Мақолалар

Рамазон ойида ҳарам масжидларида витр намозини жамоат билан ўқиш

CАВОЛ: Рамазон ойида ҳарамда витр намозини имомга иқтидо қилиб ўқиса бўладими? Чунки бу ерда, имом икки ракатдан кейин салом бериб, кейин яна туриб, бир ракат ўқир экан. Биз бу ерда қандай йўл тутишимиз керак?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Мазҳабимизга кўра витр намози худди шом намози каби бир салом билан уч ракат ўқилади. Шофеий ва ҳанбалий мазҳабига кўра эса, витрни асосан 2 хил ўқилиши мумкин:

1. Ҳанафий мазҳабида бўлгани каби бир салом билан уч ракат ўқиш. Кўпчилик фуқаҳоларимизга кўра бу кўринишда витр ўқийдиган имомга ҳанафий мазҳабидаги киши иқтидо қилиши жоиз;

2. Икки салом билан уч ракат ўқиш. Яъни, бунга кўра икки ракатдан кейин салом бериб, кейин яна бир ракат ўқилади. Бу тартибда ўқийдиган имомга иқтидо қилиш ҳукми борасида мазҳабимиз фуқаҳоларида икки хил қараш бор:

1. Агар имом икки ракатдан кейин салом бериб, кейин бир ракатни ўқиса, ҳанафий мазҳабидаги киши унга иқтидо қилиши дуруст бўлмайди. Ушбу масалани Аллома ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ барча далил ва қарашларни келтириб ўтгандан кейин шундай хулоса қилганлар:

"فظهر بهذا أنّ المذهب الصحيح صحّة الاقتداء بالشافعي في الوتر إن لم يسلّم على رأس الركعتين وعدمها إن سلّم" (البحر الرائق، 2/40)

яъни: “Юқорида ўтганлардан маълум бўладики, мазҳабдаги энг тўғри гап бу – витр намозда шофеий мазҳабидаги имомга, у икки ракатдан кейин салом бермаса иқтидо қилиш дуруст бўлади. Агар (икки ракатдан кейин) салом берса, иқтидо дуруст эмас” (“Ал-Баҳрур роиқ” китоби).

Ҳанафий олимлардан Аллома Раҳматуллоҳ Синдий айни мавзуга бағишлаб ёзган “Ғоятут таҳқиқ” номли рисоласида витр намозида икки ракатдан кейин салом берадиган имомга иқтидо қилиб бўлмаслик кўпчилик ҳанафий уламоларнинг ихтиёр қилган йўли эканини таъкидлаб ўтган.

2. Мутақаддим уламолардан Абу Жаъфар Ҳиндвоний, мутааххирлардан Сирожиддин “Қориул-Ҳидоя”, Бадриддин Айний, Ибн Ваҳбон, Анваршоҳ Кашмирий, Абдулҳай Лакнавий, Муҳаммад Тақий Усмоний каби уламолар витр намозида ҳанафий киши бошқа мазҳаб имомига гарчи иккинчи ракатдан кейин салом берса ҳам иқтидо қилиши жоиз эканига фатво беришган.

Ҳозирда икки ҳарам масжидларида витр намози иккинчи кўринишда – икки салом билан, уч ракат қилиб адо этилади.

Иккинчи гуруҳ ҳанафий мазҳаби уламоларининг фатволарига биноан, қолаверса, мусулмонлар бирлигини сақлаш, турли ноқулайликларни олдини олиш юзасидан умра зиёратига борган юртдошларимиз Рамазон ойида витр намозини Ҳарами шарифдаги имомга иқтидо қилган ҳолда ўқишлари жоиз. Шундай бўлсада жумҳур уламоларимизнинг тутган йўлларига кўра, эҳтиёт юзасидан ўзлари қайта ўқиб олишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Read 1346 times

Мақолалар

Top