Мақолалар

“Динни енгил қилинглар…»

Суфён ибн Саъийд ас-Саврий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинганидек, у зот фиқҳда имом бўлганлар, у зотнинг ўз мазҳаблари бўлган, шунингдек у киши ҳадисда имом бўлганлар, муҳаддисларнинг амири деб аталганлар, тақвода ҳам пешво бўлганлар, шу зотдан имом Нававий раҳимаҳуллоҳ “Мажмуъ” асарларининг муқаддимасида нақл қилиб айтадиларки: 

إنما الفقه الرخصة من ثقة أما التشديد فيحسنه كل أحد

“Ҳақиқий фиқҳ, бу ишончли олимнинг қийин масалада рухсатга йўл топишидир. Аммо, қаттиққўллик қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келаверади”.

Мен имом Саврийнинг ушбу гапларини кўп айтаман, талабаларимга кўп эслатаман ва ёздираман. Ҳақиқатан ҳам, ҳаром ҳаром дейиш жуда осон, ҳамма нарсани ҳаромга чиқарса нима қолади?

Шунинг учун мен динни енгиллаштирувчилар қаторида бўлишни умид қиламан. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

فإنَّمَا بُعِثْتُم مُيَسِّرينَ ولَم تُبعَثُوا مُعَسِّرِينَ

“Сизлар динни енгиллаштириш учун юборилгансизлар, қийинлаштириш учун юборилмагансизлар” (Имом Бухорий ривояти).

Шунингдек, Абу Мусо ал-Ашъарий ва Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳумни Яманга юбораётганларида ҳам шундай деганлар:

يسرا ولا تعسرا وبشرا ولا تنفرا

“Динни енгил қилинглар, қийин қилманглар. Яхши кўрсатинглар, нафратлантирманглар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Шундай экан, менинг фатво беришда тутган йўлим енгиллик қилиш, даъват қилишда эса, яхши кўрсатишдир. Бас, динни енгил қилиб кўрсатаман, қийин қилиб кўрсатмайман, яхши қилиб кўрсатаман, ёмон қилиб кўрсатмайман. Аллоҳ таолодан мана шу йўлда собит қилишини сўрайман.

 

Шайх Юсуф Қаразовий раҳимаҳуллоҳ

Read 1027 times

Мақолалар

Top