Мақолалар

Аллоҳ таоло 10 нарсани “нур” деб атади

Биринчиси, Аллоҳ таоло Ўзини “Нур” деб атади: «Аллоҳ осмонларнинг ва Ернинг нуридир ҳамма нарсанинг нури – ёруғлигини берувчи, борлиқни ёритгувчидир» (Нур сураси, 35-оят).
Иккинчиси, Қуръони каримни: «Эй инсонлар! Муҳаққақки, сизларга Раббингиздан бир бурҳон (ўлароқ мўъжизалар ила ҳазрати Муҳаммад) келди ва Биз сизларга очиқ бир нур (қилиб Қуръонни) нозил қилдик» (Нисо сураси, 174-оят).
«Лекин Биз уни (Қуръонни) бир Нур қилдик, Ўз бандаларимиздан хоҳлаганимизни у орқали тўғри йўлга ҳидоят қилурмиз» (Шўро сураси, 52-оят).
«У ҳолда Аллоҳга, Унинг Расулига ва Биз нозил қилган Нурга (Қуръонга) имон келтиринглар. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан тугал хабардордир» (Тағобун сураси, 8-оят).
Учинчиси, Тавротни(нг аслини): «Ҳеч шубҳасиз, ўзида ҳидоят ва нур (аҳком ва насиҳатлар) бўлган Тавротни Биз нозил қилдик» (Моида сураси, 44-оят).
(Изоҳ. Бу васф фақат Таврот туширилган даврга тегишлидир, инсонлар қўли билан бузилган бугунги кундаги нусхаларга алоқаси йўқ.)
Тўртинчиси, кундузни нур деб атади: «Ер Раббининг нури ила ёришур» (Зумар сураси, 69-оят).
Бешинчиси, тавҳидни: «(Улар) Аллоҳнинг нурини (гўё) оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Ҳолбуки, кофирлар ёқтирмаса-да, Аллоҳ Ўз нурини (Ислом динини батамом ёйиб) камолига етказгувчидир» (Саф сураси, 8-оят).
Олтинчи, Исломни: «Аллоҳ кимнинг кўксини (қобилият ва туйғуларини, ният ва истаклари сабабли) Исломга очиб қўйган бўлса, у Раббидан (келган) бир нурда бўлмасми, ахир!» (Зумар сураси, 22-оят).
Еттинчиси, қиёмат кунидаги мўминларнинг нурини: «Бизга қаранглар (бизни кутинглар, токи) нурингиздан ол(иб бир оз фойдалан)айлик», дерлар (Ҳадид сураси, 13-оят).
Саккизинчиси, маърифатни: «Унинг нури мисоли бир токчадаги (қувватли) чироқ кабидир» (Нур сураси, 35-оят).
Изоҳ. Ҳидоят топган мўминларга, хоссатан, нури илоҳийдан етган ҳидоят ва маърифатнинг насибаси шуки, обид мўминнинг жисми бир токча кабидир, ичида юлдуз каби порлоқ бир қандил қўйилгандир. У қандил унинг қалбидирки, олами улвийга боғлиқдир, у қандилда ҳидоят ва маърифат чироғи ёниб туради (тафсири Саййид Маҳмуд Торозий – М.К.).
Тўққизинчиси, Пайғамбар алайҳиссаломни: «Дарҳақиқат, сизларга Аллоҳдан бир нур (ҳазрати Муҳаммад) ва равшан бир Китоб (Қуръон) келди» (Моида сураси, 15-оят).
Изоҳ. Кўпчилик муфассирлар бу оятдаги “Нур”дан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир, деб ёзганлар. Дарҳақиқат, бошқа кўпгина оятларда ҳам у зот нур ва чироқ каби нурафшон нарсаларга ўхшатилган (Аҳзоб сураси, 46-оятга қаралсин.) (Абдулазиз Мансур).
Ўнинчиси, ойни: «У Қуёшни бир зиё, ойни бир нур қилган Зотдир» (Юнус сураси, 5-оят).
«Ва у (етти қават осмон)лар ичида ойни нур қилди, қуёшни эса (ёруғлик манбаи бўлмиш) чироқ қилди» (Нуҳ сураси, 16-оят).

Шайх Аҳмад Ғаззолийнинг
“Баҳрул маҳабба” асаридан.

MuslimShosh

Read 2276 times

Мақолалар

Top