Мақолалар

Унутманг: Аллоҳ сабрлилар билан биргадир!

Мусибатга учраган банда дарҳол Аллоҳни эслаши, бу дунё ўткинчи ва вақти келиб ҳамма Оламлар Робби ҳузурига қайтишини ёдга олиши маҳбуб амаллардан саналади. Сабр – инсонни дунё ва охиратда энг баланд даражага кўтаради. Албатта, сабрлиларнинг мартабаси Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ва олийдир. Бу абадий роҳатга олиб борувчи йўлдир.

Умар розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Биз ҳаётда яхшиликларга сабр билан эришдик” (Имом Бухорий, Имом Аҳмад ва Имом Ибн Муборак ривояти).

Сабр барча муваффаққиятлар гарови, ютуқлар калитидир. Банда ҳаётда ҳар бир натижага фақат сабр туфайли эришади. Сабрсизлик, шошқалоқлик кишини манфатлардан маҳрум қилади.

 Аллоҳ таоло бандаларини кўплаб оятларида сабр қилишга амр қилган: “Сабр ва салот (намоз уқиш) билан мадад сўранглар...” (Бақара сураси, 45-оят). “Эй мўминлар, сабр қилиш ва намоз ўқиш билан (Мендан) мадад сўранглар! Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир” (Бақара сураси, 153-оят).

Сабр билан қилинган ибодатлар бандага қабрда ва қиёмат кунида зиё бўлади, иши енгил кечишга сабаб бўлади. Сабр билан ўқилган намоз банда қалбини ёритади, руҳини енгил, қалбини пок ва ўзини чин мўминга айлантиради.

Сабр ҳақида Қуръони каримда  84 ўринда зикр қилинган. Аллоҳ таоло Каломи шарифида пайғамбарларига берилган синовлар хабарини беради.

 Ўз ўғлини бўғизлашдан ҳам ортиқроқ мусибат борми?! Иброҳим алайҳиссалом Ҳақ таоло буйруғига итоат қилган ҳолда ўғлини қурболик қилишга жазм килди. Шунингдек, ўғли Исмоил алайҳиссалом ҳам бу синовга сабр қилди, Аллоҳнинг амрига таслим бўлди. Буларнинг сабрлари натижаси ўлароқ Аллоҳ улкан бир қуйни қурбонлик учун берди ва бу одат Қиёматга қадар мусулмонлар учун суннат амал бўлиб қолди.

Юсуф алайҳиссалом Азизнинг хотини Зулайҳо билан имтиҳон қилинди. Юсуф алайҳиссалом ёш, бақувват ва серғайрат ҳамда ҳаддан ортиқ гўзал келишган йигит эди. У зот учун фаҳш ишни қилиш учун барча шароит бор эди. Мансабдор, соҳибжамол Зулайҳо уни ҳеч ким йўқ уйга чорлаб, эшикларни тамбалаб, зинога чорлаганида Юсуф алайҳиссаломнинг иймони бу маъсиятни қилишга тўсқинлик қилди.

Айюб  алайҳиссаломни касаллик билан синалганида у сабр қилган, ҳатто ҳолидан шикоят қилиб, шифо сўраб дуо қилмаган.

Абу Умома розиялллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Аллоҳ таоло: “Эй Одам боласи, агар мусибатнинг илк дақиқаларида сабр қилсанг ва (Мендан) савоб умидида бўлсанг, у ҳолда сен учун жаннатдан бошқа мукофотга рози бўлмайман”, дейди” (Ибн Можа ривояти).

Аллоҳ таоло томонидан “банда учун жаннатдан бошқа мукофотга рози бўлмайман” дейилиши жуда катта гап. Бу сабрлиларга жаннат вожиб бўлишига далолат қилади. Зеро, Ҳақ таоло бандани  жаннатга киришига амр этаркан, бунга ҳеч ким ва ҳеч нарса тўсқинлик қилолмайди.

Сабр-тоқат туфайли жаннатга киришнинг бир нечта шартлари бор:

- мусибатнинг илк дақиқаларида сабр қилиш;

- сабр қилгани учун Аллоҳдан савоб умидида бўлиш;

- шикоятни тарк қилиш.

Мусибатнинг илк дақиқаларида банданинг ҳолатига қараб ким тақдирдан рози ёки норозилиги маълум бўлади. Ким Аллоҳнинг қадарига рози бўлса, мусибатга сабр қилса, Аллоҳ ҳам ўша бандадан рози бўлади. Қайси банда тақдиридан норози бўлса, Аллоҳ ундан ғазабланади.

Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарлари сабр-қаноатда инсониятга ибрат бўлишган. Энг суюкли фарзандидан айрилган Яъқуб алайҳиссалом, туҳмат ва фитна туфайли узоқ вақт зиндонбанд қилинган Юсуф алайхиссалом, Аллоҳ юборган машаққат, дард-офатларига кўнган Айюб алайҳиссалом, золим Фиръавннинг чидаб бўлмас азоб, камситиш, хўрлаш-қийноқларига дош берган Мусо алайҳиссаломларнинг буюк сабрлари инсониятга ибрат ўлароқ тарих саҳифаларида қолган. Аллоҳ таоло охирги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам, у зотдан олдин ўтган барча элчиларини ҳам ваҳийни етказишда инсонларни иймонга чақиришда бошларига тушаётган машаққат ва озорларда сабр кўрсатишга буюрган.

Сизни қуйидаги оятга бутун қалбингиз билан аҳамият беришга чақираман. Бу оятнинг маъноларини яхшилаб тадаббур қилинг: “(Эй Муҳаммад!) Менинг иймон келтирган бандаларимга айтинг: “Парвардигорингиздан қўрқингиз! Бу дунёда эзгу иш қилган зотлар учун (охиратда) чиройли (оқибат - жаннат) бордир. Аллоҳнинг Ери кенгдир. Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур” (Зумар сураси, 10-оят).

Эй азизларим, бу оят кимнинг қалбини ларзага солди?! Бу оят қалбга жойлашгач, сабрнинг ҳаловати юзага чикади!

Аллоҳ сизни севишини хоҳлайсизми? Унда сабр қилинг. “Аллоҳ (эса) сабрлиларни севар (Оли Имрон сураси, 146-оят).

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Албатта, кимки (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир” (Шуро сураси, 43-оят).

Субҳаналлоҳ! Сабр қиласиз ва Аллоҳнинг мағфиратига эришасиз! Хўш, энди сабр қиласизми? Бунинг ҳикмати шуки, Аллоҳ сабрлилар билан бирга, Унинг севгиси, башорати, дунё ва диндаги раҳнамолик сабрлилар учундир.

Қўлингизда фурсат бор экан, сабрли бўлиб икки дунё саодатига эришинг!

Аллоҳ таоло барчамизни сабрлилар қаторида бўлиб жаннатга мушарраф бўлишни насиб айласин!

Сурхондарё вилояти вакили ўринбосари

Денов тумани бош имом-хатиби

Дилмурод домла Давлатов тайёрлади.

Read 1590 times

Мақолалар

Top