Мақолалар

Зулҳижжа ойи фазилатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло наздида замон ва маконлар фазлда баробар. Бир-биридан ортиқ кам жойи йўқ. Лекин Ўзи фазилатли қилган замон ва маконлар бундан мустасно.

“Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни ярат-ган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У (ой)ларда ўзингизга зулм қилманг” (Тавба сураси, 36-оят).

“Ва у ерда ким зулм ила янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, унга аламли азобни тоттирурмиз” (Ҳаж сураси, 25-оят).

Олимлар ушбу икки оятни далил қилиб, муборак замон ва маконларда қилинган яхшилик ажр-савоби кўпайтириб ёзилганидек, гуноҳлар ҳам зиё-да қилиб ёзилади, дейдилар.

“Тонга қасам. (Зулҳижжа ойининг аввалги) ўн кечага қасам. Жуфт ва тоққа қасам” (Фажр сураси, 1-3 оятлар).

Оятдаги “жуфт”дан мурод, зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, “тоқ”дан мурод эса тўққизинчи куни-дир.

Муфассирлар Аллоҳ таоло Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни билан қасам ичгани учун ҳам фазилатли, дейдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ибодат қилинадиган бирор кун зулҳижжанинг ўн кунидан Аллоҳ таолога маҳбуб эмас. Ундаги ҳар бир куннинг рўзаси бир йилга баробардир. Ундаги ҳар бир кечада туриш қадр кечасида туришга баробардир”, дедилар (Термизий ривоят қилган).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва у кунларда қилинган амал ушбу ўн кундаги амалдан афзал бўлмас. Бас, бу кунларда таҳлил ва такбирни кўпайтиринглар. Чунки, бу таҳлил, такбир ва Аллоҳнинг зикр қилиш кунларидир. Бу кунлар-да бир кунлик рўза бир йилги рўзага баробар бўлади. Бу кунларда қилинган бир амалга етти юз баробар (ажр) кўпайтириб берилади”, дедилар (Байҳақий ривоят қилган).

Зулҳижжа зикр мавсумидир. Ҳадиси шарифда ҳам бу муборак ойнинг аввалги ўн кунида зикрни кўпайтириш, айниқса, таҳлил ва такбир каби зикрларга алоҳида урғу бериш лозим.

“Маълум кунларда Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар” (Ҳаж сураси, 28-оят). Олимлар бу кунларда зикр қилишни мустаҳаб санайдилар. Жумҳур уламонинг наздида оятдаги “Маълум кунлар”дан мурод Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидир.

Муҳаддислар Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида қилинган амаллар Аллоҳ таолога бошқа ойларга қараганда маҳбуб бўлгани учун ҳам фази-латли, дейдилар.

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни фазилати борасида жуда кўплаб ҳадислар келган. Китобнинг мавзуси бошқа бўлгани боис мавзуга тааллуқли ҳадисларнинг баъзиларини келтирдик холос.

Ҳадисларни чуқур ўрганиб, хулоса қилган олим-лар зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунини турли савобли амаллар билан ўтказишни, айниқса, кун-дузларини рўза тутиб, кечаларини қоим қилишга тавсия қиладилар.

Муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг

“Ҳаж буюк ибодатдир” номли китобларидан олинди.

Read 1204 times

Мақолалар

Top