Мақолалар

Силаи раҳмни боғлаганга қандай мукофот ваъда қилинган?

Айни кунларда Рамазон шукуҳи қалбларга илиқлик ва сокинлик улашмоқда. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охирги ўн куни дўзахдан озод бўлиш фурсатидир. Ушбу дамларда муборак ойнинг раҳмат даҳаси ҳам якун топмоқда. Илоҳо, барчамизни ўз раҳматига дохил қилсин!

Бошқа пайтларда ҳам, қолаверса, мана шундай улуғ кунларда динимиз эътибор қаратган амаллардан бири – “силаи раҳм”дир! “Силаи раҳм” ўзи нима?

“Силаи раҳм” сўзини она тилимизга сўзма-сўз ўгирадиган бўлсак, “раҳмни боғлаш” деган маъно келиб чиқади. Раҳм эса қариндош дегани, она бачадонини ҳам араблар “раҳм” дейдилар. Демак, силаи раҳм деганда қариндош-уруғлар билан яхши алоқада бўлиш, уларнинг ҳолидан хабардор бўлиш, ҳамда уларни моддий ва маънавий жиҳатлардан қўллаб-қувватлаш кабилар тушунилади.

Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қариндошлик алоқаларини боғлашнинг фазилати ва уни узишнинг ёмонлиги ҳақида сўз юритилган. Жумладан, қуйидаги оятда қариндошликни боғлайдиган кишилар мақталади: “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд сураси, 21-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу мавзу жуда муҳимлигини ҳадиси шарифлари таъкидлайдилар: “...ва ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қариндошлик алоқаларини боғласин...” (Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилишган).

Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса силаи раҳм сабабли ризқнинг мўл-кўл бўлиши, умрнинг узоқ бўлишини уқтирилади: “Ким ризқи кенг бўлиши, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган).

Демак, қариндошлар билан гўзал муомалада алоқани ушлаб туришлик, умр узайишининг, ризқ мўл бўлишининг сабабчиларидан экан.Умри узайишини хоҳлаган одам, қариндошларига яхшилик қилсин, ризқи кенг бўлишини, топган-тутганига барака киришини истаган одам қариндошлари билан борди-келди қилсин!..

Бугунги кунимизда қариндош-уруғлар билан алоқада бўлиб туришнинг минг бир хил йўллари, минг бир хил воситалари мавжуд. Авваллари одамлар узоқроқда яшайдиган биронта қариндошиникига бориш учун от-араваларда соатлаб, балки, кунлаб юрган бўлсалар, ҳозир алҳамдулиллаҳ шаҳарни у четидан бу четига машинада ғир этиб, саноқли дақиқаларда етиб олиш мумкин. Бугун қариндошлар билан алоқа қилмаслик учун биронта ҳам баҳона қолмаган. Ҳеч бўлмаганда автобус, йўналиш ва йўналишсиз таксилар каби умумий нақлиёт воситаларига миниб бўлса ҳам узоқни яқин қилиш мумкин. Эътибор беринг-а,.. Кимки, Аллоҳга ва охират кунига мўмин бўлса, бас, қариндошлари билан алоқа қилсин!

Силаи раҳмни мустаҳкамлашда қуйидаги яхшилик бор:

– Силаи раҳм қилган киши Аллоҳнинг муҳаббатини қўлга киритади;

– Силаи раҳм қилган кишининг умри узоқ бўлади;

– Силаи раҳм қилган кишининг ризқига барака киради;

– Силаи раҳм қилган кишига Аллоҳ таоло яхшилик ато қилади;

– Силаи раҳм қилган кишини халқ яхши кўради;

– Силаи раҳм қилган кишига ҳар жойда дўст ва хайрихоҳ кўпаяди;

– Силаи раҳм қилган кишининг вафот этганидан кейин ҳам орқасидан савоб боради.

Силаи раҳмнинг акси, зиддини “қотиъур-раҳм”, яъни “меҳр риштасини узилик” дейилади. Динида қотиъур-раҳм, қариндошлик алоқаларини узиш қаттиқ қораланади. Афсуски, қотиъур-раҳм, қариндошлик алоқаларини узган киши қуйидаги ёмонликка эга бўлади:

– Қотиъур-раҳм амалини қилган кишини Аллоҳ ёқтирмайди;

– Қотиъур-раҳм амалини қилган кишининг умри ва ризқидан барака кетади;

– Қотиъур–раҳм амалини қилган киши одамларнинг кўзига ёмон кўринади;

– Қотиъур-раҳм амалини қилган кишидан одамлар узоқлашади;

– Қотиъур-раҳм амалини қилган кишининг дўсти ва хайрихоҳи камаяди;

– Қотиъур-раҳм амалини қилган киши раҳмат ва мағфиратдан узоқлашади.

Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда келишича, бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига келиб:

– Ё Расулаллоҳ, менинг шундай қариндошларим борки, мен улар билан алоқа қиламан, улар эса мен билан алоқани узадилар, мен уларга яхшилик қиламан, улар эса менга ёмонлик қайтарадилар, улар менга жоҳиллик қиладилар, мен эса уларга ҳалимлик, юмшоқлик қиламан, – дея нодон қариндошларидан шикоят қилди. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар:

– Агар иш сен айтгандек бўлса, унда билгинки, сен уларга қайноқ чўғни едираётган экансан (яъни ҳафа бўлма, сен улардан мағлуб эмас, балки ғолиб бўлаяпсан). Зоҳирдан улар сенга зулм ўтказяптилару, аммо ютқазмоқдалар. Модомики, сен улар билан шундай муомалада экансан, доимо Аллоҳ томонидан юборилган бир ёрдамчи (фаришта) сен билан бирга бўлур.

Демак, силаи раҳм яхшиликка яхшилик билан, борди-келдига борди-келди билан жавоб қайтаришгина эмас, балки ёмонлик, жафо кўрилса ҳам қариндошларга яхшилик қилиш, эътиборсизлик қилаётган қариндошга ҳам эътибор ва таважжуҳ билан бўлар экан.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, силаи раҳм мусулмон кишига фарз бўлган амалдир. Агар ҳар биримиз силаи раҳмга амал қилиб, қариндош уруғларимизнинг ҳолидан хабардор бўлсак, жамиятдаги жуда кўплаб муаммолар барҳам топади. Акс ҳолда дунёда ҳам охиратда ҳам кўп қийинчиликларга дуч келиниши мумкин, Аллоҳ сақласин! Ушбу муборак ва файзли кунларда ана шундай хайрли ишларга пешқадам бўлишни Аллоҳ насиб қилсин!

Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
Марғилон шаҳар “Саҳоба Зайд ибн Ҳориса” масжиди имом-хатиби

Read 1041 times

Мақолалар

Top