Мақолалар

Имтиҳоннинг зўри

...Кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқурлар” (Нур сураси, 37-оят).

Бойлик ва камбағаллик дунёда бўладиган имтиҳонларнинг энг қийини. Айниқса, бойлик эгаси бўлиш – қаттиқ синов. Зеро, пулни мақсадли ишлата олиш маънавияти юксак инсоннинг қўлидан келади. Кўп инсонлар: “Бойлигимни ундоқ ишлатдим, бундоқ сарфладим”, деб мақтанишади. Аслида эса, бойлик уларнинг асл қимматли нарсаларини – вақтларини, соғликларини “олиб қўйган бўлади”.

Бугун моддий бойлик жамиятнинг ҳар бир аъзосига таъсир ўтказмоқда. Инсон пулнинг, бойликнинг маҳкуми эмас, соҳиби бўлиши лозим. Бунга Аллоҳнинг амрига бўйин эгиш орқали эришиш мумкин.

Бунинг энг гўзал намунасини пайғамбарлар, асҳоби киромлар, авлиёлар ҳаётидан топамиз. Улар молу дунёни Аллоҳ розилигини топиш йўлидаги бир восита сифатида кўрардилар. Сулаймон алайҳиссаломдан бойроқ инсон бўлмаган. Фақат у зот ҳеч қачон дунёга муҳаббат қўймаган.

Бунинг акси бўлган ҳоллар – қалбни дунё ҳирсининг забт этиши инсоннинг оқибатини йўққа чиқаради.

Мўмин банда дунё билан машғул бўлиши эмас, балки уни Аллоҳга бандалик қилишда бир воситага айлатириши керак. Бу йўлдаги хато эса, мол-дунёни ҳаётнинг асосий ғояси қилиб олишдир.

Динимизда инсоннинг бой бўлишига асло тақиқ йўқ. Зеро, ҳаж ва закот ҳам айнан бадавлат кишиларга тааллуқли. Яна бу барча бандаларга ҳалол йўл билан бойлик орттиришга бир рағбатдир.

Мўминнинг мол-дунёни ҳалолдан топиб, исроф этмай, яхшиликка сарфлаши, унинг гўзал хулқидан дарак. Дунёга ҳирс қўймаслик эса, ҳар кишининг муҳим вазифасидир. .

 

Атира РАҲМОНОВА,
Марҳамат тумани

"Ҳидоят" журналининг 2023 йил 8-сонидан олинди

Read 930 times

Мақолалар

Top