Мақолалар

Инсон айбини беркитмоқ энг гўзал одоблардан

Маълумки, ислом динида бешта фарз бор. Яъни ислом динининг бешта устуни. Ҳаётий тажрибадан шу нарса равшанки, устун бирор пойдевор устига қурилиб, сўнг тикланади. Агар пойдевор бўлмаса, устун чириб, охир оқибатда йиқилади. Бу бешта устун ҳаммамизга маълум. Устунларнинг пойдевори нима? Бу макоримул ахлоқ – буюк хулқдир. Макоримул ахлоқ дегани ўзи нима? Бу – одоб, меҳр-оқибат, ҳурмат, яхшилик, хушмуомала ва бошқаларни айбларини беркитиш дегани. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ишора қилиб:

 وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ 

 “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”, деган. (Қалам сураси, 4-оят)

Аллоҳ таоло бу оятда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қилган ибодатларини эмас, хулқларини мақтамоқда. Ибодатларимизни қабул бўлишида, дуоларимизни мустажоб бўлишида асосий ўрин тутадиган нарса бу ҳусни хулқдир. Хулқнинг макони қалбдир. Қалб тоза бўлса, унда ҳеч бир фитнага, фисқу фасодга ва адоватга ўрин қолмайди. Кимнинг қалбига Аллоҳ таоло ҳусни хулқ ато этган бўлса, бундай қалб эгаси раҳмдил, кечиримли, мулойим, бошқаларни айбини беркитадиган бўлади. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васалламнинг ўзлари: “Мен макоримул ахлоқ (яхши хулқлар)ни мукаммал этиш учун юборилганман”, – деганлар. Ҳақиқатан, Муҳаммад алайҳиссалом олий даражадаги комил инсон эканларига асло шубҳа йўқ.

Банда ҳатодан ҳоли эмас. Билиб ё билмасдан бир айб иш қилса, уни ўзи ё ўзгалар ошкор қилишлиги жоиз эмас. Зеро, Аллоҳ очмаган пардани очмаган маъқул. Киши биродаридан бир айб ё ҳатони кўрса, уни ислоҳ қилишга, тўғрилашга ҳаракат қилмоғи лозим. Бу иш қўлидан келмаса, у айбни яширишлиги яхшидир. Буюк хулқ эгаси бўлган Пайғамбар алайҳиссаломдан инсонларни айбини яшириш тўғрисида келган ривоятларнинг баъзиларни келтирамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Банда дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ қиёматда унинг айбини яширади” (Муслим ривояти)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мусулмондан дунё машаққатларидан бир машаққатни кўтарса, Аллоҳ таоло ўша бандадан қиёмат кунида қиёмат машаққатини кўтаради.  Ким бир мусулмоннинг дунёда айбини тўсса, Аллоҳ таоло охиратда унинг айбини тўсади. Ким бир мусулмонга дунёда ёрдам қилса, Аллоҳ охиратда унга ёрдам қилади” (Муслим ривояти)

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди. Ким биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатида бўлади. Ким бир мусулмондан дунё машаққатини кетказса, Аллоҳ қиёматда ундан машаққатни кетказади. Ким мусулмоннинг айбини тўсса, Аллоҳ қиёматда унинг айбини тўсади”. (Абу Довуд ва Термизий ривояти)

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин ўз биродарини айбини кўриб, уни яширса, шу сабабли Аллоҳ таоло уни жаннатга киритади”. (Табароний ривояти)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким биродарининг айбини тўсса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг айбини тўсади. Ким биродарини айбини очса, Аллоҳ таоло унинг айбини очади, ҳатто уйини ичида бўлса ҳам шарманда қилади”. (Ибн Можа ривояти)

Авлиёлар султони Хотамул Асом қуддиса сирруҳу бир куни уйларида ўтирсалар бир аёл ўз ҳожатини сўраб кирибди. Шу вақт беҳосдан аёлдан ел чиқиб, таҳорати бузилибди. Улуғ зот ҳалиги аёлнинг айбини яшириб, ҳижолатчиликдан чиқариш учун: “Эй, аёл! Қаттиқроқ гапир!”, дебдилар. Аёл ҳижолатчиликдан чиқиб, “уни қулоғи яхши эшитмас экан”, деб кўнгли жойига тушиб, сўрайдиган нарсасини сўраб кетган экан. Ана шу воқеадан кейин Хотамул Асом ўн саккиз йил гаранг ҳолда яшаган эканлар. Сабаби ҳалиги аёл ўн саккиз йилдан кейин вафот этган экан. Хотамул Асом аёлни вафот этганини эшитиб, гаранг эмасликларини айтганларида, шогирдлари ҳайрон бўлиб: “Устоз, у аёл ҳузурингиздан чиқиб кетганидан кейин асли ҳолингизда турсангиз бўлардику”, дедилар. У  зот: “Йўқ. Агар у аёл уйига борганидан кейин мени гаранг эмаслигимни билиб қолса, ҳижолат бўларди” деган эканлар. (“Тазкиратул авлиё” асари)

Яратган бандаларига лутфи карамини, марҳаматини кўрсатганидек, уни ердаги ўринбосари бўлган ҳазрати инсон ҳам инсонларга ўта меҳрибон, кечиримли ва уларнинг айбларини беркитишдек улуғ фазилат соҳиби бўлишга ҳаракат қилмоғи даркор. Устозларимиз айтган эдилар: “Авваллари оила муносабатида эр-хотин ўртасида низо келиб чиқиб, оилавий ҳаётлари нихоясига етиб қолганда ҳам улар бир-бирларининг айбларини, ҳатоларини ошкор қилмас экан. Баъзан нима сабабдан, нима камчилик топтингки, бирга яшамоқчи эмассизлар, деб савол қилинганда ҳам улар одоб сақлаб, ҳатоларини гапирмас  экан. Такрор-такрор сўралгандан кейин саволларига: “агар мен ҳозир бу аёлни айбини айтсам, эртага билмайман яна бирга оилавий ҳаёт қурсак ўз аҳлимни айбини фош қилган бўламан. Тақдир тақозоси билан айри йўлга кетсак мен бировнинг айбини фош қилган бўламан”, деб ўзаро лутф қилишар экан”.         

 “Қиёмат куни Аллоҳ таоло бандасини ёлғиз тутиб, дунёда қилган ҳамма ишларини унга кўрсатади. Шунда банда: “Тамом, ҳалок бўлдим, нажот топмасам керак”, деган ўйга боради. Аллоҳ азза ва жалла унга: “Сени бу айбларингни дунёда фош қилганманми?”, деб сўрайди. У: “Йўқ”, деб жавоб қилади. Аллоҳ таоло Ўз буюклиги билан: “Бугун ҳам уни фош қилмайман”, деб марҳамат қилади”, деган экан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Термизий ривояти)

Аллоҳ таоло барчаларимизни бандачиликда қилган ҳато-нуқсонларимизни авф этиб, Ўзининг аҳли жаннат бандаларидан бўлишимизни насиб этсин!

 

Жалолиддин Ҳамроқулов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Read 942 times

Мақолалар

Top