Мақолалар

Салавот ва саломни қисқартириб ёзиш одобга хилофдир

Ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий шундай дедилар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак номлари зикр қилинганда салавот ва салом айтиш вожибдир. Кимдир қалам билан фақатгина «(с.а.в)» деб ёзиб қўйса, лекин тили билан салавот ва салом айтмаса, бу билан вожиб адо бўлмайди, деб ўйлайман».

Мажлисда бир неча уламолар ҳам бор эдилар. Улар бу гапга эътироз қилиб, «Бугун ўша бош ҳарфлар (яъни «с.а.в.» деб ёзиш) мукаммал салавот ва саломга далолат қила бошлаган. Шунинг учун кифоя қилади, деб ўйлаймиз», дейишди.

Ҳазрат шундай дедилар: «Менинг кўнглим бу гапга равшан бўлмайди. Асл гап шуки, ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдек бутун халойиққа эҳсон (яхшилик қилган зотнинг ҳақларида қисқартиришга ҳаракат қилишни ақлим асло қабул қилмайди. Агар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизнинг ҳаққимизда қилган ишларини қисқартирсалар, аҳволимиз нима бўлар эди?»

Мен (Шафеъ Усмоний) айтаманки, «Қисқартиришгa гoҳида зарурат бор», дейилса, биз айтамизки, қисқартиришга энг кўп зарурати бўлган кишилар муҳаддислар эдилар. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг муборак номлари улар ёзган китобларнинг ҳар сатрида келган. Лекин ҳадис имомларининг китобларида кўрасизки, улар ҳамма ўринда у зотнинг муборак номлари билан бирга салавот ва саломни ҳам тўлиқ ёзишган, қисқартиришни исташмаган».

«Мажолиси ҳакимул умма» китобидан

Ёрқинжон Фозилов таржимаси

Read 886 times

Мақолалар

Top