Мақолалар

Китоб ўқиш умрни узайтирадими?

Китоб ўқиш ақлий салоҳиятимизни кучайтириб, тасаввуримизни бойитишини ҳаммамиз биламиз. Бу мароқли машғулот саломатликка ҳам ижобий таъсир этади.

АҚШнинг Yale University олимлари мутолаа ва инсон умри давомийлиги боғлиқлиги бўйича тадқиқот ўтказди. 12 йил давом этган ушбу илмий-текшириш ишида уч минг олти юзга яқин кекса ёшдаги эркак ва аёллар қатнашди. Улар орасида ашаддий китобсеварлар ҳам, китобни қўлига фақат уй йиғиштирганда оладиганлар ҳам бор эди.

Аниқланишича, мутолаани севадиган ва бу иш билан мунтазам шуғулланадиганлар бошқаларга нисбатан 2 йил кўпроқ умр кўрар экан. Ҳафтасига 3,5 соатини ва ундан кўпроқ вақтини ўқишга сарфлайдиган кексаларда ўлим хавфи яқин 12 йилда бошқа қарияларга нисбатан 20 фоизга кам бўлади.

“Кунига атиги ярим соат мутола қилиш умрингиз узоқ бўлишига катта таъсир кўрсатади”, дейди тадқиқот муаллифларидан бири Бекка Леви.

Қизиқ томони, “китоб терапияси” даромади, касб-кори, оилавий аҳволи, ирқи ва ҳаёти фаровонлигидан қатъи назар барчага бирдек фойдалидир. Бироқ тадқиқотчилар айнан китоб мутолаасига урғу беришяпти. Газета ва журнал ўқиш у қадар самарали эмас.
Мутолаа асабийлашишни камайтирувчи энг ўнғай усуллардан бири. У кундалик ташвишлардан узилиш имконини ҳам беради. Ўқиш мия узоқ вақт ёш бўлиб қолишига сабаб бўлади, миядаги асаб тизими алоқаларини кучайтириб, ақлий салоҳиятни орттиради.
Қарилик ва Алцгеймер хасталигини (хотирани йўқотиш) ортга суради. Бундан ташқари, мутолаа сиқилишни енгишда қўл келади, муомала-муносабат қобилияти ривожланишига, ижодий имкониятлар кенгайишига ижобий таъсир кўрсатади.

Китоб ўқишнинг юқорида саналган фойдалари олимларга кўпдан аён эди. Yale University мутахассислари унинг бошқа бир муҳим қирраси – узоқ умр кўришга сабаб бўлишини аниқлади. Тўғри, узоқ яшаш жуда кўп омилларга боғлиқ. Лекин инсон ўзига берилган умрни мазмунли, арзирли тарзда ўтказиши ҳам керак. Бу борада мутолаа энг яхши кўмакчидир.

Read 1441 times

Мақолалар

Top