Мақолалар

Жаннатга яқинлаштирувчи амал

Бандалар қилаётган амалларининг ичида баъзиларининг роҳатини шу дунёдаёқ кўриш мумкин. Баъзи амаллар учун эса дунёвий фойда олмасада, охиратда ажр олади. Қариндошлик алоқаларини боғлаш эса инсонни дунё ва охиратнинг чинакам бахту саодатига етказгувчи амаллардан ҳисобланади.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай марҳамат қилади: «Ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз!» (Нисо сураси, 1-оят)

Бу ояти кариманинг тафсирларида баён қилинишича ибн Аббос, Зиҳок, Мужоҳид, Икрима, Ҳасан, Рабиъ ва бошқаларнинг тафсирларига кўра “Аллоҳга тақво қилингки, У Зотннинг номи ила боғланасиз ва аҳд қиласиз. Шунингдек, қариндошчиликка ҳам тақво қилинг – кесиб қўйишдан сақланинг ва уни боғланг!” (Ибн Касир тафсири).

Абу Юсуф Муҳаммад Зойиднинг “Мин таййибил каломи фи силати раҳими” (Қариндошлик алоқалари ҳақидаги гузал сўзлар) китобида баён қилинишича силаи раҳм – қариндошлик алоқаларини боғлашлик мерос олишлиги ёки олмаслиги, маҳрам ёки номаҳрамлигидан қатъи назар насабдаги яқинларга итлоқ қилинади.

Абу Айюб розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда эдилар. Аъробий рўпара келиб туясининг тизгинидан ёки жиловидан ушлаб: “Ё Аллоҳнинг Расули” Менга мени жаннатга яқинлаштириб дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг!” деди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўхтаб қолдилар. Сўнг асҳобига қарадилар сўнг: “Батаҳқиқ, тавфиқ топди!” ёки “Батаҳқиқ, ҳидоят топди!” дедилар ва яна: “Нима дединг?” деб сўрадилар. Аъробий айтган сўзини қайтарган эди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмай ибодат қиласан, намозни барпо қиласан, закотни адо қиласан ва қариндошликни боғлайсан! – дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қариндошчилик алоқаларини кесгувчи жаннатга кирмайди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда айтиладики, “Гуноҳларнинг ҳеч қайсиси соҳибини Аллоҳ таоло дунёда ҳам азоблаб, Охиратга ҳам азобни қолдиришга боғийлик ва қариндошликни узганчалик сазовор эмас”.

Абу Авфодан ривоят қилинган ҳадисда айтиладики, “Ораларида қариндошлик алоқаларини узганлар бор қавмга раҳмат нозил бўлмайди”, (Тоййибул каломи).

 

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ

Асака туманидаги “Холид ибн Валид”

жоме масжиди ходими

Read 7752 times

Мақолалар

Top