Мақолалар

Юзларида сажда излари бор

Давоми... 

Муфассирларимиз айтишади: «Аллоҳ таоло Ҳабибимизнинг муборак исмлари­ни Оли Имрон сураси 144; Аҳзоб сураси 40; Муҳаммад сураси 2- ва Фатҳ сураси 29-оятларида зикр қилиш баробарида у зотга Каломуллоҳнинг 13 ўрнида “Эй Набий”, 2 ўрнида “Эй Расул!” деб мурожаат қилган. Аслида, юксак эҳтиромга сазовор кишига исми билан эмас, балки унинг унвони, да­ражаси ва мавқеи билан хитоб қи­линади.
Бундан ташқари, Қуръони каримда буй­руқ майлида келган барча ҳукм оятлари бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал­ламга мурожаатдир. Шу орқали у зот­нинг ум­матларига таълим берилган. Охир замон умматини эса Аллоҳ таоло бошқа умматлардан улуғлаб, мақтаган: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз» (Оли Имрон сураси, 110-оят). Бу ҳам аслида Пайғамбаримиз алайҳиссаломга берилган таърифдир: у зотнинг умматлари энг яхши уммат экан, ўзлари энг улуғ набийдир.
Аллоҳ таоло Қуръони карим­да сўнгги ум­матга 90 ўринда “Эй имон келтир­ганлар!” деб мурожаат қилган. Демак, инсонларнинг “Эй имон келтирганлар!” деган шарафли номга са­зовор бўлишларида Набий алай­ҳиссаломнинг рисолатлари асос бўлган.
Оятдаги “У билан бирга бўлган (мўмин)­лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мў­­минларга нисбатан) эса раҳм-шафқат­ли­дирлар” жумласидан мурод Расулуллоҳнинг тўрт рошид халифа­си – Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розийаллоҳу анҳумдир. Ҳа­қиқатан, ҳазрат Абу Бакр ро­зийаллоҳу анҳу Маккадан Мадинага ҳижрат асносида Савр ғорида Набий алайҳиссалом билан бирга бўлди, кейин ҳам кўп вақтини коинот султони билан бирга ўтказди. Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу кофирларга жуда қаҳрли, ҳазрат Усмон ро­зийаллоҳу анҳу мўмин-му­сулмонларга раҳм-шафқатли эди. Ҳазрат Али розийаллоҳу анҳу эса кўп руку-сажда қиладиган, яъни ибодатга берилган зот эди (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин).

Давоми бор...

Read 1541 times

Мақолалар

Top