- Ҳажни ният қилиб эҳромга кирган зиёратчилар талбия айтиб Минога йўл оладилар.
 - Минога чиқиб кетишдан олдин энг зарурий буюмлар олинади. Мино водийсига кетаётганда оддий уст бош олиб олинади. Ҳайит куни эҳромдан чиққандан кейин яна икки кун Минода тунаш учун керак бўлади;
 - Аёллар эҳром ҳолатида бошларини ёпадилар, юзлари, бармоқлари эса очиқ бўлади. Кўйлаклар гулсиз, сидирға, ичи кўринмайдиган, ўзига атрофдагиларни жалб қилмайдиган даражада бўлиши талаб этилади.
 - Сочлар доимо рўмол тагида бўлиши керак. Сочлар ибодат чоғида халақит қилмаслиги учун турмакланади ёки бирор нарса билан боғлаб олинади. Ҳаж ва умра қилувчи аёл-қизлар пардозланмайди.
 - Аёллар талбияни махфий, яъни паст овозда айтадилар. “Лаббайкаллоҳумма лабайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда вал-неъмата лака вал мулк, лаа шарийка лак”.
 - Минодан Арофатга борилади, Арофатдан Муздалифага борилади. Муздалифадан Минога қайтиб, катта Ақабага борилади ва шайтонга тош отиш амали бошланади. Биринчи тошни отиш билан «лаббайка» айтиш тўхтатилади.
 - Ўзи тош ота олмайдиганлар: беморлар, кексалар ўрнига вакиллари тош отса бўлади.
 - Тош отиб бўлгандан кейин аёлларнинг соч учидан бир бармоқ бўғини (2,5–3 см.) узунлигида соч кесилади. Сочи умуман йўқ ёки бор бўлса ҳам 3 см.га етмайдиган аёллар бошига қайчини юргизиб қўйишлари кифоя қилади.
 - Ҳайитнинг учинчи куни аср намозига қадар ҳажнинг яна бир улкан рукни, яъни фарзи бўлган тавофи ифозани адо этишга киришилади.
 - Каъбани айланиш – тавофни 7 марта қилади, 1 ёки 2 марта тавоф қилиб, бутунлай тарк этиш мумкин эмас.
 - Тавоф вақтида таҳорат кетиб қолса, таҳоратни янгилайди ва тавофни келган жойидан давом эттиради.
 - Тавоф вақтида зиёратчилар кўп бўлса, аёллар ҳажарул асвадга яқинлашишга ҳаракат қилмасликлари керак.
 - Саъй бошлашда Сафодан Марвагача 1 саъй, Марвадан Сафогача 2 саъй ҳисобланади. 1 та ёки 2 та саъй қилиб кетиб қолинмайди. Сафо ва Марвадаги саъй 7 марта бўлади.
 - Сафо ва Марва саъйи асносида (икки яшил устун орасида) аёллар югурмайди.
 - Эҳром вақтида ҳеч ким билан талашмайди, ҳеч кимнинг ҳақига хиёнат қилмайди.
 - Эҳромда ҳидли хушбўйликлардан эҳтиёт бўлиш мақсадида Каъба атрофида айланаётганда қўлларни Каъбага суртмаслик талаб этилади.
 - Эҳромда атир совун, нам салфетка, мушк анбар, ҳидли тагликлар, косметикалар ишлатиш мумкинмас.
 - Бирор ўсимликнинг баргини юлиш, ҳидлаш мумкин эмас.
 - Жониворларга озор берилмайди.
 - Аёллар эҳромда кийимларини алмаштиришлари мумкин.
 - Дунё нафсидан узилиб, фақат зикр билан машғул бўлади.
 
"Ҳажга кетаётган аёлларга тавсиялар" рисоласидан


