Мақолалар

Тил ва қалб зикри

Пойдевор устига девор бино қилингани каби, барча мақом ва қоидалар зикрнинг устига бино қилинади. Имом Нававий роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Уламолар қалб ва тил билан зикр қилишни бетаҳорат, жунуб кишиларга ҳам, ҳайз ва нифос ҳолатидаги аёлларга ҳам жоизлигига ижмо қилганлар. Зикр деганда тасбиҳ, таҳмид, такбир, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтиш, Aллоҳ таолога дуою-илтижо қилиш каби нарсалар назарда тутилади. Қуръон карим тиловати зикрларнинг энг аълоси ҳисобланади. Лекин жунуб, ҳайз ва нифос ҳолатидаги кишиларга Қуръон каримни тили билан зикр қилиш жоиз эмас”.

Зикр қалб ва тил билан бўлади, энг афзали эса қалб ва тил билан бирга зикр қилишдир. Aгар биттаси билан чекланса, қалб билан зикр қилиш афзалроқ. Сўнгра қалб ва тил бирга зикр қиладиган киши риё бўлади деб ўйлаб зикрни тарк қилиши лозим бўлмайди, балки тил ва қалб ила баробар зикр қилади. Мурид зикр билан Aллоҳ таолонинг розилигини қасд қилади.

Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Инсонлар туфайли амални тарк қилиш риёдир. Aгар инсонга инсонларнинг мулоҳаза қилиш эшиги очилса ва ботил гумонлари кириб қолишидан сақланиш каби ўйлар келиб, бардавом бўлган амалини, яъни зикрини тарк қилса, у кишига кўп яхшиликлар эшиги ёпилади”. Натижада, улуғ бир амални савобидан маҳрум бўлади. Бу эса орифларнинг йўли эмас. Aллоҳнинг зикридан ғофил бўлган қалбнинг устида парда бўлади. Ундай қалб эгаси зикр ҳаловати таъмини тотмайди ва бошқа ибодатларнинг ҳам лаззатини ҳис қила олмайди. Шу боисдан ҳам “Ғофил, унутувчи қалб билан қилинган зикрда яхшилик йўқ” дейилади. Яъни, бу билан биз ғафлат сабабли зикрни тарк қилишни назарда тутмаяпмиз. Лекин олий ҳиммат соҳиби то қалб ҳузурига етгунича, ўз нафсига қарши курашади, қайта-қайта қалбини муроқаба[1] қилади. У худди мерган камончига ўхшайди. Биринчи марта нишонни тўғри ололмайди, сўнгра иккинчи, учинчи марта уринади то моҳир бўлгунича ҳаракат қилаверади. Кейин эса нишонни тўғри топадиган моҳир мерган бўлиб етишади. Шунингдек инсон то Aллоҳ таоло билан қалб ҳузурига етгунича, қалби билан бирга тинмасдан зикр қилади.

Ҳужжатул ислом Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Билингки, албатта басират[2] эгалари учун зикр энг афзал амал эканлиги кашф бўлди. Лекин зикрнинг учта пўстлоғи бор. Баъзи пўстлоғи баъзисига қараганда мағизга яқин. Учта пўстлоқнинг остида мағзи бор.

Биринчиси: Фақат тил зикри.

Иккинчиси: Қалб зикри. Қалб ҳозир бўлгунича зикрда бардавом бўлиб, ҳушёр бўлиб туради. Агар тарк қилинса, унинг табиати фикрлар водийсига кезиб юради.

Учинчиси: Зикр қалбга ўрнашишлиги, шу даражада ўрнашадики, чалғитишни имкон йўқ.

Тўртинчиси: у мағиз ҳисобланади. Мазкур – яъни Aллоҳ ёди қалбга ўрнашади. Зикр ўчади ва махфий бўлади. Бу эса, талаб қилинган мақсаднинг айни  ўзидир. Сўнгра зикрга ҳам, қалбга ҳам бурилмайди, балки Аллоҳ ёди  кишининг жумласини эгаллаб олади. Қачонки, ўша мақом асносида зикрга бурилиш бўлса, бу нарса тўсилиш ҳижобдир. Яъни Aллоҳ ёди  тўлиғича қамраб олганда хаёли зикрга кетса тўсилиш ҳисобланади, шу сабабли  бу зикрдан ҳам олий мақомдир”.

Орифлар бу мақомни “Фано” деб аташади. Бу зикр мағизининг мевасидир. Бошланиши тил зикри, сўнгра такаллуф ила қалб зикри, сўнгра, зикрни қалб табиатига айланиши, сўнгра Aллоҳ таолонинг ёди тўла эгаллаши ҳосил бўлади.

Тошкент ислом институти талабаси

Журақулов Абдулҳай

[1] Ўзи, ўз ички дунёси ҳақида фикр юритиш, мушоҳада қилиш. Аллохнинг мухаббатида ўтириш.

[2] Қалб кўзи.

Read 1694 times

Мақолалар

Top