Мақолалар

Ислом цивилизация маркази, ИҲТ мукофоти – илм-фан равнақи омили

Бир даврада ўтган йили умрага бориб келган киши Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварани шу қадар кўп таърифладики, даврада шундан бошқа гурунг бўлмади. Ҳаммамиз қилт этмай эшитдик. Ахир пайғамбар алайҳиссалом таваллуд топган, у зотнинг равзаи мубораклари, улуғ саҳобаларнинг хоклари ётган муборак шаҳарлар ҳақида гап борганда жон қулоғи билан тингламаслик мумкинми!..

Шунда даврада ўтирганларнинг бирининг рашки келиб: “У жойларнинг яхши тарафларини айтдингиз, энди, масалан, бизнинг юртимиздан ортда қоладиган жиҳатларини айтинг-чи”, деди.

Унга жавобан мезбон: “У жойлар фақат ибодат ва яна ибодат учун”, деб қўйди...

Кишилик жамияти тарихида миллатларнинг баъзиларининг дунёни ҳайратга солган хислатли аждодлари бўлган. Лекин ана ўша машҳур сиймолардан авлодларга нима қолди? Искандар Мақдунли ёки Чингизхонга ўхшаб фақат шуҳрати қолдими ёки ҳали ҳамон авлодларига фойдаси етиб турадиган илмий меросми?..

Даврадаги отахоннинг соддалик қилиб бундай савол бериши бежиз эмас. Чунки Аллоҳ таоло миллатимизга шундай ажойиб Ватан ато этганки, ҳатто Абдулла Ориповдек буюк шоир ҳам уни таърифлашга сўз топа олмасдан “Фақат ожиз қаламим маним/Ўзбекистон ватаним маним”, деб ёзган эди.

Эҳҳе, бу муаззам юртга эга чиқиш кимларнинг хаёлини ўғирламади, дейсиз. Академик шоир Ғафур Ғулом таъбири билан айтганда, гўзаллиги бошига бало бўлган юрт бу.

Биз мудом юртимизда тўрт фасл мукаммал бўлади, бундай ширин мевалар, тилими тилни ёрар қовун, тарвузлар қайда бор! деб айтамиз. Ана шу фаслларнинг мукаммаллиги, меваларнинг мислсизлиги босқинчиларнинг эътиборини тортгани каби куч-қудратда, ақл-заковатда тенгсиз аждодларнинг чиқишига ҳам сабаб бўлмадимикан.

Ватанпарвар бобо-ю момолар ҳар доим фахримиз бўлиб келган. Юртимизни босқинчилардан ёлғиз ўзи ҳимоя қила олган Широқ, қадим Оссурия давлатини ва унинг аҳолиси бўлган шумерларни Бобил ва Мидиянинг бирлашган қўшини истилосидан сақлаб қолган скифлар, Ватанимиз тупроғига ғаразли ниятда қадам босган Кир Иккинчининг  200 000 қўшинидан биттасини ҳам тирик қўймасдан қириб ташлаб уларнинг йўлбошчиси бўлган Кирнинг жасадига қон ичирган Томир она, Чингизхондек қаттол ёвнинг йўлига ғов бўлган Жалолиддин, мўғулларни қувиб солиб, ярим дунёни салтанатига қўшиб олган буюк Амир Темур... уларнинг сони жуда ҳам кўп. Биз шу онда тилга келганларини  айтиб қўйдик, холос.

Хўш, нима учун улар бунчалик кўп. Чунки ҳеч бир юртга бунчалик кўп босқинчи бостириб кирмаган. Абдулла Орипов (охироти обод бўлсин!) ёзганидек, халқимиз музликларда яшаганида у ерларга оқ айиқдан бошқа бирор босқинчи қадам ҳам босмаган бўлар эди.

Аллоҳ таоло бизга шундай гўзал маконни раво кўрган экан, бу неъматни асраб-авайлашни аждодларимиз ўзларининг муқаддас бурчи деб билган ва бизга ҳам шуни васият қилган.

Хуллас, аждодларнинг давлатчилик, сипоҳсолорлик, шаҳарсозлик, президентимиз айтганидек, цивилизация, ирригация, мелиорация ва бошқа-бошқа соҳалардаги  ютуқлари кўп ва улардан қолган меросларни бошқа давлатлар ҳам ўрганмоқда.

Шарафли аждодларнинг ҳам авлодларига, ҳам олам аҳлига қиёматга қадар фойдаси етиб турадиган меросларидан бири – уларнинг бебаҳо илмий меросидир. Юртбошимиз ана шу илмий меросни янада кенгроқ тарқатадиган, янада бойитиб мукаммаллаштирадиган, тараққий эттирадиган илмли авлодни етиштириш масаласига ниҳоятда жиддий аҳамият бериш зарурлигига эътибор қаратмоқда. Зотан, ҚУръони каримда таъкидланганидек, “Билганлар билан билмаганлар баробар бўлмас”.

Мустақиллик байрами куни Ҳазрати Имом мажмуасига ташриф буюрган президентимиз  Ислом цивилизацияси марказининг олдига қўйилган мақсад ва вазифаларга қисқача тўхталар экан, айнан шу масалага тўхталиб, жумладан, бундай деди: “Биз аждодларимиз билан доимо фахрланиб келганмиз. Шундай экан, ўзимиз ҳам уларга муносиб бўлишимиз керак. Ташкил этилаётган марказда ҳам бунинг учун барча шароитларни яратиш, етук олимларни жалб қилиш лозим. Мазкур соҳага оид адабиётларни жамлаш, чет элларда бўлса, юртимизга олиб келиш чораларини кўриш зарур. Бундан ташқари, мамлакатимиздаги диний йўналишдаги тўққизта ўрта махсус ва иккита олий таълим муассасаси ҳам марказ ихтиёрига ўтказилади. Бу ерда сабоқ берадиган ўқитувчилар билими ва савиясига алоҳида эътибор қаратиш даркор”.

Марказ лойиҳаси билан танишган президентимиз унинг ташқи кўриниши, ҳатто қурилиш материаллари ҳам эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади ҳамда ҳамманинг кўзи ўрганиб қолганидек қилиб эмас, бутунлай янгича  шакл ва дизайнда қуриш зарурлигини тавсия қилди.

Президентимизнинг ана шу тавсияси Соҳибқирон бобомизнинг “Бизнинг қудратимизни кўрмоқчи бўлсангиз, қурган иморатларимизга боқинг”, деган иборасига ҳамоҳанг бўлди. Зеро, кўз ўрганиб қолмоғи, бир хиллик дегани, аслида фикрлашдан, изланишдан тўхташдан дарак беради...

Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва тенологиялар бўйича биринчи саммитида нутқ сўзлаган президентимиз мусулмон давлатларининг кўпчилиги илм-фан ва технология соҳасида ортда қолаётганини таъкидлар экан, бу муаммони бартараф этиш ҳамда илм-фан равнақини янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилиб илмий ютуқлар учун ИҲТ мукофотини жорий этиш таклифини билдирди. Бу таклифни эшитиб ҳамма хурсанд бўлди.

Бинобарин, бундай мукофот илм аҳлларини янада катта куч-қувват, завқу шавқ билан ишлашга янги-янги ихтиролар, кашфиётлар қилишга ундайди. Шу тариқа дунё ранг-баранг бўлиб бораверади. Инсонларнинг яшашга, ишлашга, изланишга, ижод қилишга рағбати кучаяди. яратувчилик завқи ортади.

Бундан ортиқ нима керак одамга!..

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

Read 7784 times

Мақолалар

Top