Мақолалар

Қизиқ воқеа

Отам раҳматли тавба умидида гуноҳ қилиб юрганларни ҳашоратлар чаққанда ўқиладиган руқяни билишига ишониб, ўзини чаёнга чақтирган инсонга ўхшатардилар. Бу тўғрида Девбанд “Дорул улум”да ишлаб юрган кезларида содир бўлган ажойиб бир воқеани айтиб бергандилар. Кечқурун отам чироқ нурида иш қилиб ўтирганларида онам бир юмушлари туфайли нариги хонага чиқмоқчи бўлганлар. Лекин, ҳашоратлар чақиб олишидан қўрқиб, чироқни сўраганлар. Уйда биргина чироқдан бошқаси бўлмаган. Қилаётган ишларига кимдир халақит бериши отамга маъқул келмасди. Шунда у киши онамга: “Чақса зарари йўқ. Чунки мен унга қарши руқяни биламан”, деганлар. Ўша уйга чироқсиз кирган онамни Аллоҳнинг тақдири билан чаён чақиб олибди. Отам қайта-қайта руқя ўқисалар ҳам, заҳарнинг таъсири кетмабди. Тажрибадан ўтган, одамларга ўқиганларида зарарни кетгазган бошқа йўлларни қилиб кўрсалар ҳам, фойда бермабди.

Отам бу воқеадан учта дарс олганларини айтардилар:

1) Инсон ўзини олий санаб, худди Аллоҳга эҳтиёжи йўқдек катта гапирмаслиги керак;

2) Руқя, дори воситалари, борингки, ҳамма нарса қанчалик тажрибадан ўтган таъсирли бўлишига қарамай, таъсир этишда Аллоҳнинг иродасига муҳтождир;

3) Бу воқеа ҳали тавбага фурсат топишига ишониб, гуноҳ қилаётган инсоннинг мисолидир. Худди руқя ёрдамга келмаганидек, гуноҳ қилиб юрган инсонга тавба фурсати топилмаслиги, балки ундан олдин ўлим келиб қолиши мумкин. Борди-ю, тавба қилишга вақт қолган тақдирда ҳам Аллоҳ унга тавбага тавфиқ беришига ким кафил бўлади. Балки Аллоҳ унинг тавбага қасд қилишидан уни маҳрум қилиб қўйиши мумкин. У эса кейин тавба қилиши ва Аллоҳ уни кечиришига ишониб, кўра-била туриб ҳаром ва қайтарилган амаллардан тўхтамайди.

Нима бўлганда ҳам, вақт ўтаверади, тўхтамайди. Инсон уни ғафлат билан ўтказмаслиги керак. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соғлик лаҳзалари ва бўш вақтни ғанимат билишга чақирганлар. Бирор мусибат, касаллик ёки ўлим сабабли амал қилишга қодир бўла олмайдиган кун келишидан олдин охират захираси учун ҳаракат қилишга чорлаганлар.

 

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг асар ва мақолалари асосида

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс тайёрлади.

Read 1190 times

Мақолалар

Top