Мақолалар

Рўза фитр хато ва нуқсонларимизга каффорат бўлади

Юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, тўкинлик ва фаровонлик боис Рамазон ойи рўзасини чиройли адо этиб келяпмиз. Муқаддас Рамазон ойида мўмин-мусулмонлар ўзини наинки емоқ-ичмоқдан, балки ёмон сўзларни эшитишдан, ғийбат ва фаҳш сўзларни гапиришдан, гуноҳга бошловчи ҳолатларни кўришдан тиймоғимиз керак.

Ушбу муборак ойда ҳар қандай яхши бўлмаган ишлардан тийилмоғимиз, фақат савоб ишларнинг бошини тутмоғимиз лозим. Шундагина Рамазон ойи амалларини   бекму кўст бажарган бўламиз. Шу бир ой ичида кимки ўзини яхшиликка бахшида этса, йил давомида у кишини эзгу ишлар тарк этмайди. Аслида ушбу муборак ойнинг ҳар бир куни байрам ҳисобланади. Чунки Сарвари коинот Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) айтганларидек, рўзадорга иккита хурсандчилик бор – бири ифтор вақтида, яна бири Аллоҳга рўбарў бўлганда.  

Қолаверса, эзгу ишлар бешиги бўлмиш Рамазон ойини ҳақиқий меҳр-оқибат даври десак, асло муболаға бўлмайди. Ифторлик баҳона кўпчилик қариндош-уруғлар бир-бирларини йўқлайди, кексаларнинг ҳолидан хабар олинади.  Шунингдек, ушбу ойда шариатимизда жорий қилинган рўза фитри борки, ушбу амал бандалар ўртасидаги эзгулик, меҳр-оқибат ришталарини янада мастаҳкамлайди.  

Рўза фитр – ўзи нима? Улуғ Рамазон ойида барча инсонлар ўзидаги қусурлардан холи бўлишга интилади. Чунки барча шайтонлар бу ойда занжирбанд этилиб, одамни   қинғир ишларга жалб этолмайди. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ўзгача салоҳиятда бўладилар. Лекин инсон қалбида ёлғиз Шайтон қолади ва мусулмонлар рўзанинг шартларини бажаришида хатоликларга йўл қўйиши учун бор кучини сарфлайди. Шуни алоҳида айтиш жоизки, иродаси кучли одам рўзани чиройли адо эта олишга қурби етади.  

Аммо ожиз банда хатоликлардан холи эмас. Шу маънода рўза-фитр билиб-билмай содир этган айб-нуқсонларимизни ювиш учун бериладиган садақадир. Фитр садақаси ойнинг охирги ҳафталарига бориб (ҳайит намози ўқилгунга қадар) берилади, бандачилик билан йўл қўйган хато ва нуқсонларимизга каффорат бўлади. "Мухтасари виқоя"да баён қилинишича, фитр садақаси учун моли нисобга етган озод мусулмон ярим соъ (икки килограмм) буғдой ёки майиз ёхуд уларнинг қийматини садақа қилиши вожиб бўлади.  

Фитр садақаси вожиб бўлган киши ўзи учун ва балоғатга етмаган фарзандлари учун ҳам уни беради. Фарзандлар балоғатга етгандан сўнг ўзларига вожиб бўлади. Агар мўмин кишининг хотини ва балоғатга етган фарзандлари бой бўлса, рўза фитрни уларнинг  ўзлари тўлайди, фақир бўлса, фитр садақаси зиммаларидан соқит бўлади.  

Фитр садақасини бериш Ҳайит куни тонг отганда вожиб бўлади, аммо аввалроқ берилиши ҳам жоиздир.  

“Ибодати исломия"да "Фақир киши ҳам фитр садақасини берса, савобга эга бўлади", дейилган. Лекин шу ўринда унутмаслигимиз жоизки, фақир киши фитр садақасини бериш вожиб, деган кимса гуноҳкор бўлади.  

Фитр садақаси моли нисобга етмаган ака-укаларга, опа-сингилларга, қўни-қўшниларга, қариндош-уруғларга ва бошқа моддий ёрдамга муҳтож оилаларга берилгани маъқул.  

Яратган тутаётган рўзаларимизни мақбули ибодатлардан қилсин, ўзининг ҳифзу ҳимоятидан бенасиб этмасин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.  

Мирзамақсуд АЛИМОВ,  

Андижон вилояти бош имом-хатиби.  

ЎзА

Read 1219 times

Мақолалар

Top