Мақолалар

Фитна нима?

Фитна (араб. – синаш, имтиҳон қилиш, азоблаш, бошини айлантириш, тўғри йўлдан оздириш, адаштириш, васваса қилиш) – луғатшуносларнинг фикрига кўра, арабларда олтинни ўтга тутиб, ёт моддалардан тозалашни англатган. Шу нуқтаи назардан, фитна сўзи “имтиҳон”, “синов” деган маъноларда ҳам ишлатилган.

Машҳур араб тарихчиси Муҳаммад ибн Асир Жазарий (1160–1234) айтади: “Фитна имтиҳон ва синовдир.... Фитна сўзини кейинчалик синов туфайли кишига етадиган “азият” маъносида ҳам ишлатиш оммалашган. Сўнгра бу сўз гуноҳ, куфр, уруш, ёндириб юбориш, йўқ қилиш, бирор нарсадан четлатиш маъносида ҳам кўп қўлланган”.
Ислом таълимотида аҳоли осуда ҳаёт кечириб турган жамиятда ҳаловат ва тинчликка рахна соладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир гуноҳ саналади. Бу ҳақда Қуръонда қуйидагича таъкидланган: «Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир...» (Бақара сураси, 191-оят); «Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир» (Бақара сураси, 217-оят). Мусулмонларга фитна тарқалганда барчани қамраб олиши ҳақида огоҳлантирилиб, ундан сақланишга буюрилган: «Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир» (Анфол сураси, 25-оят).
Ҳанафий мазҳабининг йирик олими Имом Муҳаммад Ходимий “Ал-Барийқа” номли асарида фитна ҳақида қуйидагиларни айтган:
“Маънавий иллатлардан яна бири фитначиликдир. Фитна деб одамларни изтироб, ихтилоф, машаққат ва балога гирифтор қилишга айтилади. Масалан, халқни боғийликка ташвиқ қилиш, подшога қарши чиқишга тарғиб қилиш, ваъз айтишда тингловчиларнинг савиясини ҳисобга олмасдан тушунмовчилик келтириб чиқарувчи мураккаб тилда гапириш каби ҳолатлар умуммаънода фитнага мисол бўлади”.

Давоми бор...

"Ислом нури" газетасидан

Read 1708 times

Мақолалар

Top