Мақолалар

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ҳаёт йўллари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Хайбар фатҳидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Водил Қуро томон юрдилар. Қишлоқлари кўп бўлгани учун ҳам бу водий шу ном ила аталар эди («Водил Қуро»нинг маъноси «Қишлоқлар водийси»дир). Унда араблар билан яҳудийлар ҳам яшар эдилар. Бу жой Арабистон яриморолидаги энг ҳосилдор ерлардан бўлиб, унда булоқлар ва қудуқлар кўп эди. У Хайбар билан Тиймаа номли жойнинг орасида жойлашган эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у ернинг аҳолисига Ислом динини таклиф қилдилар. Агар Исломга кирсалар, молларини ҳам, қонларини ҳам сақлаб қолишлари мумкинлигини айтдилар. Аммо улар Исломни қабул қилмадилар.

Орада уруш бўлди. Бу урушда саҳобалар орасида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу янада шуҳрат қозондилар. Мусулмонлар нусратга эришиб, кўплаб нарсаларни ўлжага олдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлжаларни саҳобаларига тақсимлаб бердилар. Ер ва хурмоларни ҳосилига тенг шериклик шарти билан яҳудийларга қолдирдилар.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у зотнинг барча жангларида иймон ва ихлос-ла иштирок этдилар.

Имом Ҳоким бу ҳақда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўзларидан қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қай бир жанг ёки сарийяга чиққан бўлсалар, албатта, мен ҳам чиқдим».

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Ҳудайбия сулҳида ҳам қатнашиб, Ризвон байъати иштирокчилари қаторига қўшилишга мушарраф бўлдилар. 

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ўз одатларича, Хайбар жангида ҳам мислсиз фидокорлик кўрсатдилар. Ўша куни ҳазрати Али розияллоҳу анҳу яҳудийларнинг паҳлавони Миҳрабни ер тишлатганларидан кейин унинг укаси паҳлавон Ясир майдонга чиқди. У ўз найзасини мусулмонларга қарата силтаб кела бошлади. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу унинг қаршисига чиқдилар. Шунда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу у кишига:
«Сенга қасам ила айтаманки, уни менга қўйиб бер», дедилар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу четга чиқдилар. Ясир найзасини ўйнатиб келаверди. Унинг қаршисида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу пайдо бўлдилар. 

Шунда у кишининг оналари Софийя розияллоҳу анҳо:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг ёлғиз ўғлим қатл бўладими!?» деди.
«Йўқ! Ўғлинг уни қатл қилади», дедилар у зот. Бас, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу уни қатл қилдилар. 


Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Батаҳқиқ, Хайбар «Марҳабо», деди ва осон бўлди», дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга Маккани фатҳ қилишга тайёргарлик кўришга амр бердилар. У зот бу ишни сир тутиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар.

Ҳотиб ибн Абу Балтаъа эса Пайғамбар алайҳиссаломнинг юришга қасд қилганликлари ҳақида хат ёзиб, бир аёл орқали Қурайш қабиласига юборди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг дуоларини қабул айлаб, бунинг хабарини у зотга билдирди.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрати Али, Зубайр ибн Аввом ва Миқдодни чақириб: «Тезда йўлга отланинглар, сизларга бир боғ дуч келади, у ердан бир аёлни топасизлар, унда хат бор, ўша хатни олиб, қайтинглар», дедилар. 

Учовлон от чоптириб, боққа бориб, аёлни топишди ва «Хатни чиқар», дейишди. Аёл «Менда хат йўқ», деди. Шунда учовлон хатни қидириб бўлса ҳам топишларига ишора қилиб: «Ё хатни чиқарасан, ё кийимларингни ечасан!» дейишди.

Аёл ночор соч турмаклари орасидан хатни чиқариб берди. Учовлари хатни олиб, Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига боришди. Қарашса, Ҳотибнинг мушрикларга ёзган хати экан.

Бу ҳодисада ҳам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг махсус топшириқларни бажарувчилик сифатлари қўл келди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилиб, шаҳарга музаффар ҳолда кириб борганларида у зотнинг лашкарлари чап қанотининг қўмондони Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу эдилар. Ўша куни Ислом лашкарининг ўнг қанотига Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳу қўмондонлик қилар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага кириб, ҳамма тинчиб бўлганидан кейин Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ва Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳу отлари билан у зотнинг ҳузурларига келдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб бориб, кийимлари билан уларнинг юзларидаги ғуборни артдилар ва:
«Мен отга икки ҳисса ўлжа, отлиққа бир ҳисса ўлжа тайин қилдим. Ким уни ноқис қилса, уни Аллоҳ ноқис қилсин», дедилар.


«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

 

Read 1284 times

Мақолалар

Top