Мақолалар

Қазои қадарга иймон

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов ила яратдик” дея марҳамат қилади (Қамар сураси, 49-оят). Ўзбек тилида “ўлчов” маъносини берган сўз оятда “қадар” деб келган.

Уламоларимиз “қазо” ва “қадар”ни қуйидагича таърифлайдилар: “Қазо – Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир”. “Қадар – ўша нарсалар Аллоҳ таолонинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир”.

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло бандаларнинг қиладиган ишларини аввалдан билади. Бироқ ихтиёрни ўзларига берган.

Бу борада уламолар инсон феълини икки қисмга бўлган:

Биринчи қисм – дунёда инсоннинг дахли йўқ нарсалар. Фақат Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади. Мисол учун, инсон гавдасининг турлича, (новча ёки паст бўйли) ҳуснининг чиройли ёки хунуклиги, туғилиш вақти ва жойи, эркак ёки аёллиги, ақлининг ўткир ёки ўтмаслиги ва шунга ўхшаш бир қанча ишлар борки, уларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ. Инсон бу нарсалардан “Нега новча ёки пакана?” ёхуд “Нима учун фалон куни туғилдинг, фалон куни ўлдинг?” деб сўроқ қилинмайди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳдан. Бу турдаги қадарга иймон келтириш ҳар бир мўмин-мусулмонга вожибдир.

Иккинчи қисм – инсон томонидан содир этилган иш ва амалларга боғлиқ. Буларда инсоннинг дахли бор, у бу ишларда ўзининг хоҳиши, ихтиёри ва ҳаракати билан иштирок этади. Бошқача айтганда, банда бирор ишни амалга ошириши учун унга ички ва ташқи омиллар таъсир қилади. Бу омилларни Аллоҳ таоло банданинг хоҳишига кўра яратади. Банда ана шу хоҳишга масъул бўлади.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ушбу масала юзасидан бундай деган: “Аллоҳ барча нарсаларни яратмасидан олдин ҳам, азалдан билар эди. Барча нарсаларнинг тақдир ва қазосини Унинг Ўзи белгилаган. Бу дунёдаги ва охиратдаги ҳар бир нарса фақат Унинг хоҳиши, илми, қазоси, қадари, Лавҳул Маҳфузга ёзиб қўйилиши билан бўлади. Лекин ёзиб қўйиши тавсиф йўли биландир, ҳукм йўли билан эмас, яъни мажбурий эмас” (“Фиқҳул акбар”).

Бандага ихтиёр берилгани ҳақида Қуръони каримнинг бир қанча оятларида хабар берилган. Жумладан, Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «Сен: “Бу ҳақ Раббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин”, дегин» (Каҳф сураси, 29-оят).

Бошқа бир оятда бундай хабар берилган: «Сен: “Эй одамлар, сизга Раббингиздан ҳақ келди. Бас, ким ҳидоятга юрса, ўзи учун ҳидоят топади. Ким залолатга кетса, ўз зарарига залолат топади. Мен сизларнинг устингиздан қўриқчи эмасман”, деб айт» (Юнус сураси, 108-оят).

Ушбу икки оятда Аллоҳ таоло ҳидоят ёки залолат йўлларини танлашни банданинг ихтиёрига ҳавола этмоқда. Банда қайси бирини танласа, ўшанга Аллоҳ йўллаб қўяди. Банда эса, танловига кўра ё савоб ё гуноҳга эга бўлади. Демак, қазои қадарда бандани бирор нарсага мажбурлаш йўқлигини англаб олишимиз зарур.

Агар буни ҳаётий мисол асосида оладиган бўлсак, устоз ўз шогирдларининг илмий савиясини яхши билади. Имтиҳонга киришдан олдин фалончи “аъло” баҳо олади, пистончи “яхши” баҳо олади, деб айтиши мумкин. Имтиҳон натижаси устоз айтганидек чиқади. Шогирдлар устоз айтган шу гап учун мазкур натижага эришдиларми? Ёки устознинг ўз тажрибасига асосланган ожизона илми уларни ўша баҳоларни олишга мажбур қилдими?! Ожиз инсон ўзига қарашли нарсаларда шунчалик илмга эга бўлса, нима учун чексиз илм соҳиби, қудратли Аллоҳ азалдан ҳамма нарсани билмаслиги керак?!

Хулоса шуки, Аллоҳ таоло бандага яхшилик ёки ёмонлик, иймон ёки куфрни танлаш ихтиёрини берган. У ана шу ихтиёрни яхши ишларга боғласа, савоб олади. Агар ман қилинган ишни ихтиёр этса, жазога гирифтор бўлиши муқаррар.

Жаъфархон СЎФИЕВ, Тўрақўрғон тумани,
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби

Read 919 times

Мақолалар

Top