Мақолалар

Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) фазилатлари

Ухлаган пайтларида ҳам муборак қалблари уйғоқ турарди. Бу хислат барча пайғамбарларга хос бўлган.

 * * *

Умрларида ҳеч қачон эснаган эмаслар. Бу ҳам бутун пайғамбарларга хос хислатдир.

 * * *

У зотга ҳеч бўлмаса умрда бир марта саловат айтиш жами умматга фарз қилинди. Аллоҳ таоло ва фаришталар ҳам Расулуллоҳга (алайҳиссалом) саловат ва салом айтади. (Бу хусусда оят нозил бўлган).

* * *

Инсонларда учраши мумкин бўлган барча яхши хислат ва фазилатлар у зотга эҳсон қилинган эди. Даврининг буюк шоири Умар ибн Фаридга: “Нима учун Расулуллоҳни мадҳ этмадинг?” деб сўрашганида, у: “Муҳаммадни (алайҳиссалом) мадҳ этишга кучим етмаслигини тушуниб етдим. У зотни таърифлашга кифоя қиладиган сўз топа олмадим”, деб жавоб қайтарган экан.

* * *

Калимаи шаҳодатда, азонда, такбирда, намоздаги ташаҳҳудда, бир қанча дуоларда, баъзи ибодатлар ва хутбаларда, маҳшарда, жаннатда ва ҳар махлуқотнинг тилида Аллоҳ таоло у зотнинг исмларини Ўзининг муборак исми билан ёнма-ён қўйган.

 * * *

Энг улуғ фазилатларидан бири Ҳабибуллоҳ эканликларидир. Аллоҳ таоло у муборак зотни Ўзига дўст ва маҳбуб тутган, ҳар кимдан ва ҳар фариштадан кўпроқ севган.

* * *

Аллоҳ таоло барча пайғамбарларни ўз исмлари билан эслаган бўлса, Пайғамбаримизни (алайҳиссалом): “Эй Расулим... Эй Пайғамбарим”, дея васф этган.

* * *

Намозда ўтирганда “Ассалому алайка аййуҳаннабиййу ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деб Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) салом айтиш буюрилди. Намозда бошқа ҳеч бир пайғамбарга ёки фаришталарга нисбатан бу нарса жоиз кўрилмади.

 * * *

Оз сўз билан кўп нарсани тушунтирар эдилар. Ҳадиси шарифлари у зотнинг “жавомиул калим” эканларига далолатдир. Баъзи олимлар: “Муҳаммад (алайҳиссалом) Ислом динининг тўрт тамалини тўрт ҳадиси шарифда ифода этиб қўйганлар”, дейишган. Булар: 

“Амаллар ниятларга қараб баҳоланади”. 

“Ҳалол аниқ, ҳаром ҳам аниқ, ўртада шубҳали нарсалар бор...”.

“Даъвогар гувоҳ кўрсатиши лозим, даъво қилинган киши эса қасам ичиши шарт”.

“Бир киши ўзига раво кўрган нарсасини диндош биродарига ҳам раво кўрмагунича имони комил бўлмайди” мазмунидаги муборак ҳадислардир. 

Бу тўрт ҳадиси шарифнинг биринчиси ибодат илмини, иккинчиси муомала илмини, учинчиси адолат ишлари ва сиёсат илмини, тўртинчиси одоб ва ахлоқ илмини ўз ичига олади.

* * *

Бошқа пайғамбарлар (алайҳимуссалом) маълум бир замонда, муаййан бир мамлакатда пайғамбарлик қилишган. Муҳаммад (алайҳиссалом) эса ер юзидаги бутун инсонларга ва жинларга қиёматга қадар пайғамбар қилиб юборилганлар.

* * *

Бошқа пайғамбарлар кофирларнинг туҳмат ва бўҳтонларига ўзлари жавоб қайтаришган. Расулуллоҳга (алайҳиссалом) қилинган туҳмат ва таъналарга Аллоҳ таоло жавоб бериб, у зотни Ўз ҳимоясига олган.

* * *

Муҳаммад (алайҳиссалом) умматлари бошқа барча пайғамбарлар умматларининг умумий сонидан кўп бўлиши башорат қилинган. Жаннатга кирадиганларнинг учдан икки қисми бу умматдан бўлиши ҳадиси шарифларда маълум қилинган.

* * *

Пайғамбаримизни (алайҳиссалом) исмларини айтиб чорлаш, ёнларида баланд овозда гапириш, узоқдан чақириш, йўлда олдиларидан ўтиш ҳаром қилинган. Бошқа пайғамбарларни эса умматлар исмларини айтиб чақиришган.

* * *

Жаброил (алайҳиссалом) Расули акрамга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки маротаба асл қиёфасида кўринган. Бошқа пайғамбарларга бу ҳолда кўринган эмас.

* * *

Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) кейин у зотнинг пок хотинларини бошқа кишилар никоҳга олиши ҳаром қилинди. Улар мўминларнинг оналари экани билдирилди. Баъзи пайғамбарларнинг хотинлари уларга ё зарар етказишган ёки ҳеч қандай фойдалари тегмаган. Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) хотинлари эса, дунё ва охират ишларида у зотга ёрдамчи бўлишган, исломиятни тарғиб этишда кўп хизматлар кўрсатишган.

* * *

У муборак зотни севиш ҳар мўминга лозимдир. Ҳадиси шарифда марҳамат қилинади: “Аллоҳ таолони севган банда мени севади”. Расулуллоҳни севишнинг аломати у зотнинг суннатлари ва гўзал ахлоқларини ўрганиш, амал қилишдир.

* * *

Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) аҳли байтларини севиш вожибдир. Ҳадисда: «Аҳли байтимга душманлик қилган кимса мунофиқдир», деган сўз келади. Садақа олиши тақиқланган қариндошлари у зотнинг аҳли байтлари ҳисобланишади. Яъни, Ҳазрати Алининг, Уқайлнинг, Жаъфар Таййорнинг ва ҳазрати Аббоснинг (Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин) насллари Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) аҳли байтлари саналишади.

* * *

Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) барча саҳобаларини севиш вожибдир. Ҳадисда бундай марҳамат қилинган: “Мендан кейин асҳобимга душманлик қилманглар. Уларни севиш мени севишдир. Уларга душман бўлиш менга душман бўлишдир. Уларни ранжитган мени ранжитган бўлади. Мени ранжитган киши Аллоҳ таолони ранжитган саналади. Аллоҳ таоло Ўзини ранжитганларни азобига дучор қилади”.

* * *

Вояга етиб, дунёдан ўтган ҳар бир инсон қабрга қўйилганида ундан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳақларида сўралади. “Раббинг ким?” дейилгани каби, “Пайғамбаринг ким?” деб ҳам сўроқ қилинади.

* * *

Қиёматда қабрдан биринчи бўлиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) турадилар. Эгниларида жаннат либослари бўлади. Буроқ отига миниб, маҳшар майдонига келадилар. Қўлларида “Ливоул ҳамд” деган байроқ бўлади. Пайғамбарлар ва бутун инсонлар шу байроқ остида тўпланишади. Бандалар узоқ муддат кугашдан сиқилиб, ваҳимага тушишади. Олдин Одам (алайҳиссалом), кейин Нуҳ (алайҳиссалом), ундан кейин Иброҳим (алайҳиссалом), яна кейин Мусо (алайҳиссалом) ва ниҳоят Исо (алайҳиссалом) қошларига бориб, шафоат сўрашади. Улар узрларини айтишади. Бандалар охири Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келиб ёлворишади. Расули акрам саждага бош қўйиб, дуо қиладилар ва шафоатлари қабул бўлади. Аввал у зоти бобаракотнинг умматлари ҳисоб беришади. Сиротдан ўтиб жаннатга киришади. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) борган ҳар жой нурга тўлади.

* * *

Расули акрам (алайҳиссалом) олти жойда шафоат қиладилар. Биринчи, “Мақоми Маҳмуд” дейилган шафоатлари билан маҳшар майдонида бутун инсонларни кутиш азобидан қутқарадилар. Иккинчи шафоатлари билан кўп солиҳ бандалар ҳисобсиз жаннатга киришади. Учинчи шафоатлари боис азоб чекиши лозим бўлган мўминлар азобдан халос этилади. Тўртинчи шафоатлари ила гуноҳи кўп мўминлар жаҳаннамдан чиқарилади. Бешинчи жойда савоби ва гуноҳи тенг бўлиб, аросатда кутиб турган бандаларнинг жаннатга киритилишлари учун шафоат қиладилар. Олтинчиси эса жаннатдаги мўминларнинг даражалари баланд бўлиши учун шафоат қилишларидир.

 

Муҳаммад Зариф тайёрлади

“Ҳидоят” журналининг 2008 йил, 1-2-сонларидан олинди

 

Read 1153 times

Мақолалар

Top