Мақолалар

Мустақиллик – буюк неъмат

Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси  ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганига 26 йил тўлди. Истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Айни пайтда у ҳар бир одамнинг иқтисодий, ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустаҳкам заминидир.

Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.

Мамлакатимиз мутақиллигининг 26 йиллигини нишонлаш арафасида ўтган давр мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташлаш, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишлар, эришган натижаларни холисона баҳолаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоачилик, бутун халқимизнинг онги шуурига етказиш мақсадга мувофиқдир.

Дарҳақиқат, истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони очилди. Озодлик боис бизни жаҳон таниди, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ғайрати, азму шижоати ила ватанимизнинг шон-шуҳрати олам узра янада кенгроқ ёйилмоқда. Ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида эртанги кунимиз - эркин ва фаровон келажагимизни  ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз.

“Мустақиллик” ва “ислоҳот” тушунчаларига  муштарак сўзлар сифатида қарашимиз табиий, албатта. Чунки фақат мустақил давлат ва мустақил жамиятдагина ислоҳотларни амалга ошириш мумкин. Мустақиллик ҳам, ислоҳотлар ҳам инсоннинг яхши яшаши, муносиб турмуш даражасига эришиши учун зарур шароит яратди.

  Мамлакатимизда мустақиллик йилларида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, давлатимиз суверенитети, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини кучайтириш, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.

Иқтисодиётда маъмурий-буйруқбозликка асосланган эски бошқарув тизимидан воз кечиб, бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтилгани, пул-кредит сиёсати пухта ўйлаб олиб борилгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати учун йўл очиб берилгани макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиётнинг юқори суръатлар билан ривожланишини таъминлаш, инфляцияни прогноз кўрсаткичлари даражасида сақлаб қолиш, энг муҳими, халқимизнинг ҳаёт сифати даражасини оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмоқда.

Айни вақтда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили бугунги кунда жаҳон бозорида конъюнктура ўзгариб, рақобат тобора кучайиб бораётганини ҳар томонлама ҳисобга олишни, шу асосда давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича стратегик ёндашув ва тамойилларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни тақозо этмоқда.

Олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида ҳамда бутун халқимиз, айниқса, унинг энг фаол қатламига айланиб бораётган тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган ва қуйидагиларни назарда тутадиган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилди ва  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.

Бунга мувофиқ давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг 5та устувор йўналиши келтирилган:
- демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш;
- қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш;
- иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш;


- ижтимоий соҳани ривожлантириш;

- хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлардир.

Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатимизни модернизация қилишда парламентнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви ва давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, давлатнинг иқтисодиётни тартибга солиш борасидаги функцияларини қисқартириш, “ягона ойна” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тизимини кенг жорий этиш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш йўлида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришдан иборат.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, юртдошларимиз томонидан одил судловга эришиш даражасини ошириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва хизматлар сифатини тубдан яхшилаш учун қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга эътиборни янада кучайтиришдан иборат.

Иқтисодиётнинг очиқлиги ва рақобатдошлигини ошириш, иқтисодий мустақилликни кучайтириш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, етакчи ишлаб чиқариш тармоқларини модернизация ва фаол диверсификация қилиш, молия-банк соҳасини тубдан ислоҳ этиш, хусусий мулк ва тадбиркорликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ташқи иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, туризм тармоғини самарали ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш мақсадида иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришдан иборатдир.

Ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш;

Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш.

Фармон билан 2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия, шунингдек устувор йўналишларни амалга ошириш бўйича комиссиялар ташкил этилди. 

Ҳар қандай ғоя, агар у келажакка бўлган ишончни мустаҳкамласа, жамиятнинг кучи ва ресурсларини жалб қила олсагина, муваффақиятга эришиши мумкин. Шуни ғурур билан айтиш жоизки, аҳоли турли қатламлари билдираётган фикр-мулоҳазалар, таклифлар Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси халқимизнинг яратувчанлик салоҳиятини янада кенг рўёбга чиқариб, одамларимизни шижоат билан эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиришга қодирлигини кўрсатди.

Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиш бўйича жамиятимизнинг барча қатлами якдиллик намойиш этаётгани халқимизнинг улкан муваффақиятлар, тараққиётнинг янги марраларига эришиш, пировардида одамларимиз турмуш даражасини янада ошириш имконини беради.

Малика НОРОВА,

 “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси

 

Read 11085 times

Мақолалар

Top