Мақолалар

Унутувчан бандамиз!

Қуръони каримда «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг» (Зумар, 53), деган оят борлигини унутиб қўямиз ва бунинг оқибатида мудом аҳволимиздан нолиб юрамиз.

«Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Бақара, 153) оятини унутиб «Ҳаёт ташвишларидан қийналиб кетдим», деймиз.

«Сабр-косам тўлди» деймиз-у, Аллоҳнинг сабр қилувчиларни мағфират қилишини ва катта мукофот ато этишини, сабр ажри жаннат эканини (Ҳуд, 11; Инсон, 12) унутиб қўямиз.

«Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)» (Раъд, 28), деган каломни унутиб қўямиз ва «Мени ҳеч ким тушунмайди ва таскин беролмайди», деб ғишава қилиб юрамиз.

Аллоҳнинг «...уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг» (Оли Имрон, 159), деган каломини унутиб қўямиз-да, «Одамлар менга озор беради, дилимни оғритади...» деймиз.

«Ёлғизман», деб ўксинамиз-у, лекин «Биз унга (инсонга) бўйин томиридан ҳам яқинроқдирмиз» (Қоф, 16)  оятини ёдга олмаймиз.

«...гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар» (Оли Имрон, 135), деган оятни унутиб қўйганимиз оқибатида «Шунчалар гуноҳкорманки...» дея ваҳимага тушамиз.

Аллоҳнинг «Мени ёд этинг, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман» (Бақара, 152), деган ваъдасини унутиб, «Мени ташлаб кетма...» дея ёлворамиз.

«Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга ташвишлардан чиқиш йўлини (пайдо) қилур» (Талоқ, 2), деган оятни унутганимиз сабабли «Қийинчиликларга жуда кўп дуч келаман», деб нолиймиз.

«Орзуларим кўп...», дея умидланамиз-у, Аллоҳнинг «Менга дуо қилинг, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!» (Ғофир, 60), деган ваъдаси борлигини унутаёзамиз.

Баъзида Аллоҳ берган неъматларни унутиб, ношукрлик қиламиз-у, Аллоҳнинг «...Қасамки, агар сизлар (Менинг берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман...» (Иброҳим, 7), деган ваъдаси борлигини унутиб қўямиз.

Нақадар унутувчан банда эканимизни сиз ҳам бир тафаккур қилиб кўринг-а!

Бахтиёр АБДУЛЛАЕВ,   

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

 

Read 5813 times

Мақолалар

Top