Мақолалар

“Йўл-йўлакай”чи

Яқинда қизим ҳунар ўрганиш учун парда тикиш цехидаги тикувчига шогирд бўлиб ишга кирди. Фарзанди ортидан раҳмат эшитиш она учун нақадар ёқимли эканини ҳис қилдим. Қизим ҳар куни ишдан келар экан: «Ойижон, бугун мени чаққонлигим учун мақташди, ҳар доим “тез-тез, бўлақол” дердингиз-ку”, “Ойижон, бугун мени сариштали дейишди, ўзингиз доим “атрофингни тартибга келтир, бундай ўтирма”, дейсиз-ку”; “Ойижон, ишимга меҳр берарканман, тайёрлаган олмали чойимни ҳамма мақтаб ичяпти... »

Турли жойларда, турли харектердаги инсонлар билан ишлашимизга тўғри келади. Касбим тақозосига кўра ҳамиша ҳужжатлар билан ишлайман. Иш столимда (тортмаларда ҳам) ортиқча нарсаларни тезда олиб қўяман. Хонадаги умумий нарсаларни ҳам ўтган-кетганимда жойига қўйишга одатланганман.

Бир куни ҳамкасб опам ёшроқ ҳамхонамга озроқ танбеҳ бериб: “Биз томонларда “йўл-йўлакайчи” деган сўз қўлланилади. Шундайлар ҳамиша тартибли бўлишади. Олган нарсангизни фойдаланиб бўлгач, дарҳол жойига қўймасангиз, столингиз тўлиб кетади”, дедилар. Шунда 10–12 ёшлар пайтимда амакимнинг: “Сиз аёллар ҳамма нарсани ўзингиз ёясиз ва кун бўйи ўшани йиғиш билан вақтингизни ўтказасиз”, деганларини ва шу-шу нарсаларимни тезда жойига қўйишга одатланганимни эсладим.

Қизимга ҳам доим: “Ўтган-кетганингда йўл-йўлакай сочилган нарсаларни ўз жойига қўйиб юргин, шунда саранжом бўласан, ишинг енгиллашади”, дейман. Ҳозир қизим иш жойида тикув анжомларини бошқалар ишлатган бўлса-да, дарҳол идишига солиб қўяркан, кимдир бирнима қидирса, Розия жойига қўйган”, дейдиган бўлишибди.

Аслида бу жуда осон. Аммо ҳамма ҳам ҳар доим эътибор беравермайдиган “йўл-йўлакайчи” бўлсак, атрофимиз тартибли бўлади, керакли нарсамизни қидириб вақт ўтказмаймиз.

 

Нилуфар АБЛАЕВА

Read 1865 times

Мақолалар

Top