Мақолалар

Кўп неъматдан бенасиб қолманг!

Табиатимиз қизиқ: олдинлари ёшлар кўп гапирса ёқтирмас эдик, энди эса уларнинг гапирмаслигидан ранжиймиз. Бугун эрталаб ишга келаётиб айрим ёшларимизга, тўғриси ачиндим ҳам.

Автоуловда келаётиб бир йигитчанинг телефон ўйнаётганига кўзим тушиб қолди. ўйини ҳам қанақа ўйин денг: аллақандай ноаниқ шакллар орасида илонга ўхшаган нарса судралиб юрибди. Унда на бир манзара бор, на ақлни чархлайдиган машғулот – фақат вақтни ўлдиришга мўлжалланган қуп-қуруқ ўйин.

Унга нима учун раҳмим келди, биласизми?

Қуйлиқдан Чорсуга қараб келаётиб, аввало, чароғон қуёш шаҳримизни ёритиб, унга қанчалик чирой бахш этганини ҳис қилмади.

Шимолий вокзал ёнидаги кўприкнинг бир вақтлар кесиб ташланган қисми қайта уланиши ниҳоясига етай деб қолибди. Чорраҳага светофорлар ўрнатилибди. Шуни ҳам кўрмай ўтиб кетди.

Ҳа, дарвоқе, ўша чорраҳада бир “москвич”, бир “матиз”нинг орқасидан туртиб олган экан, шунга бошини бир кўтариб бепарвогина қараб қўйди.

Йўлда давом этдик, атрофдаги ям-яшил дарахтлар, турфа ранг гулларни томоша қилиш жуда ҳам мароқли, кўнгилга ёқади, кўзни ҳам равшан қилади. У бундан ҳам бенасиб қолди. 

Йўлнинг ўнг тарафида, “Локомотив” боғи атрофида қандайдир қурилиши бўладими, ўшанга жой тахланаётганга ўхшайди. Одамлар жавлон уриб ишлаб ётган майдонга ақалли бир бора назар ташлаб ҳам қўймади.

У биринчи қаторда ўтириб келаётган эди. Ёнидаги йўловчи “корзинка”кага тушмоқчи бўлганди у телефондан кўз узмасдан машинадан тушиб турди ва ундан кўз узмаган ҳолда жойига қайтиб чиқиб ўтирди. “Корзинка”нинг олдидаги машиналар турадиган жойни ўраш учун қизил ғиштлар келтириб қўйилибди. ўша ғишт уюмларнинг бирининг ёнига тушиб чиқди. Лекин ғиштларни кўргани йўқ.

Яна у ёнидаги одамлар билан гаплашгани ҳам йўқ. Бошқалар ҳам ундан беҳроқ: кимдир унга ўхшаб телефон ўйнаш билан овора, кимдир қулоғига наушник (эшитиш воситасими, қулоқчинми, билмадим, бу сўз ўзбекчага қандай таржима бўлади) тиқиб олиб қўшиқ эшитиб келяпти, кимдир бошқа биров билан телефонида гаплашяпти ёки ҳиринглашяпти...

Илгари одамлар машинада, автобусда бир-бири билан гаплашарди, танишиб оларди, дўстлашарди, янгиликлардан хабар топарди. Яна автоулов ойнасидан атрофни томоша қилиб хаёл суриб кетиш қандай ёқимли иш. Шундай вақтда одамнинг миясига ажойиб ғоялар келади ҳамда теварак-атрофда нималар бўлаётгани, ҳамшаҳарларимиз қандай янгиликларга қўл ураётганини ўз кўзлари билан кўради.

Шу палакат телефон одамларни ана шундай неъматлардан мосуво қилаётир.Қўл телефонлари қанчалик такомиллашса, одамларни шунчалик бегоналаштириб бораверади. Бу ҳам етмагандек, уларни беҳафсала, лоқайд кимсаларга ҳам айлантирмоқда.

Модомики, лоқайдлик иллати ёшлар орасида илдиз отса, буни миллатнинг фожиаси деб бемалол айтаверинг.

Демак, ёшларни телефонга қарам бўлиб қолишдан сақлашимиз лозим экан.

Хўп, телефондаги турли-туман ўйинларга, виртуал оламга қарамликнинг салбий оқибатини уларга қандай тушунтирамиз?

Бунинг энг ибтидоий усули уларга “телефондаги қуйруқдан олдидаги ўпка” яхши эканини исботлаб беришдир.

Қачонки, шу ишни уддалай олсак, ҳаммаси яхши бўлади, Сиз нима дейсиз, муҳтарам ватандош!

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

Read 5091 times

Мақолалар

Top