Мақолалар

Зарарни даф қилиш фойдадан устун

Исломда инсонларга фойда келтириш шунчаки тарғиб қилинадиган амал эмас, балки барча ҳукмлардаги бош мақсад ҳисобланади. Ислом аҳкомларини атрофлича ўрганган уламолар таъкидлайдиларки, Ислом шариати ўзининг барча аҳком ва кўрсатмаларида инсон манфаатларини рўёбга чиқаришни кўзлаган бўлиб, ушбу мақсадга эришиш учун керакли ҳукмларни жорий қилган. Шунинг учун ҳам ушбу ҳукмлар асосида ишлаб чиқилган фиқҳий қоидаларнинг аввало инсонга, жамиятга манфаат келтиришга қаратилганини кўрамиз. Уларнинг ҳар бири инсоний манфаатларга бориб тақалади. Шу боис уламолар: “Шариатнинг барчаси манфаат: у ё зарарни қайтаради, ёки фойдани жалб қилади”, деганлар.

Шариатимиз жорий қилган аҳкомларга назар ташласак, инсон манфаатлари катта урғу берилганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Ислом аҳкомларида инсон манфаатлари қанчалар таъминланишини англаш учун оят-ҳадислардан олинган шаръий асослардан айримларини эслаб ўтиш кифоя:

Ниманинг яхшилиги ғолиб бўлса, жоиз, ниманинг ёмонлиги ғолиб бўлса, ножоиз.

Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан устундир.

Жамиятнинг манфаати якка шахсларнинг манфаатидан устун туради.

Зарарни бартараф этиш ва фойдани жалб қилиш, машаққатни кетказиб, енгилликни жалб қилиш, торликни кетказиб, кенгликни жорий қилиш лозим.

Зарар бартараф этилади.

Иккита зарардан бирини танлашга тўғри келиб қолса, зиёни камроғи ихтиёр қилинади.

Зарар етказиш ҳам йўқ, зарар кўриш ҳам йўқ, зарарни зарар билан қайтариш ҳам йўқ.

Оммадан зарарни бартараф этиш якка шахсга етадиган зарарни кетказишдан устундир.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Read 1256 times

Мақолалар

Top