Мақолалар

Тоғлар ҳам ҳаракатда

Қуръони карим оятларида тоғларнинг қотиб турмаслиги, доимий ҳаракатда экани айтилган. Жумладан, Намл сурасининг 88-оятида: “Сиз тоғларни кўриб (мангу) қотиб турувчи, деб ўйларсиз. Ҳолбуки, улар ҳам худди булутлар (сузиб) юргандек (ҳавода сузиб) юрарлар. (Бу) барча нарсани пухта қилган зот – Аллоҳнинг синоатидир. Албатта, У зот сизлар қилаётган (барча) ишлардан огоҳдир”, дейилган.

Ояти каримада айтилганидек, тоғнинг қўзғалиши, у ернинг юзасида жойлашгани боис, ернинг қобиғи ҳаракатлангани сабабли юз беради. Ернинг қобиғининг ўзи эса  суюқлик ҳолатида бўлиб сузувчан ҳаракатда бўладиган қисмининг тепасидаги, геологияда “мантия” деб аталадиган бирмунча зич қатлам устида жойлашган

Йигирманчи аср тонгида биринчи бўлиб немис олими Альфред Вегенер ернинг юзасидаги қитъалар ернинг ривожланишининг дастлабки даврларида бир-бирига яқин ҳолатда бўлган ва фақат уларнинг турли томонларга қараб ҳаракатланиши натижасида бир-биридан айрилган ва вақт ўтиши билан узоқлашиб кетган деган ғояни илгари сурган эди. Унинг ушбу назариясининг тўғри эканига олимлар 1980 йил, Вегенернинг ўлимидан 50 йил ўтганидан сўнг иқрор бўлди.

Йигирманчи юзйиллик бошларида ўтказилган геологик тадқиқотлар натижасида ернинг қобиғи ҳаракатланиши ўрганилган. У илмий манбаларнинг бирида қуйидагича тавсифланган:

“Ернинг қобиғининг асосини ҳосил қиладиган олтита ва беҳисоб даражада кўп кичик қатламлар мавжуд. “Қобиқлар техникаси” деб номланган назарияга кўра, ана шу қобиқлар ўзида қитъаларни мужассам этганидек, уммонлар тубини ҳам қамраб олган ҳолда муайян ҳаракатларни содир этади.  Ҳисоблаб чиқилишича, қитъалар, масалан, йил давомида ҳажмига қараб бир сантиметрдан беш сантиметрга қадар жойидан силжийди. Ер қобиқларининг бу тарзда жойи ўзгартириши натижасида  секин-аста унинг физик-географик хусусиятларидан ҳам ўзгариш юз беради”.

Бу ерда муҳим бир масалага эътибор қаратиш керак, ояти каримада “(ҳавода сузиб) юрарлар” иборасида – олимлар инглиз тилида сузиб юришни ифода этадиган: Continental drift, яъни қитъа дрейфини танлаганлар. 

Яқиндагина аниқланиб бутун оламга илмий кашфиёт сифатида жар солинаётган ушбу илмий ҳақиқат бундан қарийб бир ярим минг йил бурун Қуръони каримда икки оғиз сўз билан айтиб қўйилган экан. Ушбу ҳақиқат муқаддас Китобнинг мўъжизавий хусусиятини яна бир бор тасдиқлайди.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

 

Read 5836 times

Мақолалар

Top