Мақолалар

Инсон хотираси азиз

Аллоҳ таоло яратган барча маҳлуқотлар ичида энг азизу мукаррами шубҳасиз, инсондир. Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” (“Исро” сураси, 70-оят) деб марҳамат қилинади. Шу боис ҳам, динимиз аҳкомлари, муқаддас китобларимизда ибодат, имон масалалари билан бир қаторда инсонни улуғлаш, инсоний муносабатларнинг олий даражада бўлишлиги назарда тутилади.

Ҳаётда ота-онамиз, яқинларимиз, умуман, атрофимиздаги инсонларнинг қадрига етиш билан бирга, ўтганларни эслаш, хотирлаш ҳар бир банда учун ҳам қарз, ҳам фарздир.  

Фоний дунёдан ўтиб кетган ўз яқинларимиз – марҳумларни доимо яхши сифатлар билан эслаш инсоний бурчимиз эканлигини асло унутмаслигимиз керак. Банда ҳар доим ўтмишга назар ташлаб, ундан тегишли хулосалар чиқариш ва шунга мувофиқ иш тутиш, турмуш кечириш хайрлидир. Аллоҳ таоло ўзининг каломида: “Айтинг: “Ерда сайр қилинглар, бас, олдингилар оқибати не бўлганини кўринглар!” (“Рум” сураси, 42-оят) деб марҳамат қилади. Ушбу ояти каримадан кўринадики, ўтмишда ўтган кишилар ҳаётини, қилган эзгу амалларини ўрганиб, яхшиликларидан ибрат олиб, хатолардан хулоса чиқариб, уларни такрорламасликка ҳаракат қилиш келажакнинг салоҳиятли бўлишида муҳим роль ўйнайди.  

Бу хусусида жуда кўп оят ва ҳадислар бор. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” деганлар (Термизий ривояти). Демак, инсон вафот этгандан сўнг одамлар уни яхши сифатларини эслаши учун энг аввало, ҳар бир банда тириклигида Аллоҳ рози бўладиган амалларда бардавом бўлиши, эзгу ва хайрли ишларни бошидан тутиши лозим бўлади.  

Кимки, ҳаётлик даврида ҳалол ва ҳаромга этибор бермаса, инсонларга турли зиён-заҳматлар етказса, кишилар орасида хар хил ихтилоф ва фитналар чиқарса, албатта, бундай инсонни ҳеч бир кимса яхшилик билан эсламайди. Бу эса ўша каби  инсонларни номаи амолига ёзилиши мумкин бўлган савоблардан, унинг хайрли ишлари, ибратли амалларини эслаб, қилинадиган дуолардан бебаҳра қолишни англатади.  

Шариатимиз кўрсатмаларига кўра, ўтганларнинг қабрларини зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Пайғамбаримиз Муҳамад алайҳиссалом: “Сизларга қабрларни зиёратини тақиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро, у сизларга охиратни эслатади”, дедилар (Термизий ривояти). Қабристонга бориш, ўтганларни зиёрат қилишликнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор.  Мангу оромгоҳда ётган мархумларни ўйлаб, улардан ўгит ва ибрат олишимиз лозим. Зеро, улар ҳам бизлардек яшаган, турли амалларни адо этган. Бугун эса орамизда йўқ. Бу ҳар бир инсонни шубҳасиз, тафаккурга, мулоҳазага ундайди. Шу боис ҳам, қабристонга қадам ранжида қилганимизда руҳимизда, жисмимизда ўзгача туйғулар жўш уради. Зотан, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўлим насиҳат олиш учун етарли ҳодисадир” дедилар (Табароний ривояти).  

Қабристонни зиёрат қилиш чоғида қуйидагиларга алоҳида эътибор бериш лозим. Аввало, қабристонга кирганда: “Сизга салом, эй қабристон аҳиллари” дея салом бериб, хоксорлик билан кириш лозим, қабрлар оёқ билан босилмайди. Сўнгра марҳумлар руҳига бағишлаб, Қуръон тиловати ҳамда дуойи хайрлар қилинади. Бу маййит учун ҳам, банда учун ҳам хайрлидир.  

Унутмайлик, бу дунё қайтар дунёдир. Биз аждодларимиз руҳини шод этиб, уларни қанчалик кўп хотирласак, фарзандларимиз ҳам бундан ибрат олади, қалбида яхшилик уруғлари ниш уради. Вақтлар келиб, ўтиб кетганимизда улар ҳам бизларни хотирлаб, дуойи хайрда бўлади, иншааллоҳ. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси муборакларида: “Агар бир инсон вафот қилса, унинг амали тўхтайди (савоб ҳам, гуноҳ ҳам ёзилмайди). Фақатгина учта нарсадан унга фойда етиб туради: (қолдириб кетган) садақаи жория ёки фойдали илм ёхуд хақига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзандларидан”, дедилар (Муслим ривояти).  

Шу ўринда ўтган авлод-аждодларимиз қабрларини зиёрат қилиш инсоний бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз зарур. Бугун юртимизда кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш кунида аждодларимиз мангу ором топган қабристонларга борайлик, ўтганларнинг хақларига дуолар қилиб, руҳларини шод этайлик. Аллоҳ таоло барча ўтганларни раҳматига олиб, уларнинг хақларига қилаётган дуоларимизни, қилаётган хайрли амалларимизни ижобат қилсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.  

Мирзамақсуд АЛИМОВ,

Андижон вилояти бош имолм-хатиби.

ЎзА

Read 1470 times

Мақолалар

Top