Мақолалар

Келиннинг вазифалари

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Тўрт нарса учун аёл никоҳланади: моли, ҳусни-жамоли, мартабаси ва дини. Сен диндорини танлагин, барака топгур”, деганлар. Чунки мол дунё, ҳусни-жамол ва мансаб-мартаба вақт ўтиши билан ўз ҳолатини йўқотади. Аммо тақво одоб-аҳлоқ, ибо, ҳаё бир умр сақланиб қолади. Зеро, диндор келинда бу фазилатлар мужассамдир.

Аллоҳга иймон келтирган намоз, рўза закотларни мукаммал адо этувчи оилада туғилиб, тарбияланган қиз билан оила қуриш, яшаш бахт ва роҳат келтиради. Аммо ҳозирги замонимизда одамларни ўлчови, қарашлари бироз бошқача.

Келин ёки куёв танлашда кўпрок мол-дунёси мансабдорини танлаш одат тусига кирган. Доноларимиз улуғ алломаларимиз қизларини узатаётганда панд-насихатлар билан узатганлар. Аслида насиҳат оқилу-ғофилга баробар фойдалидир.

Аллоҳнинг мўъжизаларидан бири шуки аёллар эркаклар учун, эркаклар аёллар учун яратилган. Ўзга хонадонга келин бўлиб тушган қиз ўзини умр йўлдошига ҳам, қайнонасига ҳам тавозели, камтар тутиши, самимий хушмомилада бўлиб хизматини қилиши лозим.

Қаноатли, итоатли ҳушёр саронжом-саришта кийимлари ўзига ярашган чиройли, мазали таомлар пишириб ўз вақтида покиза идишларда тақдим этмоғи лозим. Эрнинг мол-мулкини рухсатсиз ноўрин ишлатмаслиги керак. Энг муҳими – эрнинг сирини фош қилмаслик, уйнинг гапини кўчага чиқармасликдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кайси бир аёл эрини рози қилган ҳолда дунёдан ўтган бўлса, албатта у аёл жаннатийдир”, деганлар.

Ёш келинчакларни бахтли бўлишларига монелик қиладиган асосий сабаблардан бири қайноналари билан тил топиша олмасликларидир. Ҳаммага бирдай ёқишни иложи йўқ, албатта. Аммо сиз қайнонангизни ўз онангиздек қабул қилиб яхши кўролмасангиз, қайнонангиз ҳам сизни ўз қизидек кўролмаслиги тайин. Эрингиз сизни қанчалик севмасин, айланиб ўргилмасин, қайнонангизга ёқмас экансиз, оилангизда бахт ва саодат бўлмайди.

Аввало, қайнонангизга ёши улуғлиги тажрибаси кўплиги, сиздан донороқ, тадбирлироқ бўлгани учун ҳурмат қилинг. Бўлар-бўлмасга талашманг, ота-онангизга гап ташиманг. Ҳар ишда қайнонангиз билан маслаҳатлашинг, тежамкор бўлинг. Кўчага чиқишга ёки ота-онангизни кўргани бормоқчи бўлсангиз, аввало, қайнонангиздан рухсат сўранг. Бирор ножўя гап гапириб қўйсангиз ёки хато иш қилиб қўйсангиз дарҳол кечирим сўрашга одатланинг. Қайнисингилларингиз, овсинларингиз билан аҳил бўлинг. Шунда ўзингиз ҳам иззат, ҳурмат кўриб ҳаётингиз осойишта ўтади, иншаАллоҳ.

Ана шундагина Аллоҳ таоло қайнона-келин икковингизни бир-бирингизга иссиқ кўрсатиб, қалбингизга меҳр-муҳаббат, ишонч уруғларини сепиб ризқлантиради иншаАллоҳ. Илоҳим юртимизга тинчлик, хонадонимизга хотиржамлик ато этсин.

 

Муҳаббат АТАЖОНОВА,

Боғот туман бош имом-хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Read 3184 times

Мақолалар

Top