Мақолалар

Селфининг таъсири жуда ёмон

Сўнгги пайтларда дунёда селфи эпидемияси кенг тарқалиб, бу машғулот шу даражага етдики, селфи олишни ўргатадиган махсус сайтлар пайдо бўлди.

Инсонлар яқин-яқингача шахсий ҳаётини ўзгалар назаридан яширар, бу борада жуда эҳтиёткор бўларди. Афсуски, бугунги кунда бу манзара ўзгарди. Технологиялар ривожи инсониятнинг асрлар оша яшаб келган қадрияту маданиятларига таъсирини ўтказди. Эндиликда одамлар нафақат ўз-ўзини ҳурмат қилишни, ҳатто шахсий ҳаётнинг қадр-қимматини ҳам унутмоқда. Манманлик, худбинлик авж олиб, ҳамма ўзи ҳақида бутун дунёга жар солишга тайёр. Нима қилса ҳам, тезроқ машҳур бўлиш, ҳамма у ҳақда гапиришини истайди.

Мутахассисларнинг фикрича, кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва селфи ихлосмандлари руҳий касалликлардан азият чекаётирлар. Селфига берилиш хулқ-атворга салбий таъсир этади.

Хўш, динимизда селфига муносабат қандай? Умра ва ҳаж зиёратига борганларнинг аксарияти хотира учун Каъба фонида ўзларини суратга олади. Бунда, бир қараганда, ҳеч қандай иллат йўқдек. Аммо...

Маккада Каъба атрофида одамлар тавоф қилаётганларида селфи олиш издиҳом ҳосил бўлишига олиб келади ва кўплаб муаммоларни туғдиради. Масжидул Ҳаром ходими бундай дейди: “Кейинги йилларда зиёратчилар орасида селфига тушиш одат тусига кириб бормоқда. Зиёратчилар кишиларга озор бермаган ҳолда суратга олса, зарари йўқ. Бироқ бугун айрим инсонлар жума намози пайтида имомни тинглаш ўрнига ибодат қилувчиларни суратга олишни ёки селфи қилишни афзал кўради. Улар бу ҳаракати билан ўзгаларнинг ғашига тегаётганини ёки озор бераётганини

тушунмайдилар”.

Ибн Лубайд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардаги энг хавфсирайдиган нарсам махфий ширкдир», дедилар. Шунда саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, махфий ширк нима?» деб сўрашди. У зот бундай дедилар: «Бу риёдир. Қиёмат куни одамлар ўз амаллари билан келишганида Аллоҳ таоло: “Дунёда риё қилганларингизнинг олдига боринглар. Назар солинглар-чи,

уларнинг олдида мукофот бормикин?” дейди» (Имом Аҳмад ривояти).

Селфи кишига қувонч улаша олмайди, у фақат ҳиссиётни акс эттириши мумкин, холос. Муқаддас жойларда бебаҳо онларни беҳуда ишлар билан ўтказиш зарардан бошқа нарса эмас. Бу ҳаракатларимиз билан ибодатларимиз риёга айланиб қолади.

Қисқаси, ҳар бир инсонда тан олиниш ва қадрланиш истаги бор. Аммо бунга фотосуратлар ёки селфи орқали эришилмайди. Чин мўмин Яратгувчининг розилигига эришишга интилиши керак, ўзгаларнинг лайкларига эмас!

 

Абдуллоҳ МУСЛИМОВ

 "Мўминалар", 3-сон, 2023

Read 1168 times

Мақолалар

Top