида “Қуббат ул-ислом” (“Ислом динининг гумбази”), “Бухорои шариф” (“Шарофатли шаҳар”) номлари билан шуҳрат топган. Бу гўшада азалдан илм-фан зиёси чарақлаб туради.

Ер юзида шариф шаҳарлар саноқли. Бухоро – ана шундай юксак мақомга эга бўлган дурдона ошиёнлардан бири. Бухорои шариф – “Илм маскани”, “Зеб-у зийнат шаҳри”, “Фахрли шаҳар”, “Очиқ шаҳар”, деган маъноларни ҳам англатади.

Давлатимиз раҳбари ҳар сафар Бухорога ташриф буюрар экан, кўҳна ва ҳамиша навқирон кентнинг ана шундай файз-у тароватидан мутаассир бўлади. Бу табаррук заминда пайдо бўлиб, бутун дунёга кенг ёйилган илм-фан, маърифат нурларидан халқимизнинг баҳрамандлигини янада ошириш бўйича қатор таклиф ва ташаббусларни илгари суради.

Президентимиз бу сафарги уламолар билан суҳбатда ҳам дин соҳасида эришаётган ютуқларимизни, мавжуд салоҳиятни эзгу мақсадларимиз йўлига сафарбар этиш, бу борада буюк боболаримиз меросига таяниш, диний таълимни амалиёт билан боғлаш лозимлигига урғу берди:

– Охирги йилларда ҳамма соҳалар қатори дин бўйича ҳам очиқлик, эркинлик берилди, бир нечта илмий марказлар ташкил этдик. Лекин булардан халқимизга нима манфаат бўлаяпти? Манфаат шундай бўлиши керакки, бу салоҳиятни жамиятга етказиш керак. Бухорий, Мотуридий, Марғиноний каби буюк боболаримиз меросига таянган ҳолда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарур. Бунинг учун диний таълимни амалиёт билан боғлаш, илмий марказларимизни дунёда етакчиларга айлантириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳақиқатан ҳам, ушбу эзгу йўлда барча имконият ва шароитларимиз бор. Аллоҳ таолога шукрки, юртимиз тараққиётининг янги даврида буюк мутафаккирлар меросини асраб-авайлаш, тадқиқ этиш ва халқимизга етказиш ишлари кенг жабҳада амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги олти йилда фаолият бошлаган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бу борада янги уфқларни очмоқда.

Буюк алломаларимиз асарлари нафақат минтақамиз, балки бутун мусулмон дунёси учун ҳидоят маёғидир. Шу боис, уларнинг илмий меросини, қолдирган битикларини ўрганиш ва келажак авлодга етказиш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан саналади.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муин Насафий ва Маҳмуд Замахшарий сингари табаррук зотларнинг асарлари муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятидан сабоқ беради. Халқимизни, айниқса, ёшларни тўғри йўлдан адашмасликка, мутаассиблик, алдов, хиёнатдан узоқ бўлишга, Ватанни севиш ҳамда кўз қорачиғидек асрашга ундайди.

Таассуфки, бугун айрим кимсалар хориждан туриб, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали юртимиз ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган, асоссиз маълумотларни, турли иғволарни тарқатмоқда. Бундай ахборот хуружларидан мақсад одамларни ҳаловатсиз қилиш, қалбига ғулғула солиш, эртанги кунга, мамлакат келажагига ишончсизлик уйғотишдан иборат.

Аниқки, бундай қора ниятли кишилар ўз чиркин муддаоларига асло эриша олмайди. Чунки уларнинг даъволари сохта, иддаоларининг мағзи пуч. Қалб кўзи очиқ, билими бор, дунёдан хабардор киши борки, буни тезда яққол англайди.

Президентимиз таъбири билан айтганда, бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас…

“Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган даъваткор ғоя ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Биз айни шу асосда халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, инновацион тараққиёт борасида муҳим қадамларни қўймоқдамиз.

Халқимиз бағрикенг, яхшиликни қадрлайди, жонажон Ватанимизни севади. Зотан, бу фазилатлар аждодлардан авлодларга, қондан-қонга ўтиб, миллий қадриятга айланиб кетган.

Шу билан бирга, муқаддас китобларимизда, ҳадиси шарифларда, мутафаккир боболаримиз ўгитларида ватанпарварлик, мардлик, жасорат улуғланади.

Кишининг ўз юртига меҳр-муҳаббатли бўлишига тарғиб қилиб, Имом Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи шундай деганлар: “Инсон ўз туғилиб ўсган ерини ва ундаги нарсаларни, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам, яхши кўради. Ватанга бўлган муҳаббат – инсон қалбидаги туғма табиатдир. Бу нарса инсонни Ватанида бўлганида хотиржам, мусофирликда соғинадиган, унга ҳужум қилинганда ҳимоя қиладиган, ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди”.

Ватанни севишимизга бир қанча сабаблар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло тақдиримизни шу ерга битди. Шу Ватанда туғилиб ўсдик, тарбия топдик. Она юртда қариндошларимиз, яқинларимиз яшайди.

Шунинг учун ҳам киши ўз юртидан узоқлашганда, уни қўмсайди ва соғинади. Ислом тарихидан маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ватанлари Маккаи мукаррамани яхши кўрар эдилар. У Зот ёлғиз Аллоҳга имон келтиришга даъват қила бошлаганларидан сўнг Макка мушрикларининг зулмлари ҳад­дан ошиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жонларига қасд қилиш даражасига борганларидан сўнггина Аллоҳнинг буйруғига биноан, Маккадан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Чиқиш вақти келганида, кўзларига ёш олдилар, кўнгиллари бўшаб, Маккага қараб бундай дедилар: “(Эй Макка), сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим” (Имом Термизий ривояти).

Демак, биз ҳам Ватанимизни жон дилдан севишимиз, унга четдан отилган тошни кўкрагимизга теккандек ҳис қилишимиз, туҳматчи ва иғвогарларга асосли жавобларни беришимиз керак.

Давлатимиз раҳбари Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасаси фаолияти билан танишиб, бу ердаги домлалар, талабалар билан суҳбатда ҳам айни масалага эътибор қаратди. Диний таълим сифатини ошириш, уни амалиёт билан боғлаш бўйича фикрлар билдирди.

– Бундай узоқ тарихга эга таълим даргоҳлари жуда кам. Бугун унинг шароитини яхшилаб, тарихий адолатни тиклаганимиз хайрли иш бўлди, деб ўйлайман. Демократик ислоҳотларимиз натижасида диний соҳага ҳам эркинлик эпкини кириб келди. Шу билан бирга, ахборот макони ҳам очиқ. Интернетда илмий асоси бўлмаган турли талқинлар ҳам бор. Лекин уларни тажрибасиз ёшлар қаердан билади? Буни сизга ўхшаган илмли кишилар, имом-хатибларимиз исботлаб, тўғри тушунтириб бериши керак, – деди Президентимиз.

Дарҳақиқат, ахборот глобаллашуви туфайли турли мафкуравий таъсирлар, айниқса, ёшлар тафаккурини эгаллашга қаратилган ғаразли хуружлар тобора кучайган бугунги даврда бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Юртимизда ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий тарбия­сини тўғри шакллантириш, уларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, онгу тафаккурини юксалтириш маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг асосий йўналишларидан биридир.

Давлатимиз раҳбари талабалар билан мулоқотда “Сувда чўкмайдиган, ўтда ёнмайдиган ягона нарса – бу билим”, деган иборани келтирди. Зеро, ислом динида ҳам ёшларни илм соҳиби этиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказишга катта эътибор берилади. Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк бор нозил этилган оятлар инсонни ўқишга, илм олишга тарғиб қилади. Қуръони каримда ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида илмга тарғиб этувчи кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд.

Илм-маърифатли бўлишнинг фазилати нечоғли юксак экани барчага маълум. Илм билан дунё обод, инсоният ҳаёти фаровон, илмли кишининг йўли доимо нурафшон бўлади. Шу боис, илм исташ, унга етиш йўлида машаққат чекиш энг савобли амаллардан саналади. Ислом динида илм деганда ҳам диний, ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда: “Сиз­ларнинг энг яхшингиз бу дунёни деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга қарам бўлмаганингиздир” (Имом Дайламий ривояти) дейилган.

Президентимиз ўзаро мулоқотда халқимизнинг “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” деган мақолини эслатиб, ҳозирги кундаги ғоявий таҳдидларга қарши барча бир бўлиб курашиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Шундай экан, тинчлик учун, уни асраб-авайлаш учун барча масъул. Бу, ўз навбатида, доимий ва қатъий ҳаракатларни талаб этади.

Шу ўринда биз, дин пешволари, уламолар ва имом-хатиблар ўз олдимизга қатъий мақсадларни қўйган ҳолда халқимизни, айниқса, ёшларни ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш ва тинчликни таъминлашга дахлдорлик ҳиссини чуқур англашимиз зарур.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳобаи киромлар: “Ё Расулуллоҳ, биз Аллоҳ таолога дуо қилганимизда кўпроқ нимани сўрайлик?” деб сўрашганда, Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳ таолодан офият (тинчлик, хотиржамлик) сўранглар”, деганлар.

Шуларни ҳис этарканмиз, фарзандларимиз, набираларимиз бахти учун яшайлик, уларнинг ёшлик йиллари саодатли замонга тўғри келганини уларга англатайлик, буларнинг барчасига тинчлик неъмати туфайли эришилаётганини билдирайлик. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси муборакларида: “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”, деганлар (Бухорий ривояти).

Қайд этганимиздек, таълим-тарбия ишига масъул бўлган барчанинг зиммасида фарзанд тарбияси, уларни илмли-маърифатли қилиб вояга етказиш ҳамда турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишидан муҳофаза этиш масъулияти бор. Ҳадисларда хар бир инсон қиёмат куни ушбу масъулиятдан сўралиши таъкидланади.

Шундай экан, ёшларимизнинг имон-эътиқодларини мустаҳкам қилиб, чиройли тарбия бериб, уларни турли ёт ғоялардан асраб, нотўғри йўлларга кириб қолишидан эҳтиёт қилсак, дунё-ю охират саодатига эришамиз, инша Аллоҳ.

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2023-йил 25-феврал, 39-сон

Read 880 times

Мақолалар

Top