Мақолалар

Тарихдаги энг қайғули кун

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг ўн биринчи йили рабиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни, чошгоҳ ва пешин ўртасида бу ўткинчи дунёни тарк этдилар (Ибн Саъд, Табақот 2/215; Ибн Касир, Бидоя 5/282, 294, 295, 296, 313).

Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафоти ҳақидаги хабар барча мусулмонлар учун катта зарба бўлди. Шубҳасиз, бу улар учун катта йўқотиш эди. Мадина мусулмонларининг кўплари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотидан хабардор бўлиб, масжидга шошилдилар. Ушбу воқеадан ҳайратда қолган Умар розияллоҳу анҳу масжидда тўпланган оломонга қарата: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлмаган …» деб қайтарарди. (Ибн Ҳишом, Сийра, 2/215).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитиб Абу Бакр розияллоҳу отга миниб дарҳол Масжидун Набавийга етиб келди. У Сунҳ деган жойдаги уйида эди. Умар розияллоҳу анҳу ҳамон ўша гапни такрорларди. Абу Бакр жамоатни тинчланишга буюрди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги кунларини ўтказган хонага қизи Оиша розияллоҳу анҳонинг олдига кирди.

Хонага кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вужудларига ёпилган матони очди ва пешоналаридан ўпди. Унинг кўзлари ёшга тўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қараб: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизга икки марта ўлим бермайди. Ўлимни тотдингиз. Бундан кейин энди ўлимни бошқа тотмайсиз», деди. Ва «Зумар» сурасининг 30-оятини тилга олади:


“إِنَّكَ مَيِّتٞ وَإِنَّهُم مَّيِّتُونَ

 «Албатта, сен ҳам ўлгувчисан, улар ҳам ўлгувчидирлар».
Сўнг: «Шу ҳолатда ҳам ҳаётдаги каби гўзалсиз», деб хонадан чиқди.
(Ибн Ҳишам, Сийра, 2/216; Ибн Саъд, Табақот, 2/209).

Унинг гаплари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жасадлари билан бир хонада бўлганларни тинчлантирди. Абу Бакр жазавага тушмади, аксинча сокинлик ва босиқлик билан мусулмонлар жамиятига вазиятни тушунтириш ва уларнинг саросимага тушишига йўл қўймасликни ўйларди. Умар ҳануз ўша сўзни такрорларди: «Муҳаммад ўлмаган!..» Абу Бакр ундан ўтиришни сўради.

Одамларнинг диққат-эътибори Абу Бакр томонга йўналгандан сўнг, у жамоатга шундай деди: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ибодат қилганлар бўлса, билингки, У вафот этди. Ким Парвардигорга ибодат қилган бўлса, билингки, У абадий тирикдир». Кейин Қуръони Каримдан қуйидаги оятни ўқиди:


وَمَا مُحَمَّدٌ إِلَّا رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهِ الرُّسُلُ أَفَإِن مَّاتَ أَوْ قُتِلَ انقَلَبْتُمْ عَلَى أَعْقَابِكُمْ وَمَن يَنقَلِبْ عَلَى عَقِبَيْهِ فَلَن يَضُرَّ اللَّهَ شَيْئًا وَسَيَجْزِي اللَّهُ الشَّاكِرِينَ

«Муҳаммад ҳам бир Расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч қандай зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни албатта мукофотлар» (Оли Имрон сураси, 144-оят).
(Ибн Ҳишом, Сийра, 2/216; Ибн Саъд, Табақот 2/211; Ибн Касир, Бидоя, 5/280)

 

Read 1069 times

Мақолалар

Top