Мақолалар

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудек бўламан

Икки дунёда ҳам ютуққа эришишни истаб ҳаракат қилаётган бўлсангиз, демак сиз бир чўққисиз… Аллоҳ таолонинг тавфиқига лойиқ бўлиш учун ҳаракат қиладиганлар ҳам чўққилардир…

Чўққиларнинг аввали ва энг баланди пайғамбарлар бўлиб, уларнинг бошида расуллар имоми Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам турадилар… Пайғамбарлар ўзларининг бор имкониятларини инсонларни тўғри йўлга бошлаш, нажотга етаклаш учун сафарбар этишган…

Икки дунёда ютуққа эришиш – обидларнинг, яхшилик қилувчиларнинг, холис кишиларнинг орзусидир… Қолганлар эса сароб орзулар билан яшайдилар…

Ҳаётдаги ажабланарли ҳолатлардан бири шуки, сиз кўпинча эришишингиз мумкин бўлган чўққидан “Мен қила олмайман”, дея маҳрум бўласиз.

Буюк олимлардан бири билимдон ўғлидан: “Ҳаётда қандай мақсадга эришишни хоҳлайсан, буюклардан айнан кимдек бўлишни хоҳлайсан, ўғлим?”, деб сўраган экан.

Шунда ўғли жавоб берибди: “Сиздек бўлишни истайман”.

Отаси дебдики: “Эх, ўғлим-а! Шунчалик ҳам ҳимматингни паст қиласанми?! Ўғлим! Мен ўспиринлик вақтимдаёқ Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудек бўламан деб ўзим учун марра қўйганман, шундан кейин меҳнатдан, саъй-ҳаракатдан тинмадим, натижада сен ҳозир кўриб турган даражага етдим. Мен билан Алий розияллоҳу анҳунинг ўртасида қанчалик катта фарқ борлигини ўзинг биласан. Энди ўйлаб кўр, мендек бўлишни хоҳлар экансан, Алий билан менинг ўртамдагичалик фарқ мен билан сенинг ўртангда бўлиши сени қониқтирадими?!”

Ютуқ миллионларни йиғишда, бойликларга эга бўлишда эмас! Ютуқ – нафсларни тарбиялаш, қадриятларни сингдириш, Аллоҳнинг ризосига етишишдадир!

Қадимда хитойликлар душмандан омонда яшаш мақсадида буюк хитой деворини қуришганди ва у баланд бўлганидан ҳеч ким уни ошиб ўтолмайди, деб ўйлашганди.

Аммо! Девор қурилганидан кейинги юз йилликнинг ўзидаёқ Хитой уч бора душман ҳужумига учради, ёв қўшини деворни бузиб ёки ошиб ўтиришгани йўқ. Балки, ҳар сафар ичкарига киришда дарвоза посбонига пора бериб эшикдан кириб кетишди! Гап шундаки, хитойликлар девор қуришни қойиллатишди-ю, бироқ қўриқчилар “қуришни” эътибордан қочиришди.

Ҳикоя қилинишича, бир моҳир тикувчи набирасига ҳаётий сабоқ бермоқчи бўлибди. Янги кийим тикиш асносида қимматбаҳо қайчисини ишлатибди ва у билан катта материални – янги кийим тикиш учун – кичкина бўлакларга бўлиб ташлабди. Қирқиб бўлиши билан қиммат қайчисини ерга оёғи остига отиб юборибди! Болакай бобосининг ишидан ажабланибди. Кейин бобо игнани олиб бўлакларни бир-бирга улаб кийим тика бошлабди. Игнадан фойдаланиб бўлгач, уни салласига қадаб қўйибди. Буни кўрган бола бобосининг ишидан таажжубини яшириб туролмабди ва ундан: “Бобожон, нега қимматбаҳо қайчингизни ерга улоқтирдингиз-у, арзимаган пул турадиган игнани бошингиздаги саллага қададингиз?” деб сўрабди. Бобоси жавоб берибди: “Болагинам, қайчи – катта материални кесиб, майда бўлакларга ажратиб юборди! Игна эса шу бўлакларни жамлади ва чиройли кийим ҳолига келтирди! Шундай экан, яқинлигимизни, биродарлигимизни бузишга, ўртамизни айиришга уринадиганларнинг қадрини асло кўтармагин, гарчи уларнинг бойлиги, обрўси баланд бўлса ҳам!”

 

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 

 

Read 886 times

Мақолалар

Top