Мақолалар

Мадина ҳар бир зиёратчи учун мадраса бўлсин!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “…Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир…” (Оли Имрон сураси, 97-оят).

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, йилдан-йилга ҳаж ва умра ибодатини адо этувчилар сони ортиб бормоқда. Ҳаж ёки умрага кетаётган зиёратчи аҳлоқини шу даражада сайқаллаши керакки, токи амаллари бошқалар учун ибрат бўлсин.

Ҳаж ва умра машаққатдир. Бу йўлга отланган инсон ўта сабрли бўлиши ва бу ибодатнинг маъно-мазмуни ҳамда моҳиятини яхши англаб етиши муҳимдир.

Зиёратчилар бундай улуғ сафарга аввало қалблари билан тайёр бўлиши, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўта сабр-бардошли бўлишлари талаб этилади. Мадина шаҳридаги меҳмонхонага етиб борганда хона талашиш мумкин эмас! Чунки бу ерда 3-4 кун бўлишингизни ва аввало бу сафарга нима мақсадда чиққанингизни ёдда сақлашингиз зарур.

Мадинага илк қадам қўйгандан бошлаб, зиёратчи гўзал одобда бўлиши шарт. Чунки бу ерда биз севган зот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар бордир. Ҳулқлари Қуръон бўлган у зотнинг ҳузурларида беодоблик қилиш, овоз кўтариш, бошқа зиёратчиларнинг дилини оғритиш асло мумкин эмас.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом масжидларига ўта тавозе билан салом бериб, охиста кириб борилади. Равзаи муборакка салавотлар айтиб кирилади. Асло бесабр бўлманг, овозингизни кўтарманг, ҳузурингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турибдилар. Сиз бундай ҳолатни ҳис қилмасангиз, Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳузурларида беодоблик қилсангиз, амалларингиз ҳабата бўлиши мумкин.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга муҳаббатларини изҳор қилиш мақсадида зиёратчи аёлларимиз Равзага қараб югурадилар, ҳиссиётга бериладилар, овозларини кўтарадилар, оқибатда бошқа зиёратчиларга озор берадилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда келтиради: “Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Пайғамбар овозидан юқори кўтарманг ва унга бир-бирингиз ила сўзлашгандек дағал сўз айтманг, ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин” (Ҳужурот сураси 2-оят). Аллоҳ таолонинг ояти каримасидаги бу таъкид ўзини мусулмонман деган ҳар бир инсонга тегишлидир.

Мадина шаҳри ҳар биримиз учун мадраса бўлсин, токи ҳулқимиз Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳулқларидек бўлишига ҳаракат қилайлик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилиб, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онасидан янги туғилгандек бўлиб қайтади” (Имом Бухорий ривояти).

Маккаи мукаррамада, Минода, Арофатда, Муздалифада, Жамаротда ҳам одобимиз, амалларимиз билан бошқаларга ўрнак бўлайлик, токи Яратган Эгам жаннати билан сийласин.

Барча зиёратчиларнинг ҳажлари мабрур, саъйлари машкур, амаллари ҳусни мақбул, гуноҳлари мағфур бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

 

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

ЎМИ Хотин-қизлар масалалари бўйича

бўлимнинг етакчи мутахассиси.

Read 1022 times

Мақолалар

Top