Мақолалар

Сени тинглаётганимни кўрганингда эди!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кеча қоронғу эди. Осмондаги зулматни парчалаб ташлайдиган ой ҳам кўринмасди. Ҳали шаҳарлар нур кўрмаган. Аммо гўшт ва қондан иборат бир Ой Мадина кўчаларида қадам ташлаб борарди. Бу ой Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар!


Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг уйда Қуръон ўқиётганини эшитиб қолдилар. Унинг овозидан завқландилар. Абу Мусо қироатини тугатгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлларида давом этдилар.


Эртаси эрталаб уни учратганларида:
– Эй Абу Мусо! Кеча кечқурун сенинг қироатингни эшитаётганимни кўрганингда эди! Сенга Довуд оиласининг найларидан бири берилибди!-дедилар.


Абу Мусо розияллоху анху айтди:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Сизнинг эшитаётганингизни билганимда янада чиройлироқ ўқиган бўлар эдим!


Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Қуръонни бевосита Жаброил алайҳиссаломдан олган бўлсалар-да, тўхтаб уни эшитдилар. Бу нарса у зотнинг қалбларида ўчмас нақш бўлиб жой олди. Сўнгра тонгда Абу Мусони мақтадилар. Унга овози чиройли эканини айтдилар. Довуд алайҳиссалом оиласининг овозига ўхшашлигини билдирдилар. Ҳа! Довуд алайҳиссаломнинг! Довуд алайҳиссалом тасбиҳ айтсалар, тоғлар, қушлар Яратувчисининг амри билан у зотга қўшилиб айтар эди: «Эй тоғлар! У билан бирга тасбиҳни қайтаринглар ва қушлар ҳам!»


Бошқаларнинг иқтидорини мақташ пайғамбарлар одобидандир. Мусо алайҳиссалом олдинроқ Аллоҳ таолога шундай деган эдилар: «Биродарим Ҳоруннинг тили меникидан кўра бурро!»


Бошқалар хислатини инкор қилиш, ўзини асрининг ягонаси, яктоси деб билиш иблиснинг хулқидир. Иблис Одам алайҳиссаломга сажда қилишга амр қилинганида, «мен ундан яхшироқман», деган эди.


Масалан, бир маърузани эшитсангиз, у сизга ёқса, ўша маърузачига раҳмат айтиб қўйишингиз сизнинг самимиятингизга далолат қилади. Инсонлар қанчалар юқори кўтарилишмасин, қанчалар муваффақиятга эришмасин, барибир мақтовни яхши кўришади. Қўлингизда ишлайдиган ишчингиз бирор ишда муваффақиятга эришса, уни мақтаб қўйинг. Доим хатони кўраверишимиз айбдир. Акс ҳолда, фақатгина ахлат тепасига қўнадиган пашшага ўхшаб қоламиз. Биз гулларгагина қўнадиган асаларига ўхшамоғимиз лозим!


Зиёфатга борганингизда барча нарсани тартиб билан қўйилганини кўрсангиз, овқатлар ширин бўлса, уй соҳибига чиройли зиёфат учун миннатдорчилик билдириб қўйинг. Ширин овқатларни ҳозирлаган унинг аҳлини дуо қилинг. Улар кўринмаса-да, гўзал ишларни амалга оширадиган номаълум аскарга ўхшашини айтинг!


Булардан ҳам афзали ҳамкасбларингизни, сиз каби маҳоратга эга бўлганларни ютуққа эришганларида мақташингиздир. Масалан, ёзувчи бўлсангиз ва бошқа бир ёзувчининг яхши бир китобини ўқисангиз, уни муаллифига мақтаб қўйинг!


Агар муваффақиятга эришган амалдор бўлсангиз ва ҳамкасбингиздан ажойиб фикр эшитсангиз, уни мақтаб янада шижоатлантириб қўйинг. Чунки халқлар ўзаро меҳр билан оёққа туради, уруш-жанжал билан эмас. Ҳар бири эрининг қалбига эгалик қилмоқчи бўлган кундошлар каби бўлмаслигимиз керак. Шерик бўлишимиз, бир- биримизни қўллашимиз лозим!


Аёллар бошқа бир қўшни аёлнинг уйига борганида, унинг уйидаги тартиб-интизомни кўрганида ёки ширин овқатлари мазасини тотганида уни мақтаб, ўз ишида моҳирлигини айтиб кўйиши керак. Барчамиз ўзимиз бажарган гўзал ишлар учун мақтовли сўзлар эшитишни яхши кўрамиз!


Инсонлар йўқлигида уларнинг гўзал хислатларини мақташ аслзодаликдир. Нима учун доим ҳузуримизда бўлмаганларнинг патини юламиз?! Уларнинг салбий томонини гапирамиз?! Инсонларнинг яхши хислатлари ҳам бор. Ана ўшаларни гапирайлик!


Мусо алайҳиссалом акалари Ҳорун алайҳиссаломнинг хислатлари ҳақида мақтовли сўзларни айтганларида Аллоҳ билан гаплашаётган эдилар. Ваҳоланки, Аллоҳ Ҳорун алайҳиссаломни у кишидан кўра яхшироқ билади. Энди сиз бир киши ҳақида уни танимайдиган кишига яхши сўзларни гапирсангиз, бу қандай ҳам гўзал!


«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

 

Read 1442 times

Мақолалар

Top