Мақолалар

Ерда бузғунчилик қилманг

Огоҳлик

Атрофимизда жуда кўп манзараларни кўрамиз. Кимдир бой, кимдир фақир, кимдир очликдан, кимдир тўқликдан ўлганини кўрамиз. Ер юзида зулм бўлаётгани, кимнингдир кўзи ожиз, кимдир ҳаракатлана олмайдиган ногирон, кимдир касаллик сабаб ҳолдан тойганини кўрамиз.

Одамлар орасида ҳаддан ошиш, зулм урчиган. Биз эса: “Болалар очликдан ўляпти. Қарилар заҳмат чекяпти. Қани бу ерда адолат?” деймиз. Озгина фикр қилсак бу иллатларнинг бари Аллоҳ таолонинг йўлида юрмасликдан эканини кўрамиз. Инсон ғурури ва жоҳиллиги сабаб ер юзида фасод қилади. Бунинг натижасида сизу биз кузатган манзаралар юзага келади. Аллоҳ таоло Каломида айтади: У (Ернинг) устида тўла тўрт кунда тоғларни (пайдо) қилди ва уни баракотли қилди ҳамда ўша (ер)да унинг емишларини белгилади (тақсимлади). (Бу тафсилот Еру осмонлар ҳақида) сўровчиларга мосдир[1] (Фуссилат сураси, 10-оят).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло “ўша (ер)да унинг емишларини белгилади” деган экан, ер юзидаги егуликлар Одам алайҳиссаломнинг давридан то қиёмат кунигача келадиган барчага етади. Бунга бир юртда очлик юз берса, бошқа жойдан олиб келиниши (импорт қилиниши) далилдир. Демак, масала озуқанинг инсониятга нисбатан камлигидамас, балки инсоннинг уни нотўғри тақсимлашида. Агар ишлар Аллоҳ таолонинг кўрсатмасига мувофиқ қилинганида ҳар бир инсон эҳтиёжи тушган озуқасини қийинчиликсиз қўлга киритган бўлар ва мувозанат сақланарди...

***

Шундай давлатлар борки, озиқ-овқат ва ишлаб чиқаришда нархларни бошқаради. Масалан: Америка нархни баланд ушлаб туриш учун ҳатто фермерларини (агар буғдой кўпайиб кетса) буғдой экишдан қайтаради ва бадал (конпенсация) тўлайди. Масалан: Бразилия қаҳва (кўпайиб кетганда) нархи тушиб кетмаслиги учун уни денгизга ташлайди. Бошқа давлатлар ҳам борки, сут, тухум ва бошқа турли махсулотларни исроф қилиб сувга оқизади. Мақсад юқори нархни ушлаб туриш. Ҳолбуки, миллионлаб инсон ўша нарсаларга муҳтож. Бир бурда нон ёки бир пиёла сутга ёки бир дона тухумга зорлар бор. Аллоҳнинг халқидан қизғониб, уларни маҳрум қолдирган ҳолда исроф қилинаётган ўша неъматлар Аллоҳ таолоникидир. Мана шу ерда бузғунчилик қилишдир.

Агар бу неъматлар инсон ишлаб чиқарган (инсон яратган) нарсалар-ку, дейилса, айтамизки, “тўғри, уларники бўлиши мумкин. Лекин у барибир Аллоҳнинг яратганидир. Чунки ўша суту гўштларни берадиган ҳайвонларни ҳам, тухум туғадиган паррандаларни ҳам, буғдой ва бошқа неъматлар униб чиқадиган ерни ҳам улар яратганлари йўқ. Юқоридаги ишлари билан эса Аллоҳнинг неъматларини Унинг бандаларидан тўсдилар.

Башарий ихтиёр – инсонга берилган танлаш имкони бор экан, яхшилик ўрнига бахтиқаролик, яратиш ўрнига яксон этиш, ечим ўрнига ерда муммо яратиш Аллоҳнинг амри ва дастуридан узоқлашдир. Бу ишлар инсонга бало олиб келади...

Баъзи давлатлар эркинлик номи остида зинони талаб қилишди. Биржинслилар никоҳини қонунийлаштиришгача боришди. Ҳатто буни инсоннинг шахсий эркинлигини белгиловчи катта ҳақлардан деб, белгилашди. Ҳолбуки, инсон эркинлигини белгилаб берувчи энг катта меъзон Аллоҳнинг дастуридир.

Хўш, ўшандан кейин нима рўй берди?

ОИТС тарқалди. Бу ўлдирадиган бедаво  касаллик. Бутун дунё олимларининг боши гаранг, бирор натижа йўқ. Шахсий эркинлик, зино ва биржинслилар никоҳи ҳақида гапирган давлатлар одамлардан ахлоқли бўлишни талаб қилишади. Буни иймон тақозосидан келиб чиқиб қилишадими? Йўқ, албатта. Уни (ахлоқли бўлишни) ўлим билан тугайдиган касалликдан қутилиш учун мажбурлик ва чорасизликдан  қилишди.

Мана шуларнинг барчаси мана шу коинотда, бизнинг атрофимизда бўлаётган ҳодисалардир. Биз эса парво қилмаяпмиз. Ҳолбуки, Холиқ бўлган Зот: “Сизга қандай яхшилик етса, у Аллоҳдандир. Сизга қандай нохушлик етса, у ўзингиздандир” (Нисо сураси 79-оят) дея огоҳлантириб турибди. Яна ҳам жайдари қилиб айтсак, “ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ баробар ёнади”. Шундай экан, ҳар бир инсон ўз вазифасини, бурчини масъулият билан адо этиши, айниқса, бугун лозим ва лобуд бўлмоқда...

Шайх Мутавалли Шаъровийнинг

“Яхшилик ва ёмонлик” китобидан

Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ таржимаси

 

 

[1] 10-оят. Ҳадисга кўра, Аллоҳ таоло Ерни якшанба ва душанба кунлари яратган. Тоғларни сешанба куни, дарахтлар, сув, обод ва хароб ерларни чоршанба куни яратган. Шу билан тўрт кун ўтган. Пайшанба куни осмонларни, жума куни эса юлдузлар, қуёш, ой, фаришталар ва куннинг охирида Одам (а.с.)ни яратган. У чарчамаган, дам олмаган (Мд.).

Read 786 times

Мақолалар

Top