Мақолалар

Уч кундан ортиқ аразлаб юриш мумкин эмас

Инсон табиатига турли туйғулар хос бўлиб, булар қаторига ранжиш, хафа бўлишни ҳам киритиш мумкин. Қачонки бизга ноҳақлик ёки зулм қилишса, бундан нафақат дилимиз оғриб хафа бўламиз, балки ўша инсон билан ҳар қандай алоқани узишга қарор қиламиз.

Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларига кўра, мўминлар бир-биридан уч кечаю уч кундуздан ортиқ хафалашиб юриши мумкин эмас. Нега? Чунки ўзаро зиддият авжига чиққан пайтда ҳис-туйғуларга эрк берилиши, бу эса бошқалар билан муносабатда хафагарчиликни юзага келтириши, орага совуқчилик тушириши ва дунёда сизни номақбул инсонга айлантириб қўйиши мумкин. Шунинг учун бизга зиддият марказидан узоқлашиш, тинчланиб ўзига келиб олиш, обдон ўйлаб кўриш ва вазиятни таҳлиш қилиш, кейин афсус-надоматни келтириб чиқарадиган хатога йўл қўймаслик учун уч кун муҳлат берилган.

Бироқ хафалашишнинг диний ёки шаръий сабаби бўлса, у ҳолда зиддиятнинг ечимига кенгроқ ёндашилади. Бундай вазиятда мўминлар, биринчи навбатда, қуйидаги ҳадисларга қатъий амал қилиши керак:

  • “Бир-бирингизни ёмон кўрманг. Бир-бирингизга ҳасад қилманг. Бир-бирингизга қарши тадбир қилманг. Эй, Аллоҳнинг бандалари! Биродар бўлинг! Мусулмон учун ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас”.
  • “Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас. Учрашганларида униси ҳам юз ўгиради, буниси ҳам юз ўгиради. Уларнинг яхшиси аввал салом берганидир”.
  • “Душанба ва пайшанба кунлари амаллар арз қилинади. Шунда Аллоҳ азза ва жалла ўша кунда Ўзига бирор нарсани шерик қилмаган ҳар бир бандани мағфират қилади. Фақат биродари билан орасида душманлик бор кишигина бундан мустасно”.              

Ислом – инсонлар ўртасида аҳиллик, дўстлик ва самимий муносабатлар бўлишини тарғиб қиладиган дин. Бир неча кунлаб, ҳафталаб, ойлаб араз қилиб юриш мўмин-мусулмонга ёт нарса. Шуни унутмаслик керакки, бу дунёда энг олий мақсади имонли бандаларни йўлдан уриш бўлган шайтон мўминлар бир-бири билан жанжал қилса ва хафалашса беҳад хурсанд бўлади. Аллоҳ таоло наздида эса ярашишга биринчи бўлиб қадам қўйган банда яхшидир.

Парвардигор сизни кечиришини қандай хоҳласангиз, сиз ҳам инсонларга нисбатан шундай кечиримли бўлинг. Одамларни Аллоҳ учун кечиринг! Ҳеч кимни хафа қилманг ва ўзингиз ҳам ҳеч кимдан хафа бўлиб юрманг, дунё ҳаёти шусиз ҳам жуда тез ўтиб кетади.             

 

Алимардон Ҳайитов

Read 1240 times

Мақолалар

Top