Мақолалар

Муборак Мадинаи Мунавварадаги масжидлар

Қубо масжиди

Қубо масжиди Ислом тарихида тақво асосига қурилган илк масжид бўлиб, Аллоҳ азза ва жалла бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Яна шундайлар ҳам борки, улар (мўминларга) зарар етказиш, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва олдин Аллоҳ ва (Унинг) Расулига қарши урушган (бир) кишига кўз тутиш учун масжид қуриб олдилар. Яна: “Фақат (бундан) яхшиликни истаган эдик”, деб қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ гувоҳлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир! (Эй, Муҳаммад!) зинҳор (Сиз) унда (намоз ўқиш учун) турманг! Биринчи кундан тақвога асосланган масжид эса, унда туришингизга лойиқроқдир. Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар» (Тавба сураси, 107108-оятлар).

Ушбу оятлар бу масжиднинг улуғлиги, хайру-барокати ва бошқа масжидларга қараганда афзал эканини англатади. Ҳадиси шарифда: “Кимки уйида таҳорат олиб, Қубо масжидига борса ва унда икки ракат намоз ўқиса, умра қилганнинг ажрини олади”, дейилади.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шанба куни пиёда ва уловга минган ҳолда Қубо масжидига борар эдилар”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қубо масжиди қибласи пойдеворига асос солганлар. Масжид қурилиб битказилгач, жамоат билан намоз ўқишни бошлаб берганлар.

Қубо масжиди Мадинаи мунавваранинг жанубий-ғарбий қисмида, ҳарами набавийдан 3–5 км. узоқликда жойлашган. Унинг минораси ва мармардан ишланган меҳроби бўлиб, масжидда саҳоба Абу Айюб Ансорийга тегишли қудуқ, шунингдек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг жойнамозлари мавжуд бўлган. Мазкур масжид Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) туялари чўккан муборак жой саналади.

Мадиналиклар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни Маккаи мукаррамадан чиққанларини эшитганларидан сўнг, ҳар куни куннинг аввалги қисмида, Ҳарра яъни қора тошли сой бўйига чиқишарди ва қуёш тикка келгандагина қайтиб кетишарди. Шундай кунларнинг бирида бир яҳудий Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг олисдан элас-элас кўринаётганларини кўриб: “Ҳой араб жамоаси, сизлар кутаётган пайғамбаринглар келяпти!” дея қичқирди. Ансорлар апил-тапил сой бўйига югуриб, Расулуллоҳнинг йўлларига пешвоз чиқдилар. 

Рабиъул аввал ойида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қубо масжидига келганларидан кейин, Бани Амр ибн Авф жамоасининг маҳалласига келиб тушдилар. Амр жамоасининг оқсоқоли Кулсум ибн Ҳадимнинг уйида қолдилар.

Мадинадаги мунофиқлар томонидан Қубо масжиди яқинида бир масжид қурила бошлади. Бу масжидда мунофиқлар ўзаро маслаҳат қилишни, мусулмонларни кузатиб туришни мақсад қилишган эди. Масжид Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Табук ғазотига чиқаётганларида қуриб битказилди. Мунофиқлар масжидни расман очилганини эълон қилишни кўзлаб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни ушбу масжидда намоз ўқишга таклиф қилдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ғазотда бўлганлари сабаб бора олмадилар. Ғазотдан қайтишда эса ушбу масжид дин душманлари томонидан қурилгани ҳамда мусулмонларнинг орасини бузиш кўзланаётгани ваҳий орқали маълум қилиниб, юқорида зикр қилинган ояти карималар нозил бўлди. Бу оятларда мунофиқлар томонидан қурилган “Зирор” масжиди ўрнига Қубода тақволик, ихлосли мусулмонлар қурган масжид афзаллиги, ундагина намоз ўқиш мумкинлиги буюрилди.  

Мусулмонлар ўтган асрлар давомида Қубо масжидига катта аҳамият қаратганлар. Усмон бин Аффон (розияллоҳу анҳу) ундан кейин Умар бин Абдулазиз (розияллоҳу анҳу) масжид нақшлари ва безаш ишларини олиб борганлар. Унга айвон, саҳн ва меъзаналар қурдирган. Бу масжид учун қурилган биринчи меъзана бўлган.  Қубо масжиди ҳижрий 435 йилида Абу Яъло Ҳусайний, ҳижрий 555 йилида Жамолиддин Исфаҳоний томонидан янгилади. ҳижрий 877 йилида Қубо масжиди минораси қулаб тушди, ҳижрий 881 йилида Султон Қайтбой Масжиди Набавийни таъмирлаган пайтида, Қубо масжиди минорасини ҳам янгилади. Маълум қилинишича, Усмонийлар ҳукмдори Султон Маҳмудхон  ҳижрий 1240 йилида Қубо масжидини қайтадан таъмирлади. Шунингдек, жомеда Усмонийлар ҳукмронлиги томонидан бир қанча таъмирлаш ишлари олиб борилди.  Мазкур таъмирлашларнинг охири Султон Абдулмасжид даврида амалга оширилди. Саудийлар даврида эса Қубо масжидига ўзгача аҳамият қаратилиб, унинг ташқи деворлари янгиланди ва  ҳижрий 1388 йилида масжиднинг шимолий девори кенгайтирилди. Ҳижрий 1405 йилида Икки ҳарами шариф ходими, Саудия Арабистони подшоҳи марҳум қирол Фаҳд бин Абдулазиз жаноби олийларининг фармонига мувофиқ, Қубо масжиди бинолари қайтадан таъмирланди, унинг майдони бир неча баробар кенгайтирилиб, аввалги ҳолатини ўз ҳолича сақлаб қолишга катта эътибор қаратилди. Масжид атрофидаги қадимий бинолар олиб ташланди, масжид атрофи 4 томонлама янги бинолар қурилиб, янада кенгайтирилди. Масжидда олдиндан мавжуд бўлган ягона меъзана сони 4 тага орттирилди. Масжиддаги намозгоҳ майдони 1600 кв.м. дан 5035 кв.м.га етди. Масжиднинг умумий майдони эса 13500 кв.м.ни ташкил қилади.

Мийқот масжиди

Бу масжид “Аш-Шажара” масжиди, “Абяр Али” масжиди, “Ал-Иҳром” масжиди ва “Зул Ҳулайфа” масжиди деган номларни олган. “Зул Ҳулайфа” бу жой номи бўлиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга тушишни ёқтирар эдилар.

Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи Мунавварадан Маккаи Мукаррамага боришларида “Аш-Шажара” масжидида намоз ўқирдилар. Маккаи Мукаррамадан қайтишларида эса Водийнинг қаърида жойлашган “Зул Ҳулайфа” масжидида ибодат қилиб, тонггача қолиб кетардилар”, (Имом Бухорий ривояти).

Икки ҳарами шариф ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи  марҳум қирол Фаҳд бин Абдулазиз жаноби олийларининг фармонига мувофиқ, мазкур масжидда таъмирлаш, кенгайтириш ва масжид атрофидаги минтақани ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Юртимиздан ҳаж ва умра сафарларига борган зиёратчиларимиз Мадинадаи Мунавварада 3 кун турганларидан кейин, Умра амалини бажаришни бошлашда мана шу “Зул Ҳулайфа” масжидида икки ракат намоз ўқиб, умрага ният қиладилар.

“Мусалломасжиди (Намозгоҳ)

Бу масжидда Расулуллоҳ  (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  ҳазратлари Ийд (ҳайит) ва Истисқо намозларини ўқиган эдилар. Шунинг учун ҳам у “Намозгоҳ” масжиди деб номланган.  Анас бин Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозгоҳга истисқо намозини ўқиш учун чиқдилар, сўнгра хутба қилдилар ва намоз ўқилганидан кейин: “Бу бизнинг Рамазон ва Қурбон ҳайитларида дуолар қиладиган, ёмғир сўрайдиган ҳамда жамоат бўлиб намоз ўқийдиган жойимиздир”, дедилар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сафардан қайтганларида, “Намозгоҳ” масжидига тушиб дуо қилардилар.

Жаноҳ Нажжордан ривоят қилинади: Мен Ойша бинти Саъд бин Аби Ваққос билан бирга чиққанимда, у мендан: “Манзилингиз қаерда?” деб сўради. Мен: “Балотда (ҳозир “Намозгоҳ” масжиди қурилган жой) тураман”, дедим. Шунда: “Шу манзилингизни маҳкам тутинг, чунки мен Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дан: “Менинг масжидим билан мана бу “Намозгоҳ” масжиди ўртасидаги жой жаннат боғларидан бир боғдир”, деб айтганларини эшитган эдим”, деди.

Мазкур масжид “Масжидун набавий” нинг жанубий ғарбида, ундан 500 метр узоқликда жойлашган.

  

Қиблатайн масжиди  (Икки қиблали масжид)

“Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб, ўгириб туришингизни кўраяпмиз. (Хотиржам бўлинг) Сизни ўзингиз рози бўладиган қибла (Каъба) га (юз) ўгиртирамиз. Юзингизни Масжиди Ҳаром(Каъба) томонга буринг! (Эй мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангизлар, юзларингизни ўша тарафга бурингиз! Аҳли китоблар бу – Парвардигорларидан (келган) ҳақиқат (илоҳий фармон) эканини яхши биладилар. Аллоҳ уларнинг қилмишларидан ғофил эмасдир” (Бақара сураси, 144-оят).

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маккада Каъбага қараб намоз ўқир эдилар. Ҳолбуки, у пайтларда Каъба мушрикларнинг қибласи бўлган эди. Бироқ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Каъбада ибодатларини “Мақоми Иброҳим” дейилган жойда қилардилар. Мақоми Иброҳим Қуддусга қараган эди. Бу ерда намоз ўқирканлар, Расули акрамнинг юзлари ҳам Каъбага, ҳам Қуддусга йўналарди. Чунки, Каъба Қуддус билан Пайғамбаримиз ўрталарида қоларди. Ҳижратдан уч йил олдин Маккада Қуддусга қараб намоз ўқила бошланди. Мадинадаги илк мусулмонлар ҳам намозларини Қуддусга қараб ўқишди. Ҳатто, Қубо масжиди қибласи ҳам Қуддус томонга қараган эди. Қуддус мусулмонлар учун ҳижратдан кейин ҳам ўн олти ойу яна бир неча кун қибла бўлди.

Расули акрам Қуддусга қараб намоз ўқирканлар, Каъбанинг орқада қолаётганидан ғамгин бўлардилар. Ҳар кунги намозларини Каъбага қараб ўқишни истардилар.

Ҳижратнинг иккинчи йили, ражаб ойининг ўрталари, душанба куни эди. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Бани Салама юртида пешин намозини жамоат билан Қуддусга қараб ўқиётган эдилар. Намоз ичида қибланинг ўзгаргани ҳақида ваҳий келди. Иккинчи ракат охирлаб қолган эди. Мусулмонларга Маккадан Масжиди Ҳарамга томон қараш амри тушди. Расули акрам ўша заҳотиёқ юзларини Қуддусдан Каъбага томон бурдилар. Жамоат ҳам саф бўлиб бирга бурилди.

Янги қибла томон бурилиб, учинчи ва тўртинчи ракатларни Масжиди Ҳарамга қараб ўқиб, намозни тугатдилар. Шу сабабдан Бани Салама масжиди икки қиблали масжид маъносида "Масжидул-Қиблатайн" деган ном олди.

Ваҳий тушгач, Мадинадаги ва унга қўшни ерлардаги барча масжидларнинг қиблалари ўзгартирилди.

Қибла ўзгаргани сабабли масжиднинг Жанубий томонидаги эшиги беркитилди, олдинги қибла деворидаги шимолий томондан эшик ўрнатилди. Мазкур масжид “Ал-Ақийқ” водийси яқинидаги  “Рума” қудуғининг жанубий-ғарбида ва масжидун набавийдан шимолий-ғарбий томондан 5 км. узоқликда жойлашган. Масжид биноси Умар бин Абдулазиз даврида (87-93 ҳ.й.) қайтадан янгиланди. Бундан кейинги таъмирлаш ишлари ҳижрий 950 санада Султон Қонуний даврида амалга оширилди.

Масжид майдони кенгайтирилди, масжид атрофидаги тепалик олиб ташланди, унинг ўрнига икки қаватли янги бино қурдирилди. Бинонинг пастки қаватида имом ва муаззин хоналари, юқори қаватида эса майдони 1190 метрдан иборат бўлган намозхона мавжуд. Шунингдек, масжидда майдони 400 кв.м.ни ташкил этадиган аёллар учун намозхона (махсус айвон) ҳамда талабалар учун дарсхона қурилган.

Қиблатайн масжиди Саудия Арабистони собиқ подшоси, марҳум Фаҳд бин Абдулазиз жаноби олийлари даврида 1408 ҳижрий йилида қайтадан таъмирланди ва кенгайтирилди.  Мазкур масжид исломий меъморчилик намуналарини ўзида мужассам этган Мадинаи Мунавварадаги диққатга сазовор бўлган диний зиёратгоҳлардан бири саналади. Зиёратчилар уни зиёрат қилишга интиладилар.   

Ас-Сабъа масажид” масжиди

 (Еттита масжидлар мажмуаси)

Ҳаж ва умра мавсумларида Мадинаи Мунавварага ташриф буюрган зиёратчилар ушбу 7 та масжидлар мажмуасини зиёрат қиладилар. Аслида 6 та кичик масжидлар мажмуасидан таркиб топган бўлсада, бу ном билан аталган. Айрим тарихшунослар бу мажмуа таркибидаги масжидлардан 2 км. узоқликда жойлашган “Қиблатайн” масжидини ҳам бу мажмуа таркибига киритилади. Чунки одатда кимки мазкур 6 та масжидларни зиёрат қилса, “Қиблатайн” масжидини ҳам зиёрат қилишади.

Шу билан зиёрат қилинадиган масжидлар сони еттитани ташкил қилади. Мазкур кичик масжидлар мажмуаси Салаъ тоғининг хандаққа туташган қисмидаги ғарбий тарафида жойлашган. Маълумки, ушбу хандақ Қурайш мушриклари ва унга иттифоқдош бўлган қабилаларнинг мусулмонларга қарши ҳамкорликдаги урушидан Мадинаи Мунавварани ҳимоя қилиш мақсадида саҳоба Салмон Форсий таклифи билан барпо этилган бўлиб, бу ерда рўй берган уруш “Хандақ уруши” деб номланган. Шунингдек, мазкур урушга “Фирқалар уруши” деган ном ҳам берилган.

Биз юқорида зикр қилиб ўтган еттита масжидларнинг шимолдан жанубга қараб кетма-кет жойлашуви қуйида тартибда бўлади: “Ал-Фатҳ”, “Салмон Форсий”, “Абу Бакр Сиддиқ”, “Умар ибн Хаттоб”, “Али ибн Абу Толиб” ва “Фотимаи Заҳро” масжидлари.

 

“Ал-Фатҳ” масжиди

Бу масжид 7 та масжидлар ичида энг каттаси саналиб, “Ал-Аҳзоб” ёки “Ал-Аъло” масжиди деб ҳам номланади. Масжиднинг “Ал-Фатҳ” деб номланишига сабаб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аҳзоб ғазоти пайтида бу масжидда намоз ўқиганлар ва бу ерда Қуръони каримдаги Фатҳ сураси нозил бўлган ёки бу ғазот мусулмонларга ғалаба келтиргани туфайлидир. Мазкур масжид ўрнида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) душман устидан ғалаба қозониш учун Аллоҳга уч кун илтижо қилганлар. Ниҳоят учинчи куни у кишининг дуолари мустажоб бўлган. “Ал-Фатҳ” масжидини Умар бин Абдулазиз (розияллоҳу анҳу) Мадинаи Мунавварага ҳокимлик қилганида 87-93 ҳижрий йилида тошдан бино қилдирган. Сўнгра, Сайфуддин бин Аби Ҳижо буйруғига асосан, ҳижрий 575 йилда янгиланган ва ҳижрий 1268 (милодий 1851) йилда Усмонийлар ҳукмдори Абдулмасжид I даврида масжид биноси қайтадан таъмирланган.

 

“Салмон Форсий” масжиди

Бу масжид “Ал-Фатҳ” масжидининг жанубида, Салаъ тоғидан 20 м. узоқликда жойлашган. Мадинаи Мунавварани душманлар ҳужумидан бартараф этиш учун хандақ қазиш фикрини олдинга сурган буюк саҳоба Салмон Форсий номи билан юритилади. Масжидда эни ва узунлиги 7 м. бўлган узун айвон мавжуд. “Салмон Форсий” масжиди Умар бин Абдулазиз даврида барпо қилинди. Вазир Сайфуддин Аби Ҳижо томонидан ҳижрий 575 йилда янгиланди. Сўнгра масжид биноси Усмонийлар ҳукмдори Абдулмасжид I даврида қайтадан таъмирланди.

Абу Бакр Сиддиқ масжиди

“Салмон Форсий” жоме масжидининг жанубий-ғарбий қисмида, ундан 15 м. узоқликда жойлашган бўлиб, юқоридаги собиқ икки масжидлар билан биргаликда таъмирланган. Икки ҳарами шариф ходими, собиқ подшоҳ марҳум Фаҳд бин Абдулазиз жаноби олийлари фармони билан масжидда қайта таъмирлаш ва кенгайтириш ишлари олиб борилган.

 

“Умар ибн Хаттоб” масжиди

“Абу Бакр Сиддиқ” масжидидан 10 м. узоқда жанубда жойлашган, ушбу  масжид узун айвон ва ҳовлидан иборат бўлиб, унинг қурилиш услуби “Фатҳ” жомеи сингаридир. Масжиднинг “Фатҳ” масжиди билан бирга қурилгани ва янгилангани ҳақида маълумотлар мавжуд.

 

Али ибн Абу Толиб масжиди

“Фотимаи Заҳро” масжидининг шарқий томонида жойлашган бўлиб, унинг баландлиги 8,5 м. ва эни эса 6,5 м.ни ташкил этади. Бу масжиднинг ҳам “Фатҳ” масжиди билан бирга қурилгани ва янгилангани ҳақида маълумотлар бор. Маълум қилинишича, Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) мана шу жойда “Аҳзоб” ғазотида хандақдан ўтишга ҳаракат қилаётган душман лашкаридан Амр бин Вуд Оъмирийни ўлдирган.

 

“Фотимаи Заҳро” масжиди

Тарихий манбаларда ушбу масжид Саъд бин Муоз масжиди деб ҳам юритилади. У мана шу 6 та масжидлар ичида энг кичиги саналиб, 3х4 м. майдонда барпо этилган. Масжид охирги марта Усмонийлар ҳукмдори Султон Абдулмасжид I даврида ҳижрий 1268 (милодий 1851) йилда қайта таъмирланган.

Юқорида зикр қилинган 6 та масжидларнинг барчаси ўзининг тарихий ҳолатини сақлаб қолган. Ҳозирда мазкур масжидлар янги кўринишда таъмирланган. Мадинаи Мунаввара шаҳри маъмурияти бу минтақани ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширди.

 

        Илёсхон АҲМЕДОВ,

Халқаро алоқалар бўлими ходими.

 

 

 

 

Read 9363 times

Мақолалар

Top