Мақолалар

Таомланаётганда гапириш мумкин эмасми?

Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борада на бир амрлари (буюрганлари), на бир тақиқлаган жойлари бор. Шу боисдан, жойи келганда гапириш, чиройли суҳбат қуриш яхши, лекин бу суннат амал сифатида қабул қилинмаган. Айниқса, меҳмон билан бирга ўтирганда, у билан чиройли суҳбат қуриб таомланиш ниҳоятда гўзал ишдир.  

Имом Ғаззолий таомланаётган пайтда, жим ўтирмасдан, суҳбатлашиш яхши эканлигини, бу нарса дастурхон одобларидан бирилигини таъкидлаган (Ғаззолий, “Иҳёу улумиддин”, 1/7). Лекин ушбу мавзуга доир бирор ҳадисни келтирмаган.

Мазкур масалада дин олимларининг қарашлари ҳам юқорида келтирилган фикрлар билан бир хил. Улар ҳам таомланаётган пайтда гаплашиш суннат амал сифатида қабул қилинмаганлигини таъкидлашади. Чунки ҳазрати Пайғамбаримизнинг айнан шу ҳақда айтган бирор гаплари йўқ.

Фақат таомланаётган пайтда гапириш гуноҳ эмаслиги, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам таомланаётган пайтда гапирганликлари келтирилади. Хусусан, Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғидаги бола эдим. Қўлим товоқда бориб-келар эди. Шунда у зот менга: Эй ғулом! Бисмиллаҳ, дегин, ўнг қўлинг билан егин, ўз олдингдан егин! дедилар. Шундан сўнг ейишим шундай бўлди» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилганлар).

Албатта, луқмаларни тўлиқ ютиб бўлгандан сўнг, оғизда ҳеч нарса қолмагандан кейин гап бошлаш, кераксиз сўзларни айтмасдан, фойдали суҳбатлар қилиш таомланаётган пайтда гапириш одобига киради.                                         

Алимардон ҲАЙИТОВ

Read 1272 times

Мақолалар

Top