Мақолалар

Саломга бефарқ бўлманг

Биз салом беришни оддий бир ҳолат деб тушуниб қолганмиз. Шунинг учун хоҳласак салом берамиз, хоҳламасак йўқ. Алик олиш ҳам шунга ўхшаш. Гоҳида эътиборсизлик билан “ҳим” деб ўтиб кетаверамиз. Аслида мусулмон киши бу ибодатга эътиборсиз бўлмаслиги керак. Бу борада Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” китобида кўплаб ҳадислар келган. Улар билан танишиб, ўқиш, уқиш ҳар бир мўминга наф келтиради.

— “Набий с.а.в. шундай дедилар: “Аллоҳ Одам алайҳиссаломнинг бўйларини олтмиш аршин қилиб яратди. (Бир аршин – 42 сантиметр). Сўнг ўтирган бир неча фаришталарни кўрсатиб, “Анавиларнинг олдига бориб, салом бергин ва уларнинг қандай алик олишларини эшитгин. Бу сенинг ва зурриётингнинг саломи бўлади”, деди. “Ассалому алайкум”, деди у. “Ассалому алайка ва роҳматуллоҳи”, дейишди. Унга “ва роҳматуллоҳи”ни зиёда қилишди. Ким жаннатга кирса у (Одам)нинг суратида киради. Ҳозиргача халқ нуқсонга учраб келмоқда, (яъни одамзоднинг жуссаси замон ўтиши билан кичрайиб келмоқда)”.

– Набий с.а.в.: “Саломни тарқатинг, саломат бўласиз”, дедилар.

– Набий с.а.в.: “Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмассиз. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўлмассиз. Ўзаро муҳаббат қилишингизга сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми?” дедилар. “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!” дейишди. “Орангизда саломни кенг тарқатинг”, дедилар.

 – Расулуллоҳ с.а.в.: “Рахмонга ибодат қилинглар! Таом беринглар! Саломни тарқатинглар! Жаннатларга кирасизлар”, дедилар.

 – .... Абу Бакр Сиддиқ р.а. Агар р.а.га: “Одамлар сендан олдин салом бераётганларини кўряпсанми? Уларга ажр бўлади. Уларга сен олдин салом бер. Сенга ажр бўлади”, деди.

– Расулуллоҳ с.а.в.: “Мусулмон учун ўз биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиши ҳалол эмас. Учрашиб қолсалар, униси ҳам юз ўгиради, буниси ҳам юз ўгиради. Икковларидан қай бири аввал салом берса, ўша уларнинг яхшисидир”, дедилар. Набий с.а.в.: “Одамларнинг Аллоҳга энг яқини уларга энг аввал салом берганидир”, дедилар. Расулуллоҳ с.а.в.нинг ўзлари ҳаммадан олдин салом берар эдилар. Сахобаи киромлар атайлаб пойлаб туриб ҳам у зотдан аввал салом беришга улгурмай қолар эдилар. Салом бериш, алик олиш нафақат ҳадисларда, ҳатто Аллоҳ таоло Қуръон Каримда ҳам бир неча бор таъкидлаб келган ибодат экан. Жумладан, “Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчи Зотдир”, деган. (Нисо сураси 86-оят). Расулуллоҳ с.а.в.дан “Қайси амал энг яхши амал?”- деб сўралганда, у зот: “Таниган ва танимаган одамингга таом ва салом бермоғинг” деб жавоб берганлар.

– Расулуллоҳ с.а.в: “Албатта, Салом Аллоҳ таолонинг исмларидан биридир. Аллоҳ уни ер юзига қўйган. Бас, ораларингизда саломни ёйинглар”, дедилар.

– Набий с.а.в.: “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир. ... Қачон учратсанг, унга салом бер; даъват қилса, ижобат қил; насиҳат сўраса, насиҳат қил; акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтса, ташмит айт; касал бўлса, зиёрат қил; вафот этса, жанозасида иштирок эт”, дедилар. (Акса урган “Алҳамду лиллоҳ” деса, эшитган “Ярҳамукаллоҳ яшфийка” дейди). Бу ҳадисда салом беришлик, касални кўриш ва жаноза ўқиш каби улуғ ибодатлар қаторида биринчи бўлиб айтилмоқда. Саломни нақадар зарурий ибодат эканлигини шундан ҳам билиб олсак бўлади.

– Набий с.а.в.: “Уловдаги пиёдага салом берсин, пиёда ўтирганга салом берсин, озчилик кўпчиликка салом берсин. Ким саломга алик олса, ўзига фойда. Ким алик олмаса унга ҳеч нарса йўқ”, дедилар. (Уловдагининг пиёдага салом бериши, ёки олдин салом бериш одамдаги кибрни йўқотади. Кўпчиликка салом берилганда уларнинг ҳаммаси алик олиши шарт эмас. Бир киши алик олса, ҳаммадан соқит бўлади).

 – Жобир р.а.: “Икки пиёда учрашиб қолса, ким олдин салом берса, ўша афзал бўлади”.

– Ҳусайн: “Шаъбий отлиқни кўрганда унга салом берди. “(Эй Шаъбий) отлиққа салом берасанми?” дедим. У: “Шурайхнинг пиёда бўла туриб олдин салом берганини кўрганман”, деди”. (демак, шароит тақозосидан келиб чиқиб, пиёда отлиққа биринчи салом бериши ҳам мумкин экан).

– Расулуллоҳ с.а.в: “Кичик каттага, пиёда ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради”, дедилар.

 – Саъд: “Абдуллоҳ ибн Амр ва Қосим ибн Мухаммад билан бирга сафарга чиқди. Сариф деган жойда тўхташганда олдиларидан Абдуллоҳ ибн Зубайр ўтди ва қўли билан ишора қилиб салом берди. Иккиси алик олди”.  (Демак, овоз эшитилмайдиган шароитда қўл билан ишора қилиб салом бериш ва алик олиш мумкин экан, масалан, мошинада кетаётганда)

 – Абдулло ибн Умар: “Қачон салом берсанг эшиттириб бер. Чунки салом Аллоҳ таоло томонидан келган муборак, пок табрикдир”, дедилар. (Аммо бир қисми уйқуда бошқаси уйғоқ одамлардан иборат жамоа олдига кирган одам уйғоқлар эшитадиган ва ухлаётганлар уйғонмайдиган қилиб салом беради).

– Ибн Абу Талҳадан: “Туфайл ибн Убай ибн Каъб хабар берди. У Абдуллоҳ ибн Умарнинг ҳузурига борар ва бирга бозорга чиқар эди. “Бозорга чиққанимизда, Абдуллоҳ ибн Умар увадачининг олдидан ўтса ҳам, савдогар ёки мискиннинг, хуллас, кимнинг олдидан ўтса албатта салом берар эди.” Туфайл айтади: “Бир куни Абдуллоҳ ибн Умарнинг олдига бордим. Бас, у мендан ўзига эргашиб бозорга боришимни сўради. Мен: “Бозорда нима қиласиз? Савдонинг олдида тўхтамайсиз, савдо молининг нархини сўраб ҳам қўймайсиз, савдолашмайсиз ҳам. Бозорнинг бирор мажлисида ўтирмайсиз ҳам. Шу ерда гаплашиб ўтира қолайлик”, дедим. Шунда Абдуллоҳ менга: “Ҳой Қоринбой! (Туфайлнинг қорни катта эди) Биз у ерга ўзимизга йўлиққанларга салом бергани борамиз”, деди”.( Ҳазрат Умарнинг ўғли ҳам салом беришнинг савоби нақадар катта ва баракотли бўлганлигини билгани учун одам кўп бўладиган бозорга фақат салом бериш учун борар экан).

– Расулуллоҳ с.а.в: “Бирортангиз мажлисга келса, салом берсин. Қайтса ҳам салом берсин. Кейингиси аввалгисидан ҳақли эмас”дедилар. (Яъни икковининг ҳам ажри баробар).

– Анас ибн Моликдан: “Набий с.а.в.нинг сахобалари жамланган бўлар эдилар. Олдиларидан дарахт чиқиб қолса, уларнинг бир тоифаси унинг ўнг томонидан, яна бир тоифаси чап томонидан айланиб ўтардилар ва йўлиққанларида бир-бирларига салом берар эдилар”.

– Собит Бунаний: “Анас эрталаб дўстлари билан кўришиш учун қўлига хушбўй мой суртар эди”.

– Абдуллоҳ ибн Амр: “Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули! Исломнинг қайси хислати яхши?”деди. “Таом беришинг ва таниган-танимаган кишингга салом беришинг”, дедилар”.

– Абу Ҳурайрадан: “Одамларнинг энг бахили салом беришга бахиллик қилган кишидир. Фойдадан насибасиз киши саломга алик олмаганидир. Агар сен билан биродаринг орасига дарахт тушиб қолса, сен ундан олдин салом беришга қодир бўлсанг, шуни қил”.

Холмуҳаммад домла Салимов,

 Ургут тумани “Манғитобод” жоме масжиди имом-хатиби тайёрлади.

 

Read 682 times

Мақолалар

Top