Мақолалар

Миллат илм билан юксалади

Мусулмон умматини улуғлаган, уларни яхшилик билан хослаган Зотга ҳамд бўлсин. Аллоҳ таоло айтди: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз(Оли Имрон, 110). Бу умматни ҳидоят уммати қилди, халқларнинг обрўсини илм билан, маърифат ва манавият билан кўтарди. Бу умматга расулларнинг афзалини юборди, китобларнинг афзалини туширди. Уларни жами инсонларга гувоҳ уммат қилди. Аллоҳ айтди: “Шунингдек, сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун “ўрта уммат” қилиб қўйдик(Бақара, 143).

Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни илму маърифатга чақирдилар ва “Илм излаш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир”, деб илмнинг фарзлигини баён қилдилар.

Албатта, илм унга қизиққан, рағбат қилган киши учун энг афзал нарсадир. Илмни улуғлиги шундаки, у уни эгаллаганга манфаат келтиради, эл олдида унинг шарафини, ҳурматини оширади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони каримда олимларни улуғлади. Фақат олимларгина Унинг оятлари, мўъжизалари тўғрисида ақл юритиши ва тушунишини, фаҳмлашини хабар берди: “Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!»” (Зумар, 9) ва яна айтди: “(Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар(Анкабут, 43). Барча нуқсонлардан пок бўлган зот айтдики: “Йўқ, у (Қуръон) илм берилган зотларнинг дилларидаги аниқ оятлардир(Анкабут, 49).

Албатта, Аллоҳ таоло олимларнинг гувоҳлигини Ўз гувоҳлиги билан ёнма-ён зикр қилиб айтди: “Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб,  шундай гувоҳлик берди: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир», фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир(Оли Имрон, 18). Аллоҳ таоло илм эгаларининг даражасини дунё ва охиратда баланд қилди. Аллоҳ айтдики: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала, 11). Шунинг учун инсонлардан уламолар Раббиларини яхшироқ танийдилар, Раббиларининг сўзларини инсонларга етказадилар, бошқалардан кўра Раббиларидан кўпроқ қўрқадилар. “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар” (Фотир, 28).

 Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам илмни талаб қилиш вожиблигини айтиб, “Илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарз”, дедилар. Имом Термизий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан  ривоят қилди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим айтдилар: “Ким илм талабида бир йўлдан юрса, Аллоҳ унга ана шу илм сабабли жаннатга йўлни осон қилиб қўяди. Албатта, малоикалар ўз қанотларини илм толиблари учун рози бўлган ҳолда қўяди. Албатта, илм толиби учун осмондаги ва ердаги бор нарса, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан афзаллиги ўн тўрт кунлик ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир.  Баъзи балоғат олимлари дедики: “Илм ўргансанг, у сени кичиклигиндан улуғ қилади, катта бўлганингда сени тўғри йўлга йўллайди.

Дунёнинг ривожланиши илм билан. Инсон ҳар бир нарсага илм билан эришади. Чунки илм ўз аҳлининг ҳаёти. Ана шу илм сабабли ҳаётнинг маъносини англайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло илмсизликни Ўзининг Китобида ўлим деб номлади. Айтдики: “Ўлик (кофир) бўлган одамни (ҳидоят билан) тирилтириб, унга одамлар ичида ўзи билан олиб юрадиган нур (имон)ни берганимиздан кейин (у) зулматлар ичида (қолиб,) ундан чиқмайдиган кимсага ўхшайдими?!” (Анъом, 122). Аллоҳ таоло илмни руҳ ва жон деб номлади: (Эй, Муҳаммад!) Шундай қилиб, амримиз билан Сизга Руҳни (Қуръонни) ваҳий қилдик” (Шўро, 52). Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмадилар. Балки улар илмни мерос қолдириб кетдилар. Ким уни олса, мўл-кўл насибани олибди” (Имом Термизий ривояти).

Анас розияллоҳу анҳу айтди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, уламолар юлдузларга ўхшайдилар, одамлар улар билан йўл топадилар. Агар юлдузлар яширинса ёки кўринмай қолса, улар йўлдан адашадилар”. Олимлар охиратда халққа шафоатчи бўладилар. Абу Умома розияллоҳу анҳу айтди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Олим ва обид қайта тирилади. Обидга “Жаннатга кир!” дейилади. Олимга эса “Сен тўхтаб тур. Одамларга шафоат қиласан”, дейилади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Илм ўрганинглар. Албатта, илм ўрганиш Аллоҳдан қўрқишдир. Илмни таълим олиш ибодатдир. Уни музокара қилиш тасбиҳдир. Илм излаш жидду жаҳд қилишдир” (Хатиб Бағдодий ривоят қилган). Илмни ўргатиш садақадир. Илмни аҳли учун тақдим қилиш Аллоҳга қурбатдир. Албатта, илм ҳалол ва ҳаромнинг белгисидир. Илм қўрқинчда ҳамроҳ, ғурбатда дўст, хилватда ҳамсуҳбат, хурсандчилик ва қийинчиликда шерик,  душманларга қарши қуролдир. Илм сабабли Аллоҳ таоло илм билан халқларни юксалтиради. Албатта, илм қалбларнинг ҳаёти, кўзларнинг чироғи. Банда дунё ва охиратдаги баланд даражаларга илм билан етади, илм сабабли қариндошлик боғланади, илм сабабли ҳалол ва ҳаромни билади. Илм амалнинг имоми, амал унга эргашади. Ундан бахиллар маҳрум бўлади. Аллоҳим, бизни фойдали илм билан ризқлантиргин, илм билан Сендан қўрқишни насиб эт. Илмларига амал қилувчиларни бахтли қил.

Ҳасан Расулов,

Имом Бухорий халқаро маркази мутахассиси

Read 5401 times

Мақолалар

Top