Мақолалар

ИЛОҲИЙ КАЛОМ ҚАДРИ

Олим  ОЛТИНБЕК

 «Ойна» журналининг 1913 йил 7-сонида шоир  Каримбек Камийнинг «Таҳ-рифи каломуллоҳ ҳақинда» сарлавҳли шеъри босилган. Шеърдан олдин  «Муҳарраф Қуръон» (Бузилган Қуръон) номли бир мақола бериладики, бу Камий шеърини тушунишда, унинг ёзилиш сабабларини аниқлашда алоҳида аҳамиятга эга. Мақолада айтилишича, қозонлик И.Н.Харитонов деган бир ношир Қуръони каримни атай бузиб, чоп эттиради. Китобда матбаасини кўрсатмасдан минглаб нусхада тарқатади, бундан-да кўпроқ мусулмонларнинг хато ўқишларига сабабчи бўлади. Воқеадан хабар топган Камий  дилида пайдо бўлган изтиробларни шундай баён қилган эди:

Эшитгач бўйла бир нохуш хабарни ҳушдин кеттим,

Келиб ҳушимга бу ғамдин яқо чок эттиму минг оҳ.

 

Шоир бу иши учун Харитоновга бўлган нафратини яшириб тура олмади. Уни «душмани мағрури жоҳил», «бадроҳ» (йўли бузуқ), «бадхоҳ» (ёмонликни истовчи) дея атади. Қилган ишларини гуноҳга йўйди, гуноҳки, улуғликда иккинчиси йўқ («сониси бўлмас»). Бу воқеа ўз даврида мусулмонлар орасида «жиддият ила баҳс бўлуб», катта шов-шувларга сабаб бўлган эди. Келинг, мақолага мурожаат қилайлик: «Яқинда Қозондан чиқувчи мўътабар «Қуёш»нинг муҳаррирларидан Фотиҳ Амирхон жаноблари Харитунуф бостирғон Каломи шарифға маънои Қуръонни бузгувчи ғалатлар, ҳатто, баъзи оятларни(нг) оз экани ва баъзи оятлари ортдурулғанини топиб, «Қуёш» воситаси-ла олами матбуотга кўрсатдики, «Қуёш» муҳаррирларини ушбу хидматига ташаккур айтмоқ вожибдур. Алон (ҳозирда) бу масала Тотористон мусулмонлари орасинда ва шимол турклари матбуотинда жиддият ила баҳс бўлуб, ишни бир тарафи Ўрунбург идораи руҳониясиға, дигар тарафи матбуот ва уламо мажлислариға марбутдур». Шунингдек, «Онг» журналининг 23-сонида чоп этилган «Қуръон бузув» деб номланган мақола ҳам шу мавзуда эди. Табиий, Туркистон зиёлилари ҳам бу воқеага бефарқ эмас эдилар. Айниқса, «Ойна» журнали «Туркистоннинг муҳтарам уламои қурро ва ҳуффозиға мурожаат қилиб, Қозонда босилган бу каломи шарифни диққат билан тасҳиҳ» (матнни тузатиш) этиб, «хатолигини, қайси таърихда, қайси матбаада босилганлигини ва ноширини ва ҳам ғалат пайдо бўлса, қайси оят ва саҳифадалигини баён қилиб, (...) «Ойна» мажалласининг идорасина юбормоқларини» илтимос қилди. Камий эса ўз шеърида миллат уламоси ва раҳнамоларига қарата шундай даъват қилади:

Ало, эй вориси пайғамбарон, эй ҳодийи миллат,

Қилинг бир ғайрату, айланг бу ишни(нг) чорасин дилхоҳ.

Айнан шу ерда истибдоддан, миллий хорлаш ва диний таҳқирлашлардан зада шоир қалбининг нидосини пайқаш қийин эмас. Аслида, фожеа бундан-да улуғ, дард бундан-да буюк эди.  Келинг, Фозилбек Отабек ўғлининг сўзларига қулоқ тутайлик: «Тарихи мелодийнинг 1895инчи йилларида чор ҳукуматининг золим генераллари Туркистон ўлкасида қўюлғон «миссионер», яъни дин бузувчи остроумовларнинг таклифлари бўйича (...) Қуръоннинг «вал-мушрикин» деган жойларидан «мушрикин» иборатларини чиқармоқ каби беҳуда ишларни амр қилдилар. (...) Ҳатто мактаблардаги ёш болалар ўқийдирғон Эшон Сўфи (Сўфи Оллоёр – О. О.) «Чаҳор китоб» деган савод китобларидаги: «Азоби қабр кофирларғадур чин, Кўрар гўрнинг азобин баъзи мўъмин»дек бўлғон байтларни ва «кофир», «мушрик» деган иборатларни йўқотиб, янги босиладурғон китоб ва Қуръонлардан юқорида айтган калималарни чиқаришдек фармойишлар қилдилар». Маълум бўладики, Қуръоннинг «ғалат» босилиши ноширнинг шунчаки билиб-билмай қилган хатоси эмас. Унинг замирида Ислом аҳкомларини бузиш орқали миллатнинг диний эътиқодига путур етказиш ва шу асосда унинг миллат сифатидаги ғурурини синдириш, мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, бирдамлигини парчалашдек қабиҳона  сиёсат турибди. Бу ҳолатлар Камийга таниш эди. Ҳамонки, юқоридаги байтда “бу ишнинг чорасин” айлашга даъват қилинар экан,  бундай мақсад ушбу сиёсий жараёнга ва, айни пайтда, миллий ва диний таҳқирлашларга чек қўйиш назарда тутилади. Бу эса мустабид сиёсатга Камий ва унга замондош барча миллатпарвар зиёлиларнинг  муносабати эди.                                                                                                

 

Каримбек КАМИЙ

ТАҲРИФИ КАЛОМУЛЛОҲ ҲАҚИНДА 

Худодин қўрқмайин ҳам халқдин шарму ҳаё қилмай,

На деб қилдинг, аё табоъ, (ки) таҳрифи Каломуллоҳ?!

Ўзинг инсоф қилғил, бу нечук журъат, нечук зиллат,

Магар сан душмани мағруру жоҳилдурсен, эй бадроҳ.

На мақсад ўлди санга, ҳақ каломин айладинг ботил,

На қасдинг бор эди дини Муҳаммадда, аё бадхоҳ?!

Таажжуб, бир гуноҳе айладингким, сониси бўлмас,

Сани қилғон гуноҳинг Одам ўғли қилмади, биллоҳ.

Аё ҳазратлар, диндошлар, қардошлар, ортуқ

Мусулмонларға бу катта мусибат бўлди беашбоҳ.

Ало, эй вориси пайғамбарон, эй ҳодийи миллат,

Қилинглар ғайрату айланг бу ишни чорасин дилхоҳ.

Эшитгач бўйла бир нохуш хабарни ҳушдин кеттим,

Келиб ҳушимға бу ғамдин яқо чок эттиму, минг оҳ.

Камийнинг бир дуоси шулдур, эй мўминлар, омин денг,

Илоҳи, кетмасун ҳеч кимса  каж туруб туз роҳ.                                                                                                                                                        

 

 

Read 4731 times

Мақолалар

Top