Мақолалар

Ўлимингизни кутяпсизми?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янада очиқроқ ва равшанроқ қилиб айтганлар: “Сизларнинг кутганингиз туғёнга кетказувчи бойлик, унуттирувчи камбағаллик, барбод қилувчи касаллик, заифлаштирувчи қарилик, ҳозир турган ўлим, дажжол ёки қиёматдан бошқаси эмас. Дажжол келажакдаги ғайбий ёмонлик ҳамда қиёмат даҳшатлироқ ва аччиқроқдир” (Ибн Муборак ривояти, “Зуҳд” китоби).

Унуттирувчи камбағаллик: бой бўлиб, мол-дунё тўпларкансиз, Аллоҳ йўлида сарфлаш ва яхшилик учун ишлатишни унутасиз. Бунга сабаб эртага ёки индинга қиламан дея кечиктиришингиздир. Замон ўзгариб, камбағаллик етиб, ҳеч нарсангиз қолмаса-чи?! Шуни кутяпсизми?! У пайтда хаёлингизга хайр-эҳсон сиғмайди-ку! Ҳа, демак, у ёки бу ҳолат келиб қолишидан олдин хайр-садақа ва яхшилик қилишга интилинг. Шошилинг. Аллоҳ ато этган нарсалар воситасида охиратни истанг. Эртага нима бўлишини билмайсиз. Эҳтимол, сиз режалаштирган ишларнинг батамом акси бўлиши мумкин.

Туғёнга кетказувчи бойлик: тижоратга берилиб кетишингиз, ишингиз билан машғул бўлишингиз, бор эътиборингизни касб-корингизга қаратишингиз туфайли яхшилик қилишга фурсат топа олмайсиз. Ҳатто, бир сўм хайр-садақа қилишга ҳам улгурмайсиз. Ҳаммасини бойликка боғлаб, роҳат-фароғатни кутиб яшаманг. Қаердан биласиз, эҳтимол бойлик сизни туғёнга чорлар, роҳат-фароғат сизга Аллоҳни унуттирар, кенгчилик сиздан яхшилик қилиш ришталарини кесар?! Бор гап, инсон ҳамма нарсага эришганидан кейин ўзидан кетиб, яхшиликни қадрламай қўяди. Наздида унинг зарра қадар вазни қолмайди.

Барбод қилувчи касаллик: бугун соппа-соғсиз, тинчлик-офиятдасиз. Эрта ё индин бемор бўлиб, заифлашиб қолишингиз бор. Нимани кутяпсиз?! Соғлом ҳолатингиздан айирувчи, офиятингизни ўзгартирувчи, сиздан куч-қувватни олиб қўювчи касалликними?

Заифлаштирувчи қарилик: бугун сизда куч-қувватга тўла ва соғлом танага эга ёшлик неъмати бор. Бу пайтда шайтон сизни ҳали ёшсан, ўйнаб-кулиб ол, деб аврайди. Тавба, намоз, масжидга қатнаш ва хайр-садақа вақти қариликда бўлади, дейди. Ҳатто, шу даражага етасизки, ёш тақводорларни маломат қилиб, ёшлик чоғини беҳуда ўтказаётганликда айблайсиз. Лекин, ёшлик кўз очиб юмгунча ўтиб кетиб, қарилик эшик қоқиши ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?! Энди сизда на тиш ва на ҳазм қилиш қолмайди. Қарилик сиздан ҳамма куч-қувватни тортиб олган бўлади. Бу пайтда сиз ҳасрат-надоматдан бошқасига қодир бўлмайсиз. Саъдий Шерозий айтганидек, золим бўри ҳам қариганда тавба қилади. Аммо ёшликдаги тавба пайғамбарлар хислатидир.

Ҳа, бўри қариганда қўйларни овлашдан тўхтайди. Қарилик уни қўйларни ошлаш тугул ҳаракатдан қолдиради. Қариликдаги тавба ўз соҳибига камолотни бермайди. Аммо, куч-қувватга тўлган вақтда тақводорлар йўлини тутиб, гуноҳлардан тийилган ёш йигит пайғамбарлар хулқи ила хулқланган бўлади. Қаранг, саййидимиз Юсуф алайҳиссалом ёш, кучга тўла ва гўзал юзли эдилар. Бир бой аёл уни хоҳлади. У киши ҳам хоҳладилар-у, лекин ўша заҳотиёқ ўзларига келиб, гуноҳга қўл урмадилар. Бу ҳолат у зотнинг ожиз ва заифликлари сабаб эмас, балки Аллоҳдан қўрққанлари, Унинг буюклигини эслаганлари учун бўлди. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳақиқатан, (Зулайхо) уни (яъни, Юсуфнинг висолига етишни) хоҳлади. Агар Парвардигорининг очиқ ҳужжат-аломатини кўрмаганида, (Юсуф) ҳам уни (Зулайҳони) хоҳлаган бўлар эди” (Юсуф сураси 24-оят).

Ҳозир турган ўлим: сизлар ҳикоянгизни тўхтатадиган, ёдингизни йўқ қиладиган, ҳозир турган ўлимингизни кутяпсизларми?!

Дажжол: сиз башариятга юзланиб турган даҳшатли мусибат ва барча нарсани унуттирувчи фитна кунлари амал қила оласизми?! Йўқ, у кунлари нафсни ислоҳи, яхшиликлар сари юриш, ёмон амалларни қилмаслик, тақво ила безаниш каби ишлар кутилмайди. Ҳа, на униси ва на буниси бўлмайди. Шундай экан, олдинга юринг, интилинг, шошилинг.

Ҳаёт лаҳзалари ўта қиммат, бебаҳо. Шунинг учун ҳушёрлик ва диққат билан унинг ҳар лаҳзасидан фойдаланиб, уни Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган нарсаларга сарфланг. Ҳимматингизни олий қилинг. Шунда шайтон ва унинг иғволарига қарши тура оласиз. Чин қасдингиз бўлсинки, нафс ва унинг ҳойи ҳавасларига учиб қолмайсиз. Ҳимматингизни пасайтириб, ҳавойи нафс қулларидан бўлиб қолманг. Бундайлар нафсга эргашиб уни рози қилиш учун ҳар қандай ишни қиладилар. Фақат ҳойи ҳавасларига алданиб яшаш нақадар ёмон ҳаёт-а?! Ҳаётга ўз қадрича боқиб, уни ўлгандан кейин ҳам наф берадиган амалларга сарфлашингизга тавфиқ беришини сўранг.

 

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг асар ва мақолалари асосида

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс тайёрлади.

Read 1184 times

Мақолалар

Top