Мақолалар

«Мен яқиндирман»

Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман. Бас, Менга ижобат қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар. Шоядки, тўғри йўлни топсалар.

Ибн Аби Ҳотим ривоят қилишларича, бир аъробий (саҳролик араб) келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Роббимиз яқинми, муножот қилсак ёки узоқми, нидо қилсак?!» деганида, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом сукут сақлаб туриб қолганлар. Шунда Аллоҳ таоло: «Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар» оятини нозил қилган экан.

Бу оятда Аллоҳ таоло Ўз бандаларига яқин эканини баён қилмоқда. Ҳадис имомлари Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам шу маъно бор. У киши айтадилар:

«Пайғамбар алайҳиссолату вассалом билан ғазотда эдик. Тепаликка чиқсак ҳам, пастликка тушсак ҳам, баланд овоз билан такбир айтиб борар эдик. У зот бизга яқинлашиб келдилар-да:

«Эй одамлар, ўзингизга раҳм қилинг. Сиз карга ёки ғойибга дуо қилаётганингиз йўқ, балки эшитувчи, кўрувчи Зотга дуо қиляпсиз. Сиз дуо қилаётган Зот сизга минган уловингизнинг бўйнидан ҳам яқин», – дедилар».

Мулоҳаза қилинса, оятда бандалар Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломнинг олдиларига келиб, Аллоҳ таоло ҳақида сўраяптилар.

«Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман».

Жавоб эса бевосита Аллоҳдан бандаларига бўлмоқда. Одатдагидек, «Уларга айт», деб Набий алайҳиссаломни восита қилмаяпти. Шу нозик нуқта ҳам Аллоҳнинг Ўз бандаларига яқин турганлигини кўрсатади. Худди шу маъно кейинги жумлада ҳам бор:

«Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман».

«Дуосини эшитаман, ҳисобга оламан», эмас, «ижобат қиламан», – деяпти. Бу ҳам бандаларни Аллоҳга кўпроқ дуо қилишга қизиқтиради. Аллоҳ таоло томонидан шундай яқинлик, ҳозиржавоблик бўлиб турганда, бандадан ҳам шунга яраша ҳаракат бўлиши керак. Улар ҳам Аллоҳнинг чақириғига «лаббай» деб жавоб бериб, унга иймон келтириб, итоат қилмоқлари лозим:

«Бас, Менга ижобат қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар».

Бандалар ижобат қилиб, иймон келтирсалар, кимга фойда бўлади? Баъзи ҳолларда одамлар буни тўғри тушуна олмай қоладилар. Аллоҳ таоло ушбу оятда Аллоҳнинг даъватига истижобат қилиш, иймонга келиш банданинг ўзига фойда келтиришини таъкидлайди:

«Шоядки, тўғри йўлни топсалар».

Ҳожатларнинг барчасини Аллоҳ таолодан сўраш, Унга ҳамиша илтижода бўлиш мўмин банданинг доимий ишига айланиши керак. Дуо ибодатларнинг мағизи ҳисобланади. Набий алайҳиссаломдан дуо ҳақида кўплаб ҳадислар келган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот:

«Мусулмон одам гуноҳ ва қариндошларига ёмонлик қилмай туриб дуо қилса, унга Аллоҳ уч ҳислатдан бирини беради: сўраган нарсасини тезда беради. Ёки охиратга сақлаб қўяди. Ёки сўралган нарса миқдоридаги ёмонликни ундан қайтаради», – деганлар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан имом Аҳмад ривоят қиладиларки, Набий алайҳиссалом:

«Қалблар идишга ўхшайди. Баъзилари баъзисидан кўпроқ жойлаштиради. Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди», дедилар.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Агар банда шошилмаса, дуосига ижобат бўлади. «Дуо қилдим, қабул бўлмади», – демасин», – деганлар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)

Read 1323 times

Мақолалар

Top