Мақолалар

Айбни ўзингдан қидир...

Бошига мушкулот тушганда бошқаларни маломат қилувчи кимсаларни кўп учратамиз. Иши юришмаса ҳам, ўқишга киролмаса, касал бўлса, кўчасида ахлат тўпланиб ётса, ҳовлисидаги дарахт қуриб қолса ҳам ­– биров айбдор. Ҳеч маҳал ўзи эмас. Бу ҳақда эшитишга ҳам тоқатсиз. Аслида бош айбдор ­– ўзидан бошқа кимса эмас. Меҳнат қилишга бўйни ёр бермайди, китоб ўқишга ҳафсаласи йўқ, соғлиғига эътиборсиз, дуч келган жойга чиқинди ташлаб кетаверади, томорқасига қарамайди ва ҳоказо.

Афсус, бу иллат айримларнинг яшаш тарзига айланган. Айниқса, унинг ёшлар орасида тарқалаётгани ачинарли. Бу худбинликнинг энг оғир кўринишидир.

Ушбу қалб хасталигидан узоқ бўлиш учун одам ўзига танқидий назар билан қарашни ўрганиши керак. Чунки инсон боласи хатокордир, ҳеч қачон мукаммал бўла олмайди. Агар у ўзидаги нуқсонларга кўз юмса, уларни тузатиш пайида бўлмаса, буткул хатолар ичида яшаб ўтишига тўғри келади.

Бу борада солиҳ салафларнинг ҳаёти бизга ибратдир. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Айбларимни менга ҳадя қилган кишини Аллоҳ раҳм қилсин”, дер эди. У киши Салмон розияллоҳу анҳудан ўз айби ҳақида сўрар эди. Бир куни олдига келганида: “Мендан сенга ўзингга ёқмайдиган нима етди?” деб сўради. Салмон розияллоҳу анҳу айтишдан бош тортса-да, қаттиқ туриб олди. Шунда: “Менга етиб келган хабарга қараганда, бир дастурхонда икки хил хўрак ер эмишсан. Икки сидра кийим қилиб олиб, бирини кундузи, иккинчисини кечаси киярмишсан”, деди. “Бундан бошқа нарса етмадими?” деди. “Йўқ”, деди Салмон. “Иккисини тўғриланди деб ҳисоблайвер”, деди Ҳазрат Умар.

Умар ибн Хаттоб Ҳузайфадан доимо: “Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мунофиқлар ҳақидаги сирлари соҳибисан. Менда мунофиқликнинг белгиларидан кўрасанми?” деб сўраб юрарди. 

Ҳа, инсон ҳамиша ҳам ўзидаги камчиликларни кўра олмайди. У эса атрофдагиларнинг кўзига аниқ ташланади. Шу маънода бошқалардан ўз хулқида, юриш-туришида кузатилаётган хатолар ҳақида сўраб туриш фойдадан холи бўлмайди. Чунки мўмин мўминнинг ойнасидир.

Бировнинг хатосини юзига солиш ёки бу айб яширин бўлса, уни элга ошкор қилиш эса мўминнинг иши эмас. Зеро, Аллоҳ очмаган пардани очмаган маъқул. Киши биродарида бир айб ё хатони кўрса, уни ислоҳ этишга, тўғрилашга ҳаракат қилмоғи лозим. Бу иш қўлидан келмаса, у айбни яшириши яхшидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилади: “Банда дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ қиёматда унинг айбини яширади” (Имом Муслим ривояти).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан келтирилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дейдилар: “Мўмин ўз биродарини айбини кўриб, уни яширса, шу сабабли Аллоҳ таоло уни жаннатга киритади” (Табароний ривояти).

Дунёда ўзига яхшиликни истаган, охиратдан умиди бўлган банда Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ушбу кўрсатмаларига ҳеч иккиланмай амал қилади. Акс ҳолда уни туганмас пушаймонликлар кутади.

Ота-боболаримизнинг бу борада ажойиб тутуми бўлган. Яъни, авваллари эр-хотин ўртасида низо келиб чиқиб, вазият ажрашиш даражасига етса-да, улар бир-бирининг айбини ошкор қилишмас экан. “Нима сабабдан бирга яшамоқчи эмассизлар?” деб сўралганда ҳам одоб сақлаб: “Тақдиримизда шу ёзилганга ўхшайди”, дейишдан нарига ўтишмаскан. Боиси, эркак: “Агар мен ҳозир бу аёлнинг айбини айтсам-у, эртага ярашиб кетиб, бирга яшай бошласак, ўз аҳлимнинг айбини фош қилган бўламан. Тақдир тақозоси билан айри йўлга кетсак, бировнинг камчилигини элга ёйган ҳисобланаман” деган андишанинг қули бўлган. Хотин ҳам шундай. Ҳозир-чи? Бўлар-бўлмасга жанжаллашиб, эр хотинини, хотин эрини бегоналарга ёмонлаши, айбларини очиб ташлашига гувоҳ бўламиз. Ёки оилаларда қайнона ва келинлар ўртасидаги можаролар ҳам нуқул айбни бир-бирига ағдаришдан келиб чиқади. Қайнона: “Келиним ҳали ёш, билиб-билмай хатоларга йўл қўяди, уларни тўғрилашга ёрдамлашиш, тарбия бериш менинг вазифам” деса, келин эса: “Катталарга гап қайтариб, бетгачопарлик қилиб, одобсизга айланмаслигим керак. Ўзим ҳам беайб эмасман, бекорга танбеҳ беришмайди”, деб танқидларни тўғри қабул қилса, олам гулистон. Афсус, бундай мулоҳазакорлик кам учраяпти. Ҳамманинг миясига “Бўш келсанг, бошингга чиқади” деган тушунча ўрнашиб олгандек, гўё.

Халқимизда “Сен яхши – олам яхши” деган пурмаъно нақл бор. Биз бировга эмас, кўпроқ ўзимизга масъулмиз. Дунёда бирор нарсани ўзгартириш шарт бўлса, аввало буни ўзимиздан бошламоғимиз лозим.

Тўлқин ЭШТЎХТАР ўғли

Read 2055 times

Мақолалар

Top