Мақолалар

Аллоҳ таолодан фазл сўраш

Подшоҳ вазиридан сўради: «Нега анави ходимимни ўзимдан кўра бахтиёрроқ юрганини кўраман? Ахир унинг ҳеч вақоси бўлмаса, менда бўлса бойлик, мол-мулк ва барча нарсанинг эгалиги бўлса? Яна мени кўнглим тўлмайди, инжиқ бўламан?

Вазир жавоб берди: «У билан «тўқсон тўққиз» қоидасини тажриба қилиб кўринг, тушуниб оласиз».
Подшоҳ: «Тўқсон тўққиз» қоидаси нима экан? дея сўради.
Вазир: «Тунда сездирмай келиб, ходимнинг уйи эшиги олдига тўқсон тўққиз динорни қўясиз ва бир парча қоғозга «мана шу юз динор сенга ҳадядир» деб ёзиб қолдирасиз. Секин эшикни қоқиб кетиб қоласизда, бир четдан нима бўлишини кузатиб турасиз», деди.

Подшоҳ вазирининг айтганини қилди ва четдан кузата бошлади. Ходим эшикни очди ва нарсани олиб, ундаги ёзувни ўқиди. Сўнгра динорларни санаб кўрди-да, «ҳойнаҳой, бир динор ташқарида тушиб қолган бўлса керак» дея оила аъзоларини ҳам уйғотиб чақирди ва ҳаммалари бирга кўчадан уни излашга тушишди. Тун ўтиб, тонг ҳам отдики, уни топа олишмади. Уйнинг эгаси етмаётган динорни топа олишмаганидан қаттиқ жаҳли чиқди ва уларни урушиб, заҳрини сочди.

Эртасига ходим туни билан ухламай пул қидириб чиққани учун ҳам ишга ҳаёли паришон ҳолда келди ва юзи буришган, қовоғи солиқ, аҳволидан нолиган ҳолда подшоҳнинг олдига рўбаро бўлди.

Ана шунда подшоҳ «тўқсон тўққиз»нинг маъносини англади.
Биз ана шундаймиз. Аллоҳ таоло бизга ато этиб қўйган тўқсон тўққиз неъматни унутамизда, ўша «йўқотилган» биттасини излаш билан умримизни ўтказиб қўямиз. Аллоҳ таоло бизга тақдир этмагани излаш билан ўтказиб қўямиз. Унинг ҳикматини англамаймиз, кўнглимиз тўлмайди ва ичида кўмилиб юрганимиз неъматларни эса унутамиз.

Бас, ундан кўра тўқсон тўққиз неъмат билан ҳузурларланинглар, улардан баҳраманд бўлинглар. Аллоҳдан Унинг фазлини сўранглар, асло санаб адоғига ета олмайдиганимиз, шукрини келтира олмайдиганимиз неъматларига шукр қилинглар.

«Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг» (Иброҳим сураси, 7-оят).

Read 987 times

Мақолалар

Top