Мақолалар

Дуо ижобат бўладиган соат

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунини зикр қилдилар ва: «Унда бир соат борки, қайси бир мусулмон банда ўша соатда намоз ўқиб туриб, Аллоҳдан бирор нарса сўраган ҳолида тўғри келса, У Зот унга ўшани албатта бергай», – дедилар ва қўллари билан у (соат)нинг озлигини кўрсатдилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ўша (соат) имом (минбарга) ўтирганидан бошлаб намоз ўқиб бўлингунича», – деганларини эшитдим».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Жумада бир соат бордир. Банда унда Аллоҳдан нимани сўраса, Аллоҳ уни албатта берур», – дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у қайси соат?» – дейишди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намозга иқомат айтилганидан бошлаб, уни тугатгунича», – дедилар».

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жума куни икки соатдир. Қайси мусулмон ўша соатлардан бирида Аллоҳдан бирор нарсани сўраган ҳолда топилса, Аллоҳ азза ва жалла унга ўша нарсани берур. Уни асрдан кейинги охирги соатдан изланглар, – дедилар».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума кунидир. Одам шу куни яратилган. У шу куни жаннатга киритилган, шу куни жаннатдан туширилган. Унда бир соат борки, қайси бир мусулмон банда ўша соатда намоз ўқиб, Аллоҳдан бирор нарса сўраса, Аллоҳ унга сўраган нарсасини албатта берур», – дедилар».

Абу Ҳурайра айтади: «Абдуллоҳ ибн Саломни учратиб, унга ушбу ҳадисни зикр қилдим. У менга: «Мен ўша соатни биламан», – деди.

«Менга унинг хабарини бер. У ҳақда менга бахиллик қилма», – дедим.

«У (соат) асрдан сўнг қуёш ботгунча», – деди.

«Қандай қилиб асрдан кейин бўлиши мумкин? Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон банда ўша (соат)ни намоз ўқиган ҳолида топса», – деганлар-ку? Мазкур соатда намоз ўқилмайди-ку?!», – дедим.

Абдуллоҳ ибн Салом: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозга интизор бўлиб ўтирса, намозда бўлади, демаганларми?» – деди. «Ҳа», – дедим. «У худди шунинг ўзи», – деди».

Термизий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Икковлари:

«У қуёш ботишидан олдинги охирги соатдир», – деганлар.

«Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар» китобидан

Read 1574 times

Мақолалар

Top