Мақолалар

“Шайх Зайд” жоме масжиди

Меъморчилик санъатининг дурдона кўриниши, дунёнинг энг йирик масжидларидан бири ҳисобланган ушбу масжид Бирлашган Араб Амирлигининг пойтахти Абу-Дабида жойлашган. Масжид унинг асосчиси ва мамлакатнинг биринчи раҳбари Шайх Зайд ибн Султон Наҳаён исми билан номланган. Қурилиш ишлари 1996 йилда бошланиб, 12 йил давом этган. Унда 3500 дан ортиқ дунёнинг 38 та қўшма корхоналарининг қурувчи, мутахассислари меҳнат қилган.

Масжиднинг расмий очилиши 2007 йилнинг Рамазон ойида бўлган. Масжид поклик рамзи бўлган оқ мармардан бунёд этилган. Масжиднинг меҳробига «Аллоҳнинг чиройли исмлари бордир. Уни ўша (исм)лар билан атангиз! Унинг исмларида ҳақдан оғиб кетувчиларни қўяверингиз! (Улар) қилмишларига (яраша) жазоланурлар» (Аъроф, 180) ояти ҳамда қибла томон деворларига ҳаттотлик усулида Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари Куфий ёзувида битилган.

Масжид сиғими 41 минг намозхон учун мўлжалланган. Масжид умумий майдони 17 минг кв. метр бўлиб, унинг 82 та гумбази ва тўрт бурчагида 104 метр баландликдаги тўрт миноралари бор. Жоме бош гумбазининг эни 32,6 метр, баландлиги эса 85 метрни ташкил этади.

Масжид диаметри 10 метр, баландлиги 15 метр, оғирлиги 12 тонна бўлган қандил (“Гиннес рекордлари” китобига киритилган) ҳамда қўл меҳнатида тўқилган дунёдаги энг катта 47 тонна оғирликдаги гилам (бу гиламни 1200 га яқин тўқувчи бир йил давомида тўқиган) билан безатилган. Масжид минбари ҳам анча баланд бўлиб, у 11 та зинадан иборат. Жомеда ҳафтада беш кун кутубхона ҳам фаолият юритади.

2008 йил масжид ҳузурида Шайх Зайд жоме масжиди маркази ташкил этилди. Илмий-тадқиқотлар олиб бориш, диний-маърифий журнал, газета ҳамда дарслик ва китоблар нашр этиш, аудио маҳсулотлар тайёрлаш ушбу марказнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Масжид кундузи қуёшда оқ ва тилла, кечқурун эса бошқа рангларда ярқираб туради. Масжид ҳудудида Шайх Зайд ибн Султон Наҳаённинг қабри жойлашган бўлиб, бу ерда куну тун Қуръон тиловати янграб туради.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Read 5827 times

Мақолалар

Top