Мақолалар

Иккинчи даврдаги энг машҳур муфтийлар кимлар?

Иккинчи давр - Набий соллаллоҳу алайҳис-салом вафотларидан кейинги Ҳулафойи рошидинлар замонидаги саҳобалар даври.

Улар тўрт ҳалифа, улардан кейин Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос, Абдуллоҳ ибн Аббос, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумлардир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ҳам фатво сўраб мурожаат қилинадиган машҳур кишилар ушбу саҳобалар эди.

Мазҳаблар саҳобалар даврида яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайдо бўлди. Чунки айрим саҳобалар Абдуллоҳ ибн Аббосга ишониб у кишининг фатволарига суянар эди. Агар бирор иш уларга мавҳум бўлиб қолса у кишининг олдиларига борар эди. Бошқалар Зайд ибн Собитга орқа қилиб унинг фатволарига суянар эди.

Маълумки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишини мақтаганлар.

Бошқа саҳобалар эса ўзлари яшаган вақтдаги Расулуллоҳнинг (тўрт) ҳалифаларига суянишар эди. Бир киши келиб улардан, ҳукм олишда кимга суянасиз деб сўраса; "Менинг мазҳабим Абдуллоҳ ибн Аббоснинг мазҳаби, қачон менга бирор ишда муаммо бўлиб қолса у кишининг олдига бораман", - деб айтар эди. Бошқалари; "Менинг мазҳабим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳалифаси Умар ибн Хаттобнинг мазҳаби", дер эди.

Демак ўша даврда мазҳаблар бўлган.

Шундан биламизки, мазҳаблар тўрт имомлар; имом Абу Ҳанифа, имом Шофеий, имом Молик ва имом Аҳмадлар келганлиги сабаб зоҳир бўлган бидъат эмас.

Кўпчилик эҳтимол мана шу асрда «мазҳаблар Пайғамбар алайҳис-салом замонасида бўлмагани учун бидъатдир», деб эътиқод қилади.

Биз уларга жавоб бериб айтамизки; Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ижтиҳод бўлганми? ... Йўқ, у вақтда бўлмаган, ижтиҳод у зот алайҳис-саломнинг вафотларидан кейин пайдо бўлган.

Шундай экан уни ҳам бидъат дейишимиз ақлга тўғри келадими?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз сўзларини айтганларида бизларга тиниқ ва мусаффо нурни бериб кетганлар;

«Агар ҳукум чиқарувчи ижтиҳод қилиб муваффақиятга эришса унга икки ажр бор, агар хато қилса унга бир ажр бор».

Яъни ҳар қайси ҳолатда ҳам унга ажр берилган.

Демак ижтиҳод қонунан рухсат этилган шаръий кўрсатмадир.

Одамлар тоифаларга бўлинган вақтда улар ичида Қуръон ва суннатдан унинг дақиқ ва нозик усуллари билан ҳукм чиқариш даражасига етган уламолари бўлади ҳамда (ўрганишдан) ман қилган яшаш шароитлари ва улар билан бунга етишиш орасидаги ҳолатлар сабабидан ўрганишга тайёр бўлмаган кишилар бўлади.

Шундай экан диний мазҳабларга бўлинишнинг юзага келиши аниқ. Улар булардан - билмаганлар биладиган олимлардан - фатво сўраб келишлари аниқ нарса. Уламолар ҳар-ҳил бўладилар. Ҳамма ҳам мазҳабида ўзини ҳотиржам қилиб уни қониқтирадиган ўз замонасидаги фатво бера оладиган (олим) кишига мурожаат қилади. Бас шундан мазҳабларга бўлиниш пайдо бўлган.

Лекин мазҳаблар кўп бўлган, кейинчалик улар муҳим сабабларга кўра энг кам миқдордаги жамоага бирлашганлар. Бу ҳақида кейинроқ батафсил айтиб ўтамиз.

Саҳобайи киромлар вақтида -яъни иккинчи даврда - кейин пайдо бўлганлар каби насснинг сўзма-сўз маъносига тўхталиб оладиган ва ҳукмлар сабабларини тушунишдан фикрларини қулфлаб оладиган чегара билмас «экстримистлар» бўлмаган.

Саҳобалар орасида насс* билан маслаҳат** бир бирига ориз бўлиб қолган вақтда сабаб ва маслаҳатни нассга бўйсундиришда таъсир кўрсатадиган кишилар бўлмаган, бу ҳам чегара билмасликдир.

____

*Насс, шаръий насс - ҳужжат бўладиган матн.

**Маслаҳат, масолиҳул мурсала - яъни манфаат, ”қайдланмаган”, ”эркин манфаат”.

Имом Бутийнинг; «Мулаххасу мухозароти тарих ат-ташриъ ал-исламий» китобидан

Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.

 

Read 930 times

Мақолалар

Top