Мақолалар

Хотамул анбиёнинг сифатлари

(У зот) ҳеч бир ихтилофсиз барча пайғамбарларнинг имомидирлар ва барча (ёмон сифатлардан) холи бандаларнинг нуқсонсиз тожидирлар.

Ўший раҳматуллоҳи алайҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини баён қилишда давом этиб, у зотни пайғамбарларнинг имоми, улуғ афиф бандаларнинг тожи дея васф қилган. Бу васфдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиёмат кунида барча пайғамбарлардан муқаддам туришларига ҳам ишора бор. Бу ҳақида қуйидаги ривоят келган:

Абу Саиддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен қиёмат кунида Одам боласининг саййидиман, лекин мақтаниш эмас. Ҳамд байроғи менинг қўлимда бўлади, лекин мақтаниш эмас. Ўша кунда Одамми, ундан бошқасими, менинг байроғим остида бўлмаган бирор пайғамбар бўлмайди. Мен ер унинг устидан ёриладиган биринчи кишиман, лекин мақтаниш эмас” , – дедилар”. “Сунани Термизий”да келган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Барча афиф бандаларнинг тожидирлар” дея васф қилинди. Афиф инсонлар деганда қалблари нафсий иллатлардан холи бўлган олимлар, шаҳидлар ва бошқа тақводор мўминлар тушунилади. Тож безак турларининг ичида энг кўзга кўриниб турадиган ва энг қиймати юксак бўлганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам афиф инсонларнинг энг кўзга кўриниб турадигани ва энг қийматлисидирлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш иймон тақозоси ҳисобланади. Яъни Ислом динини бино деб тасаввур қилинадиган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ўша бинони тутиб турадиган пойдевор мақомидаги тушунча ҳисобланади. Бу ҳақида у зотнинг ўзлари шундай хабар берганлар:

Абу Саиддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен қиёмат кунидаги Одам боласининг саййидиман, лекин мақтаниш эмас” , – дедилар”. Бухорий ривоят қилган. Саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин.

«Эътиқод дурдоналари»

Read 917 times

Мақолалар

Top